Ҳайдалма ер, экин ер — мунтазам ҳайдаладиган ва фойдаланиладиган, одатда турли экинлар экиладиган қишлоқ хўжалиги ерлари (қаранг Ер фонди). Суғорма деҳқончилик минтақасида Ҳайдалма ер доимий суғориладиган, шартли суғориладиган ва лалмикор ерларга бўлинади. Доимий сугориладиган Ҳайдалма ер да экиннинг сувга талаби вегетация мобайнида тўла таъминланади. Шартли сугориладиган Ҳайдалма ерда ўсимликларнинг сувга бўлган талаби қисман (70% гача) қондирилади. Лалмикор ерлар ёғинлардангина таъминланади. Ўзбекистонда сув таъминотининг яхшиланиши ва ерларни ўзлаштириш ҳисобига суғориладиган Ҳайдалма ерлар майдони ортиб, шартли суғориладиган ҳамда лалмикор ерлар майдони камайиб бормоқда. Суғориладиган Ҳайдалма ер партов, фойдаланилмайдиган ва бошқа ерларни ўзлаштириш ҳисобига ҳам кўпайди. Турли мақсадлар, айниқса, қишлоқ хўжалигига боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун қишлоқ хўжалиги ерларидан ер ажратиш Ўзбекистон Республикасининг Ер Кодекси (1998, 30-апрел) билан тартибга солинади. Ўзбекистон Республикасида жами қишлоқ хўжалиги ерлари 26753,6 минг га, шундан Ҳайдалма ер майдони 4056,6 минг га ни ташкил этади (2005). 2004-йилда барча тоифадаги хўжаликларда қишлоқ хўжалиги экинлари 33691,5 минг га майдонга экилди.