"ҲИДОЙА" (арабча — йўлланма; тўла номи "Ҳидоя фи фуруъ ал-фиқҳ" — "Фиқҳ соҳалари бўйича йўлланма") — ҳанафийликяа кенг тарқалган шариат қўлланмаси (кодекси). Уни Бурҳониддин Марғиноний 13 йил давомида ёзган. Қўлланмани яратишда Қуръон оятларига, дастлабки 4 халифа, саҳобалар ва тобеъинларнинг ривоятлари, ҳадислар, суннийликдаги 4 мазҳаб асосчиларининг асарларига таянган. "Ҳидоя." 4 жилд, 57 китоб, 165 боб, 152 фаслдан таркиб топган. "Ҳ."нинг 1-жилди 5 китобдан иборат бўлиб таҳо-рат ва амалий ибодатлар (намоз, рўза, закот ва ҳаж)га бағишланган. 2-жилдга никоҳ, талоқ, қулни озод қилиш, топиб олинган болаларнинг насабини аниқлаш, бедарак йўқолганлар, ше-рикчилик, вақф ҳуқуқи каби масалалар киритилган. 3-жилдда олди-сотди, пул муаммолари, кафолат, қозиларнинг вазифалари, гувоҳлик, ваколат, даъво, сулҳ, қарз бериш, совға, ижара, волийлик (патронат), ҳомийлик каби масалалар ўрин олган. 4-жилдда меросни тақсимлаш, васият, шартно-ма, овчилик, гаровга бериш, жиноятлар хусусида, хун ҳақи тўлаш каби масалалар ёритилган. Бурҳониддин Марғинонийнинг "Ҳ." асари ёзилиш услуби бўйича ажралиб туради. Унда ҳуқуқий муаммоларнинг ечими даст-аввал машҳур фақиҳларнинг фикр-хулосаларини баён қилиш ва унга бошқа фиқҳ олимларининг эътирозлари ва қўшилишларини изҳор қилиш йўли билан берилган. Худди шундай умумеътироф этган обрўли фақиҳлар нуқтаи назаридан келиб чиқ-қан ҳолда муайян ҳуқуқий муаммонинг энг маъқул ечимини танлаб олиш мумкин бўлган. Шу йўл билан "Ҳидоя"да шариат қоидаларининг айнан ўзигина эмас, балки уларнинг мукаммал асос ва далиллари ҳам асл равишда берилган. "Ҳидоя" бир неча аср давомида кўп мусулмон мамлакатларида ҳуқуқшунослик бўйича асосий манба ҳисобланган. "Ҳидоя" судлов бўйича қўлланма сифатида Ўзбекистонда ХХ асрнинг 20-йилларигача — қозилар суди бекор қилиниб, шўролар суд тизими жорий қилингунча амалда бўлди. У баъзи мусулмон мамлакатлари олий ўқув юртларида ўқитилади. "Ҳидоя" бир неча тилга таржима қилинган. "Ҳидоя"нинг 1-жилди ўзбек тилида Тошкентда 2001-йилда чоп этилди.