Ҳолвайтар — ширинлик тури. Ҳолвайтар учун қозонда ёғ яхшилаб доғланади ва бир оз совутилгач, ун солиб аралаштирилади. Сўнг қозонни оловга қўйиб, ун жигарранг тусга киргунча қовурилади. Бошқа бир идишда қайнатилган сувда шакардан шарбат тайёрланади. Тайёрланган шарбат қозондаги қизартириб қовурилган ун устига қуйилади. Аралашма қайнагач, олови пасайтирилиб, 20—25 дақиқа давомида доимий арлаштириб пиширилади. Ҳолвайтар тўқ қизил тусга киргач, қозон оловдан олинади. Тайёр Ҳолвайтар ликопчаларга сузилади ва совигандан сўнг дастурхонга нон билан тортилади. Ҳолвайтарнинг таъмини яхшилаш учун шакар ёки қанд эритилаётганда озроқ ванилин қўшиш мумкин. Ҳолвайтар, асосан мотам ва диний маросимларда, шунингдек, айрим оилаларда "арвоҳлар йўқланадиган" пайшанба кунлари тайёрланади.