Ҳисор водийси - Тожикистон Республикасининг ғарбидаги тоғлараро ботиқ. Ҳисор тизмасининг жанубий чек-каси ва Боботоғ билан Қоратоғнинг шимолий чеккалари орасида. Узунлиги 115 км. Энг кенг жойи 20 км. Баландлиги 700–1000 м. Жанубидан Афғон — Тожикистон ботиғидан деярли меридиан йўналиш бўйлаб чўзилган тизмалар билан ўралган. Ер юзаси водийдан оқиб ўтувчи Кофарниҳон, Варзоб, Душанба, Хонака, Илоқ ва бошқа дарё террасалари ва ёйилма конусларидан иборат. Водий тектоник ботиқда жойлашган бўлиб, мезокайнозой даври чўкинди тоғ жинслари билан тўлган. Ҳисор водийси атрофи тоғлар билан ўралганлиги сабабли иклими анча юмшоқ. Ёзи иссиқ ва қуруқ. қиши қисқа ва илиқ. Январнинг ўртача температураси —0,7°, Г, июлники 28°. Йиллик ёғин 500–600 мм. Водийда, асосан, тўқ бўз тупроқлар тарқалган; чўл, чалачўл ва дашт ўсимликлари, дарё бўйларида турли дарахтлар ўсади. Ҳисор водийси ҳудуди деярли ўзлаштирилган ва бу ерда маданий лан-дшафтлар кенг тарқалган. Дарёларнинг қуйи қисмларидаги ботқоқли тўқайзорлар ҳам қуритилиб, экинзорларға айлантирилган. Водий ер ресурсларидан унумли фойдаланиш мақсадида Катта Ҳисор канали қурилган. Пахта, кунжут, г'алла, полиз экинлари етиштирилади, мевали боғлар барпо қилинган, тоғ ён бағирларининг 1200–2000 м баландликлари субтро-пик даштлардан иборат. Бутазорлар, дарахтзорлар бор. Ўзлаштирилган ерларида ғалла экинлари экилади, мевали дарахтлар ўстирилади, ундан баландда субалп ва алп ўтлоқлари уч-райди. Ҳисор водийсида Тожикистон Республикаси пойтахти — Душанба, шунингдек, Турсунзода, Вахдат (собиқ Оржоникидзе) шаҳарлари жойлашган.