Hasip

Ҳасип — сўйилган қўй ёки қорамолнинг ичагига гўшт, жигар, қораталоқ кабиларнинг қиймаси ва гуруч аралаштириб солиниб, қозонда қайнатиб ёки қасқонда димлаб тайёрланадиган таом[1].
Тўй, байрам дастурхонига, азиз меҳмонларга атаб тайёрланадиган ушбу тансиқ таом узоқ ўтмишда келиб чиққан бўлиб, барча шаҳар ва қишлоқлар ошхоналарида унутилмай сақланиб келади. Қўй ичагига яхшилаб ийланган тухум билан пиширилган гуручни солиб ,,тухум ҳасипи”, махсус усулда тайёрланган ,,димлама ҳасип”; ивитилган гуруч билан қора жигар аралашмасидан пиширилган ,,гуруч ҳасип”лар ҳозиргача севимли таомлар ҳисобланади[2].
Турлари
Ҳасипнинг одатий ҳамда димлама ҳасип, туйма ҳасип, очиқ ҳасип каби турлари мавжуд. Ҳар бири ўзига хос усулда тайёрланади.
Тайёрланиши
Ҳасип (оддий) тайёрлаш учун қўй ва молнинг ёғли ичаги зарур бўлади. Ичакни ағдариб илиқ сувда туз ишқаб бир неча бор ювилади. Шиллиқ моддаси, қўланса ҳидидан халос қилиш учун бир неча соат ийланган қатиққа ёки зардобга ботириб қўйилади. Агар зардоб ҳам, қатиқ ҳам бўлмаса унда лавр япроғи, қалампир мунчоқ солиб қайнатилган ва совутилган, маргансовка эритилган сувга ботириб қўйилади (3 литр сувга 3-4 лавр япроғ и, 5-6 дона қалампир мунчоқ ва марганцовка кристалидан жуда оз миқдорда: пичоқ учида олинганининг 1/3 қисми). Қатиқда ҳам, қайнатмада ҳам 2 соат ивигандан сўнг ичак олиниб яна бир неча бор яхшилаб ювилади ва бир учи арқоқ ипда чигилади ва ичига тайёр қийма солиш керак. Қиймасини қуйидагича тайёрланади: лаҳм гўшт, ўпка, талоқдан олиб гўштқиймалагичдан ўтказамиз, қиймага майда чопилган пиёз, ювилган гуруч қўшасиз, туз ва мурч сепиб, сув қуясиз-да яхшилаб аралаштирамиз. Ичакнинг боғланмаган томонига варонка қўйиб ҳалиги суюқ қиймани қуямиз ва бу учини ҳам боғлаб, совуқ сувли идишга солиб аста қайнатилади. Қайнаб чиқиши билан ҳасипнинг бир неча жойига игна урилади, акс ҳолда ёрилиб кетиши мумкин. Ўртача оловда 1 соатча қайнагандан сўнг пишади. Тайёр ҳасипни қозондан олиб ҳавода совутамиз. Дастурхонга тортишда яхши қотган бўлса, эни 2-3 см келадиган парракларга, унча қотмаган бўлса, сал узунроқ 6-8 см ли бўлакларга кесамиз-да, лаганга ё ликопларга солиб зираланган пиёз билан бирга келтирамиз.
Кўриниши: сиртида ёғ тугунчалари бор ичак ичида пишган гуруч ва гўшт бўлакчалари.
Мазаси: ичак, ўпка, гўшт, қоражигар, гуруч ва пиёзнинг бирикма лаззати. Ичидаги мурч ва юзига сепилган зирали пиёз ҳиди иштаҳа очади.
Керакли масаллиқлар: 1 метр қўйнинг ёғли ичагига битта талоқ (қора жигар), 200 гр ўпка, 200 гр лаҳм гўшт, 1 стакан гуруч, 2 бош пиёз, 2 стакан илиқ сув керак. Туз ва мурч та’бга кўра. Зирали пиёз учун эса 2 бош майин тўғралган пиёз, пичоқ учида мурч ва зира керак бўлади.
Димлама ҳасипнинг тайёрланиши ҳам, рецепти ҳам дастурхонга тортилиши ва парҳезлик хосиятлари худди оддий ҳасипдагидек. Фарқи шуки, бу тансиқ таомнинг пиширилиши мантиқасқонда бажарилади. Қайнаб чиққач, ҳасипнинг бағ рига иссиқ ўтганда бир неча жойига игна урилади. Пишиш муддати 45-50 минут. Қасқон остидаги бўлимига суякларни ва тўғралган пиёз солиб қайнацангиз яхшигина шўрва бўлади. Буни иссиғида қатиқлаб, райҳон, кашнич билан дастурхонга тортамиз. Ҳасипни эса ҳавода совитиб яхна овқат тарзида берилади.
Керакли масаллиқлар: 1 метр қўйнинг ёғли ичагига битта қора жигар, 200 гр ўпка, 200 гр лаҳм гўшт, 1 стакан гуруч, 2 бош пиёз, 2 стакан илиқ сув, туз ва мурч та’бга кўра олинади. Шўрвасига қиймадан ажраган суяк, 10 гр думба ёки чарви ёғ, 2 бош пиёз, туз эса та’бга кўра.
Туйма ҳасип. Қўй ёки молнинг қора кесак гўштидан шапалоқдек кесиб олиб туз ва зира сепилади ва майда тўғралган пиёз билан бирга келига солиб туйилади. Гўшт эзилиб қиймасимон бўлганда олиб, чарви ёғидан майда тўғраб, мижиб аралаштирилади. Сўнгра бундан бўлакчалар узиб олиб оштахта устида бодрингга ўхшатиб думалатилади. Ичакни тайёрлаб, ичига ҳалиги бодринг тахлит юмалатилган гўштни солинади, тўлгач пуч қолган ораларига илиқ сув қуйиб тўлатилади-да арқоқ ип билан маҳкам чигилади. Буни совуқ сувли қозонга солиб аста қайнатиб пиширилади. Пишиш муддати 1 соат. Тайёр бўлгач, олиб ҳавода совитилади ва кесиб лаганга (ликопчага) тузаб зира пиёз билан бирга дастурхонга тортилади.
Кўриниши: ичак ичида пишган қора гўшт, онда-сонда оқёғи ҳам кўринади. Бу худди қазини эслатади, бироқ ундан ингичкароқ.
Мазаси: чайнарли, гўшт, ёғ, пиёз ва зиранинг умумий лаззати.
Керакли масаллиқлар: 1 метр қўйнинг ёғли ичагига 600 гр лаҳм гўшт, 100 гр чарви ёғ , 2-3 бош пиёз, зира билан туз эса та’бга кўра олинади.
Фойдали хусусиятлари
Умуман, ҳасип халқ табобатида ошқозон, ичак, талоқ ва жигар хасталикларига парҳез қилинган. Дарҳақиқат, ҳасип кўнгилга урмайдиган ва тез ҳазм бўладиган таомдир. Гўштли таомларнинг фойдали хусусиятлари азалдан э’тироф этилган. Гўшт оқсил – инсоннинг мия нейронларини озиқлантирувчи энг муҳим модданинг манбайидир[2].
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |