Ҳомеира Қадери (1980-йилда туғилган) – афғон ёзувчиси, аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси ва форс адабиёти бўйича профессор.

Ҳомеира Қадери
Туғилган 1980-йил Кобул, Афғонистон
Миллати афғон
Жанр Академик, адабий танқидчи ва ёзувчи

Таълими

Ҳомеира Қадари Афғонистоннинг Кобул шаҳрида туғилган. Онаси Россия истилоси даврида рассом бўлган. Отаси ўрта мактаб ўқитувчиси эди. Қадарининг болалиги совет армиясининг тазйиқларига, фуқаролар уруши даврига тўғри келди. Толибон мамлакат устидан назорат ўрнатгандан кейин эса қизларнинг мактабга бориши таъқиқланган. Қадери ўшанда атиги 13 ёшда бўлган. Ёш бўлишига қарамай, у ўз маҳалласи қизлари, кейинроқ эса яқин атрофдаги қочқинлар лагеридаги болалар учун яширинча бошланғич саводхонлик дарсларини ташкил қилган. Уларга тўрт йил давомида дарс берган. Ўсмирлик чоғидаёқ у ўз ҳаётини тасвирлайдиган қисқа ҳикоясини нашр эттирди. Бу толибонларнинг қаттиқ танбеҳига учраган.

2001-йилда Ҳомеира Эронга бориб таълим олишни бошлади. 2005-йилда Теҳрондаги Шаҳеэд Беҳешти университетида форс адабиёти йўналишида таҳсил олди. 2007-йилда Теҳрондаги Алламе Табатабаи университетида адабиёт йўналисида магистрлик даражасини олди. 2008-йилда, Эрон қўзғолонлари бўлиб ўтган йилда, Қадери Теҳрон университетида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. У Эрон ҳукуматининг давлатдаги сиёсатга қарши митингларида иштирок этди. Митинг мамлакатда бузилаётган инсон ҳуқуқлари сабаб юзага келган эди. Лекин чет эл фуқароси сифатида Қадерига ҳукуматга қарши намойишларда қатнашиш таъқиқланган эди. Айнан шу сабаб Ҳомеира Қадерининг докторантурада ўқиш имконияти бекор қилиниб, Эрондан чиқариб юборилди[1].

Аммо у ўз мақсади йўлида тўхтамади. 2014-йилда Ҳиндистоннинг Ню-Деҳли шаҳридаги Жавоҳарлал Неру университетида форс адабиёти бўйича илмий даража олди. Унинг докторлик диссертацияси бош мавзуси Авғонистондаги уруш мавзусида ёзилган асарларнинг таҳлилига бағишланган.

Фаолияти

Қадери Эронда бўлган вақтларида Эрондаги Афғонистон санъат ва маданият уюшмаси директори лавозимида ишлаган, 2008-йилда директорликдан озод этилган. Афғонистонга қайтганидан сўнг, Кобул университетида доцент сифатида дарс бера бошлаган. Унинг адабий маҳорати ва форс адабиёти бўйича профессионал тажрибасига талаб бўлгани сабаб Кобулдаги Маш’ал университети ва Гҳаржистан университетида ҳам маъруза қилган. Шу билан бирга, у Афғонистондаги гендер тенглиги бўйича бўлган фуқаролик ҳаракатларида фаол иштирок этган.

2011-йилда Афғонистон ижтимоий масалалар бўйича вазир маслаҳатчиси бўлди. У ўз саъй-ҳаракатларини бевалар ва етимларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратди ва уларнинг ўзини ўзи таъминлаши учун ўқув дастурларини йўлга қўйди. 2018-йилда у „Раҳ-э Маданят Даилй“ газетаси бош муҳаррири лавозимида ҳам ишлаган. Қадери 2019-йилда таълим вазирининг катта маслаҳатчиси этиб тайинланган ва бу лавозимда 2021-йилнинг баҳоригача фаолият олиб борган. Қадери ҳозирда „Рави-э Зан“ журналининг бош муҳаррири ва „Голден Неэдле“ адабий уюшмасининг асосчиси бўлиб ишлайди. У ерда ижодкор қизларга ёзишни ўргатишдан ташқари, ёш ёзувчи аёлларни ўз фикрларини ифода этишда қатъиятли бўлишга, ўз ёзганини ҳимоя қила олишга ўргатади.

2021-йилда Кобул қулагандан сўнг, Қадери Афғонистонни тарк этиб, Қўшма Штатларга кўчиб ўтди ва у ерда Ҳарвард университетининг Радклифф илғор тадқиқотлар институтида Роберт Г. Жеймс номидаги стипендия совринори бўлди. Кобул қулаганидан сўнг у Афғонистондаги оғир вазият ва халқаро ҳамжамиятнинг афғон қочқинларини қўллаб-қувватлаши зарурлиги ҳақида очиқчасига гапириб, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари борасида ўз фикрларини айтди. Ҳомеира ҳозирда ҳам инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва Афғонистонда тинчлик ўрнатиш тарафдори бўлишда давом этмоқда.

Ижоди

Қадери форс ва инглиз тилларда ижод қилган. Кўплаб мақолалар, очерклар, ҳикоялар ва романлар нашр эттирган. Бундан ташқари, асарлари бир неча тилларга таржима қилинган. 2003-йилда Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида муаллифнинг учта ҳикояси ва „Заир-э Гонбад-э Кабоод“ нашр этилди. У ўша йили Афғонистонда асарлари китоб ҳолда чоп этиладиган ягона афғон аёл ёзувчи эди. Ўша йили Қадери "Баз Бааран Агар Мибарид " номли қиссаси учун Эронда Садегҳ Ҳидоят мукофотига сазовор бўлди. Эронда афғон фуқаросига бундай нуфузли мукофот биринчи марта берилган эди. Унинг бошқа нашр этилган асарлари орасида „Гошвара-э Анис“ (2005) ва "Иқлема" (2014), „Нақш-э Шекар-э Аҳо“ (2012) каби романлари алоҳида ажралиб туради[2].

Яна қаранг

  • Афғонистонлик ёзувчи аёллар рўйхати

Манбалар

  1. ↑ Гибсон. „То Тҳе Ресcуэ“. Ҳарвард Магазине (2023-йил 1-феврал).
  2. ↑ Беҳнегарсофт.cом. „حميرا قادري: ايران در مقايسه با جهان بازار داغي از توليد و جايزه كتاب دارد | ایبنا“ (фа). خبرگزاری کتاب ايران (ИБНА) (2010-йил 19-июн). 2023-йил 28-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 28-май.