Ҳофиз Иброҳим — Миср янги мумтоз шеърия­тининг намояндаларидан бири. У Аҳмад Шавқийнинг замондоши ва дўсти эди. Аҳмад Шавқийдан уч йил кейин 1871 йилда туғилган Ҳофиз Иброҳим билан бир йилда (1932) вафот этган. Ижодда маслакдош бўлган икки шоирнинг ҳаёт йўли бир-биридан катта фарқ қилади. Агар Шавқий Қоҳирада зодагон оиласида туғилиб, ёшлигидан ҳаётнинг барча неъматларидан баҳраманд бўлиб, таҳсил олиш учун Европага юборилган бўлса, Ҳофиз Юқори Мисрнинг Дейрут номли кичкина шаҳарчасида камбағал оиласида туғилди ва ёшлигида отадан этим қолиб, ҳаётнинг оғир ташвишларини бошидан кечирди.1888 йилда Қоҳирадаги ҳарбий билим юртига кирди ва 1891 йили кичик зобит унвонида уни битириб чиқди. 1896 йилда инглиз генерали Китченер бошчилигидаги инглиз ва мисрликлардан ташкил топган армия сафида Суданга юборилди. Ҳофизнинг ҳарбий хизмати оғир ўтди. Армияда ҳукм сурган қўпол муносабатлар, айниқса, инглиз қўмондонининг мисрликларга нисбатан ўзларини такаббурона тутишлари ва менсимасдан муомалада бўлишлари Ҳофизнинг нозик табиатига қаттиқ ботарди ва нафрат туйғусини уйғотарди. Ҳарбий билим юртида шеърлар ёза бошлаган Ҳофиз, Судандан Қоҳирадаги дўстларига аскар ҳаётидан шикоят қилувчи кўп ҳазин шеърлар йўлларди. Шоир инглизларнинг Суданга қилган ҳарбий юришининг ҳақиқий мақсади Суданни озодликдан маҳрум қилиш ва янги мустамлакага эга бўлиш эканини яхши англаган эди. Ҳофиз Иброҳим шоир сифатида мумтоз шеърият намуналари таъсирида шаклланди. У, айниқса, аббосийлар халифалиги давридаги шоирларга алоҳида меҳр қўйган эди. Абу Нувос, Абу Таммом, ал-Бухтурий, Ибн ар-Румий, Абу-л-Ало ал-Мааррий каби ИХ-ХИ асрларда ижод қилган шоирларнинг шеърларини ёд олиб, ифодали ўқишдан чарчамас эди. Қадимги шоирлардан у шеър шаклларини, жарангдор қофиялар танлашни, вазнларда мувозанат сақлашни ва бошқа шеърий техника фазилатларини ўрганди.1901-йилда унинг биринчи ше'рий то'плами чоп этилди. 1937-йилда барча ше'рлари то'планиб чоп этилди.Ҳофиз Иброҳим Мисрдаги жўшқин ватанпарвар сиёсий доираларга яқинлашди. Бу доираларда Мустафо Комил, Саъд Зағлул, Қосим Амин, Ҳасан Осин, Маҳмуд Сулаймон каби миллий-озодлик ҳаракатининг саркардалари қатнашар эдилар. Уларнинг фао­лияти таъсирида шоирнинг дунёқараши шаклланди. Кўп ўтмай ёш шоир ўзининг ватан­парварлик руҳи билан суғорилган шеърлари билан кенг жамоатчилик ичида танила бошлади. Шунинг учун кўп ўтмасдан у мухлислар томонидан „шоир ал- Нил“ — „Нил шоири“ унвонига сазовор бўлди, бу ибора ҳақиқий Миср шоири маъносида ишлатиларди.

[1]Кримский А.Е. История новой арабской литератури. С.675.

  1. ↑ شوقى احمد، الشوقيات. ص 34