Ҳофизи Абрунинг "Мажмуа аттаворихи султония" асаридан форс миниатюраси . “Нуҳ кемаси” Эрон (Афғонистон), Ҳирот; Темурнинг ўғли Шоҳруҳ (1405-1447) тарихчи Ҳофизи Абруга Рашидуддиннинг жаҳон тарихидаги машҳур “Жоми ат-таворих” асарининг давомини ёзишни буюради.

Ҳофизи Абру (форсча: حافظ ابرو)(1361/1362-йил, Ҳирот – 1430-йил, Занжон) — тарихчи ва географ. Тўлиқ исми Шаҳобуддин Абдуллоҳ ибн Лутфиллоҳ ибн Абдуррашид ал-Ҳавофий. Амир Темур ва Шоҳрух саройларида тарихнавис бўлган. Тарихий ва тарихий-географик асарлар ("Зайли Зафарномаи Шомий", "Зайли Жомиъ ут-таворих", "Тарихи Ҳофизи Абру", "Мажмуа аттаворихи султония", "Зубдат ут-таворихи Бойсунқурий") муаллифи.

"Зайли Зафар-номаи Шомий" асари Низомиддин Шомийнинг "Зафарнома"сига илова бўлиб, асардаги тарихий воқеалар баёнини 1405-йилгача давом эттирган. "Зайли Жомиъ ут-таворих" Рашидуддин Фазлуллоҳнинг "Жомиъ ут-таворих" асарининг давоми бўлиб, унда Эроннинг 1304–1370-йиллардаги тарихи акс эттирилган(1417). "Тарихи Ҳофизи Абру" номи билан машҳур тарихий-географик асарида дунёнинг доира шаклидаги харитаси ва бошқа хариталар берилган. Бу хаританинг муҳим томонларидан бири — градус тўри чизилганидир, уни географлар Ҳофизи Абрунинг шоҳ асари деб ҳисоблайдилар. Бу асарда ер юзидаги сувлар, тоғ-тошлар, мамлакатлар ва улардаги шаҳар-қишлоқлар, шунингдек, Форс, Кирмон, Хуросоннинг батафсил географияси ва тарихи, Мовароуннаҳр географияси баён этилган. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Кеш, Нахшаб, Термиз каби шаҳарлар ҳамда Жайхун, Сайхун, Мурғоб ва бошқа дарёлар, мамлакатлар, вилоятларнинг кенглик ва узунликлари кўрсатиб ўтилган ва масофалар ҳамда майдонларни изоҳловчи (фарсанг, ойлик йўл, кунлик йўл) анчагина сатрлар бор. 1423–1427-йилларда ёзилган "Мажмуа"("Тўплам") асари Шоҳрух салтанати тарихини 1417-йилги воқеалар билан тугатади. Унинг 4-жилди "Зубдат ут-таворихи Бойсун-қурий"да тарихий воқеалар 1417-йилга қадар етказилган. Ҳофи Абрунинг асарларида ижтимоий-иқтисодий маълумотлар, бизгача етиб келмаган асарлардан парчалар ва муаллифнинг ўз даврига оид хабарлари кенг ўрин олган. Ҳофи Абру асарларининг қўлёзмалари Санкт-Петербург, Оксфорд ва Тошкентда сақланади.

Адабиётлар

  • Бартолд В.В., Сочинения, т.8, М., 1973;
  • Ҳасанов Ҳ., Сайёҳ олимлар, Т.,1981.