Hayvonlar
Ҳайвонлар, ҳайвонот дунёси — органик олам системасидаги йирик бўлимлардан бири. Ҳайвонларнинг бундан 1 — 1,5 миллиард йил илгари океан сувида микроскопик, хлорофиллсиз амёбасимон хивчинлилар шаклида пайдо бўлгани тахмин қилинади. Ҳайвонларнинг энг қадимги қазилма қолдиқлари ёши 0,8 миллиард йилдан ошмайди. Кўп ҳужайрали ҳайвонлар — бўшлиқичлилар, чувалчанглар, тубан бўғим-оёқлиларнинг дастлабки қолдиқлари сўнгги кембрий қатламларидан бошлаб (мил.дан 690–570 миллион йил аввал) учрайди. Кембрий даври бошларида (мил.дан 570–490 миллион йил аввал) ташқи минерал скелетли (чиғаноқли ёки хитинли) денгиз умуртқасизларининг кўпчилик гурухлари (трилобиталар, жабраоёқлилар, моллюскалар, археоциатлар) ривожланган. Кембрийнинг охирида ташқи скелетга эга бўлган умуртқасизлар (тўгарак оғизлиларцҳт қадимги аждодлари) келиб чиққан. Силурда (мил.дан 445–400 миллион йил аввал) ҳайвонлар ўсимликлар билан бир вақтда қуруқтик юзасини эгаллай бошлайди. Силурнинг кейинги даврида, дастлабки чаёнлар, девон охиридан бошлаб (мил.дан 400–345 миллион йил аввал) дастлабки қуруқликда яшовчи умуртқалилар — сувда ҳамда қуруқликда яшовчилар ривожланган. Карбон даврида (мил.дан 345–280 миллион йил аввал) қуруқликда умуртқасизлардан ҳашаротлар, умуртқалилардан тубан тузилишга эга бўлган судралиб юрувчилар ва сувда ҳамда қуруқликда яшовчилар, Мезозойнинг триас, юра ва бўр даврларида (мил.дан 230–66 миллион йил аввал) судралиб юрувчилар ҳукмронлик қилган. Триас ўрталарида (мил.дан 230–195 миллион йил аввал) динозаврлар, бу давр охирида сут эмизувчилар келиб чиққан. Қушлар юра даврининг охиридан (мил.дан 195–136 миллион йил аввал) маълум. Бўр даврининг охирига келиб (мил.дан 136– 66 миллион йил аввал) кўпчилик денгиз умуртқасизлари, денгиз ва қуруқликда яшовчи судралиб юрувчилар, жумладан динозаврлар қирилиб кетади; улар ўрнини қушлар ва сут эмизувчилар эгаллайди.
| Ҳайвонлар | |
|---|---|
|
| |
| Бинар номи | |
|
(Линнаэус, 1758-йил) | |
| Синонимлари | |
|
Ҳайвонлар — гетеротроф организмлар, яъни улар тайёр органик моддалар билан озиқланади. Ҳайвонларда метаболизм фаол кечиши туфайли уларнинг ўсиши чекланган. Эволюция жараёнида ҳар хил органлар функсионал системаси: мускул, айириш, нафас олиш, қон айланиш, жинсий ва нерв системаларининг шаклланиши ҳайвонлар учун хос бўлган энг муҳим хусусиятлардан ҳисобланади. Ҳайвонлар ҳужайраси қаттиқ селлюлоза қобиқнинг бўлиши билан ўсимликлардан фарқ қилади. Бироқ ҳайвонлар билан ўсимликлар ўртасидаги фарқ нисбий. Масалан, бир ҳужайрали ҳайвонларнинг мускул, нерв ва бошқа системалари бўлмайди; кўп ҳужайрали ҳайвонлар орасида ҳам ўтроқ яшайдиганлари кўп (масалан, ғовактанлилар, бўшлиқичлилар, мшанкалар, ассидиялар, кўп тукли чувалчанглар). Айрим организмларни озиқланиш усули (фотосинтез) ва ҳаракатланишига биноан бир вақтнинг ўзида ҳайвонларга ҳам, ўсимликларга ҳам киритиш мумкин (масалан, эвгленасимонлар, волвокслар ва бошқалар). Ҳайвонлар билан ўсимликлар ўртасида кескин чегаранинг бўлмаслиги уларнинг келиб чиқишидаги умумийлик билан боғлиқ. Ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ҳужайралардан тузилганлиги, улар танасида борадиган моддалар алмашинуви жараёнининг умумийлиги, ирсият ва ўзгарувчанлик қонуниятларининг ўхшашлиги ва бошқа ана шундан далолат беради.
Ҳайвонлар ҳужайравий тузилишга биноан бир ҳужайра ва кўп ҳужайралиларга ажратилади. Бир ҳужайралиларда битта ҳужайранинг ўзи тирик организм учун хос бўлган деярли барча хусусиятларга эга. Тубан кўп ҳужайралилар — пластинкасимонлар танаси бир неча функсияни (ҳаракатланиш, қоплаш, озиқланиш) бажарадиган, кам ихтисослашган ҳужайралардан иборат. Ғовактанлилар, бўшлиқичлилар, тароқлилар танаси 2 қават (эктодерма ва энтодерма) бўлиб жойлашган нисбатан ихтисослашган ҳужайралардан иборат, лекин тўқима ва ҳақиқий органлар шаклланмаган; бирмунча мураккаб тузилган. Ҳайвонлар тўқима ва органлари онтогенезда 3 та муртак варақлари (эктодерма, эндодерма ва мезодерма) ҳисобидан ҳосил бўлади. Мас, эктодермадан нерв системаси. сезги органлари, тери ва унинг ҳосилалари; эндодермадан ичак, нафас органлари, секреция безлари; мезодермадан суяк, мускул, қон айланиш, айириш системаси органлари шаклланади.
Уч қаватли ҳайвонлар бирламчи оғизлилар (ҳалқали чувалчанглар, моллюскалар, бўғимоёкдилар) ва иккиламчи оғизлилар (игнатаналилар, хордалилар)га ажратилади. Анъанага кўра барча ҳайвонлар умуртқасизлар (кўпчилик ҳайвонлар) ва умуртқалилар (хордалилар)га бўлинади. Тузилиши ва ўзаро филогенетик боғланишига биноан ҳайвонот дунёси кенжа дунё, тип, синф ва бошқа таксонларга ажратилади. Одатда, ҳайвонот дунёси 16–25 (баъзан 10–33 та) типга ажратилади. Айниқса тубан тузилган умуртқасизларни системага солишда кўп чалкашликлар мавжуд. Масалан, ХХ асрнинг 60-йилларигача бир ҳужайралилар фақат битта тип сифатида ўрганилган бўлса, ҳозирги даврда бир неча (5–7 та) типга ажратилади. Барча кўп ҳужайралилар типлари (қаранг Тип) битта кўп ҳужайралилар кенжа дунёсига, бир ҳужайралилар эса бир ҳужайралилар кенжа дунёсига киритилади. Ҳайвонларнинг 1,5 миллион (бошқа маълумотларга кўра 3–4,5 миллион) тури маълум. Ер юзида ҳайвонлар яхши ўрганилмаган. Ҳар йили тўгарак чувалчанглар, ҳашаротлардан юзлаб янги турлар кўрсатиб берилмоқда. Аниқланган ҳайвонларнинг 2/3қисмини ҳашаротлар ташкил этади.
Табиатда ва одам ҳаётида ҳайвонлар катта аҳамиятга эга. Ҳайвонлар — барча экосистемаларда озиқланиш занжирининг асосий таркибий қисми. Ҳайвонлар ўсимликлар билан озиқланиб, ўзлаштирган моддаларининг яна тупроққа қайтарилишига, бинобарин ўсимликларнинг ўсишига имкон беради. Ўсимлик ва ҳайвонлар қолдиғи билан озиқланадиган ҳайвонлар Ер юзини органик қолдиқлардан тозалаб, табиий санитарлик вазифасини бажаради. Йиртқич ҳайвонлар табиатда зараркунанда ҳайвонларнинг сонини чеклаб туришга ёрдам беради. Ҳайвонлар одам ҳаётида ҳам катта аҳамиятга эга. Улардан бир қанча турлари овланади; уй ҳайвонлари гўшт, сут, жун, тери ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиш мақсадида ва транспорт воситаси сифатида боқилади. Ҳайвонлар орасида қишлоқ хўжалиги, одам ва ҳайвонларга зиён келтирадиган паразит турлари ҳам кўп. Одам фаолиятининг табиатга таъсири тобора кучайиб бориши бир хил турлар сонининг кескин қисқариб кетишига олиб келди. Айрим маълумотларга кўра ҳозирги даврда ҳар куни ҳайвонларнинг битта тури йўқолиб бормоқда. Ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш мақсадида деярли барча мамлакатларда қонунлар қабул қилинган; махсус қўриқхоналар ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига 184 ҳайвон тури киритилган.
Адабиётлар
- Жизн животних, т. 1—6, Москва, 1968—1971.
- Мавлонов О., Хуррамов Ш., Умуртқасизлар зоологияси, Тошкент, 1998.
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Ҳайвонларга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ҳайвон ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |