Ҳерпес (лотинча: ҳерпо —ўрмалаб юрмоқ), вируслар қўзғатадиган касаллик, бунда баданнинг турли қисмида тери қизариб, ғуж-ғуж майда пуфакчалар ҳосил бўлади. Касаллик манбаи бемор ёки вирус ташувчи ҳисобланиб, соғлом кишига улар билан мулоқотда бўлганда юқади. Совуққотиш, шамоллаш, интоксикация, инфексион касалликлар (грипп, зотилжам ва бошқалар) оқибатида пайдо бўлиши мумкин. Оддий ва ўраб олувчи ҳерпес фарқ қилинади. Оддий ҳерпес билан бир ёшгача бўлган болалар деярли оғримайди (онадан ўтган иммунитет ҳисобига); кейинчалик иммунитет кучи сусайиб, қулай шароит туғилса, касаллик рўй бериши мумкин (янгқ.Учуқ).Ўр а б олувчи ёки белбоғсимон ҳерпес (ҳерпес зостер)ҲҲ филтрланувчи нейротроп вирус қўзғатади (вариcелла зостер); у ўзининг жуда кўп хусусиятлари билан сувчечак вирусига ўхшаб кетади, шу боис адабиётларда ҳерпеснинг бу хилини сувчечак вируси қўзғатади дейилади. Касалликнинг инкубацион даври 7-8 кун, мустақил ёки бирор бошқа касаллик (зотилжам, плеврит ва бошқалар) асорати сифатида намоён бўлиши мумкин. Г.нинг бу тури фақат катта ёшли кишиларда учрайди. Бунда баданнинг муайян нерви ёки нерв тармоклари бўйлаб гиперемияланган соҳага, аксарият тананинг бир томонига пуфакчалар тошади. Тошмалар тошишидан олдин беморнинг кўнгли беҳузур бўлиб, боши оғрийди, бирор нерв пояси бўйлаб тутиб-тутиб турадиган оғриқ ҳамда худди шу жойларнинг ачишиб туриши кузатилади. Пуфакчалар пўсти қаттиқ, ичи тиниқ суюқликка тўла бўлади, бора-бора суюқлик лойқалана бошлайди. Пуфакчалар бир-бирига қўшилиб, қатор жойлашади, улар атрофи қизариб туради. Пуфакчалар кўз, қулоқ, қовурғалараро нервлар, шунингдек бўйин, бел нервлари ва нерв тармоклари бўйлаб тошади. ҳерпес тошган соҳа қаттиқ тортишиб оғрийди, пуфакчалар ёрилиб қўнғир қора қўтир пўстлар ҳосил бўлади. 2—3 ҳафтада касаллик аломатлари йўқолиб, бемор тузалади, баъзан пуфакчалар даврий равишда янгидан тошиб туриши мумкин. Тошмалар йўқолиб кетгач, шу жойларда мускуллар парез" ва невралгия сезилади. Пуфакчалар ўрнида иккиламчи гиперпигментли доғлар, оғир шаклларида эса чандиқли ёки атрофияли ўзгаришлар қолади. Касаллик енгил кечганда ўз-ўзидан тузалиб кетиши ҳам мумкин. Ўраб олувчи ҳерпес оғирроқ кечганида бемор иложи борича ўринда ётиб врач назорати остида даволаииши лозим. Беморнинг ёшига қараб аутогемотерапия, гаммаглобулин, антибиотиклар, витаминлар, физиотерапия (ултратовуш, диатермия ва ҳоказо) ва маҳаллий муолажалар (малҳамлар) буюрилади. Ҳерпеснинг олдини олиш учун организмни чиниқтириш, мавсумга қараб кийиниш (совқотмаслик ёки жуда исиб кетмаслик), шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш керак.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил