Ҳожи барлос (? - 1361) - Соҳибқирон Амир Темурнинт амакиси. мовароуннаҳрнинг нуфузли ва йирик бек(амир)ларидан. Амир Қазағоннинг ўғли амир Абдуллоҳ ўз қароргоҳини Самарқандга кўчирмоқчи бўлганда норози беклар томонидан ўлдирилгач, амир Баён Сулдуз ва амир Ҳ. Б. мамлакатни ўз қўлларига олиб, идора этиш ва халқ осойишталигини таъминлашга ҳаракат қиладилар. Кеш шаҳри илгаридан Соҳибқирон ва амир Ҳ.Б. аждодлари тасарруфида бўлган. Ҳ.Б. нуфузи баланд бек бўлишига қарамай нисбатан журъациз ва қўрқоқ шахс эди. 1360-йил у Жете сипоҳининг бостириб келишидан қўрқувга тушади ва қадим юртини эътиборсиз қолдириб, Хуро-сон томон юзланади. Хуросондан қайтган Ҳ.Б. амир Боязид билан иттифоқ тузиб Амир Темурга қарши Оқёр мавзесида жангга киради ва мағлубиятга учраб, Самарқандга қочади. Маълум муддатдан сўнг Ҳ.Б. Соҳибқирон билан ярашади ва улар амир Хизр устига юриш қилиб, ғалаба қозонишади. 1361-йил Жете ҳукмдори Туғлуқ Темурхон иккинчи бор Мовароуннаҳрга черик тортиб келганда Ҳ.Б. ваҳима ва қўрқувга тушиб Кеш томонга, у ердан Жайҳунни кечиб ўтишга жазм қилади. Сабзавор вилоятининг Жўян туманидаги Хўроша қишлоғига етган чоғида шу жойнинг бир тўда исёнкорлари уни биродари Идику билан тутиб олиб, қатл этадилар.

Адабиёт

  • Низомиддин Шомий, Зафарнома, Т., 1996; Шарафуддин Али Яз-дий, Зафарнома, Т., 1997.