Ҳомиладорлик, оғир оёқлик — уруғланган тухум ҳужайранинг она организмида ривожланиб, етук ҳомилага айланишидан иборат физиологик жараён. Аёл тухумдонида етилиб чиққан тухум ҳужайранинг эркак жинсий ҳужайраси билан қўшилиши (уруғланиши) дан бошланади ва ўрта ҳисобда 280 кун, яъни 10 қамарий ой давом этади.

Ҳомиладорлик

Ҳомиладор аёл
КХК-10 О00 — О99
КХК-9 В22
МедлинеПлус 002398
Wиллиам Ҳунтер, Анатомиа утери ҳумани гравиди табулис иллустрата, 1774

Уруғланиш бачадон найида рўй беради. Уруғланган тухум ҳужайра бачадон найининг чувалчангсимон қисқариши туфайли бачадон бўшлиғига қараб сурилиб боради, шу вақтда у майин туклар (ворсинкалар) билан қопланиб, кўп ҳужайрали эмбрионга айланади, ўша туклар ёрдамида бачадон шиллиқ пардасига пайвандланиб, ушланиб қолади. Шу вақтдан бошлаб ҳомила шакллана бошлайди ва аёл организмидаги баъзи системалар функсияси тегишлича ўзгариб боради. Эмбрионнинг бачадонга пайвандланган жойида туклар жуда ўсиб кетади ва улардан плацента, яъни йўлдошнинг таркибий қисми — бола ўрни ҳосил бўлади, у киндик орқали ҳомила билан туташади. Киндик қон томирлари бўйлаб плацента орқали она организмидан ҳомилага озиқ моддалар, кислород келиб туради ва ҳомиладан келадиган алмашинув маҳсулотлари йўлдош орқали чиқиб кетади.

Бачадон найларининг турли касалликларида тухум ҳужайранинг бачадонга қараб сурилиб келишига тўсқинлик қиладиган ўзгаришлар оқибатида тухум ҳужайра бачадон найига пайвандланиб қолиши мумкин. Бу ҳолат бачадондан ташқари ҳомиладорлик (эктопик) деб аталади.

Ҳомиладорлик даврида аёл организмида ҳар хил функсионал ўзгаришлар рўй бериб, ҳомиланинг яхши ривожланиб бориши учун қулай шароитлар юзага келади. Бу даврда марказий нерв системаси функсияси бир қадар ўзгариб, натижада орқа миянинг қўзғалувчанлиги пасаяди, бу — бачадон мускулларининг бўшашиши ва унинг тинч ҳолатда бўлишига олиб келади.

Ҳомиладорлик пайтида ҳосил бўладиган сариқ тана ва плацента ҳомиланинг ой куни етиб туғилиши учун зарур гормонлар ишлаб чиқаради, плацентадан ишланиб чиқадиган ва бошқа гормонлар таъсирида сут безлари катталашиб, ҳомиладорлик охирига борганда, ундан оғиз сути, чилла даврида эса сут кела бошлайди. Бачадонда ҳам бир қанча ўзгаришлар рўй беради: у ҳам бўйига, ҳам энига қараб ўсиб, плацентага қон олиб келадиган йирик ва майда қон томирлари ниҳоятда кўпаяди. Аёл чуқурроқ нафас оладиган бўлиб қолади, бу — қоннинг кислород билан кўпроқ тўйинишини таъминлайди. Юракнинг қисқариш хусусияти сезиларли даражада кучаяди, натижада кислород билан тўйинган қон аёлнинг ҳаёт учун муҳим аъзоларига, жумладан бачадонига тезроқ етказиб берилади. Буйраклар ҳам зўр бериб ишлаб, она организмидагина эмас, балки ҳомилада ҳам пайдо бўлган алмашинув маҳсулотларини ажратиб чиқариб туради. Кўмикда эритроцитлар ҳосил бўлиши тезлашади, яъни қон миқдори кўпаяди, қон томирлари кенгайиб, газ алмашинуви кучаяди. Шу боис ҳомиладор организмидаги аъзо ва системаларнинг нормал ишлаб туришини таъминлаш ҳамда ҳомила ривожланадиган қулай шароит вужудга келтириш учун озиқ моддалар ва кислород кўп бўлиши керак. Ҳомиладорнинг аҳволи ва ўзини қандай тутиши кўп жиҳатдан ҳомиладорликнинг нормал кечиши, ҳомиланинг кейин қандай ривожланиб бориши ва бўлғуси боланинг соғлигини белгилаб беради. Ҳомиладор аёлнинг бирор касаллик (грипп, сил, ревматизм, ангина, қандли диабет, камқонлик, жигар, буйрак, юрак касалликлари ва бошқалар) билан оғриши, нотўғри овқатланиш, кун тартибини бузиши, шифокор буюрмаган дориларни ичиши ҳомила тараққиётига ёмон таъсир қилиши мумкин.

Ҳомиладорлик чоғида турли асоратлар бўлмаслиги учун мумкин қадар барвақт (ҳайз тўхташи билан) аёллар маслаҳатхонасига бориб, текширувдан ўтиш ва керакли маслаҳатлар, зарур бўлса, тегишли даво олиш лозим. Ҳомиладорлик даврида аёл ўз бадани ва кийим-кечаклари тозалигига алоҳида эътибор бериши керак.​ Ҳомиладорликка оид фойдали китоб, журнал, сайт ва мобил иловалардан фойдаланиши лозим. Масалан, „Лалу — ҳомиладорлик мактаби“ каби мобил иловаларни бепул юклаб олиб, бутун ҳомиладорлик даври давомида кузатиладиган ўзгаришларни ҳар ҳафтада кузатиб бориши керак[1].

Ҳомиладорлик нормал ўтаётган бўлса, аёл одатдаги турмуш тарзини ўзгартириши шарт эмас, у ўз юмушларини дам олиб, дам олиб бажаравериши мумкин. Фақат оғир нарса кўтармаслик, қалтис, кескин ҳаракатлар қилмаслик мақсадга мувофиқ.

Тиниқиб ухлашнинг аҳамияти бор, аёл камида 8 соат ухлаши, кечқурун ётишдан олдин очиқ ҳавода бир оз сайр қилиши ва хонани шамоллатиши тавсия этилади. Соғлом ҳомиладорларнинг врач тавсиясига кўра ҳаво ва қуёш ванналари қабул қилишига рухсат этилади. Ҳомиладорлик нормал ўтаётган бўлсагина аёл дарё ва анҳорларда чўмилиши мумкин. Ҳомиладорликнинг биринчи кунларидан бошлабоқ очиқ ҳавода имкони борича кўпроқ бўлишга ҳаракат қилиш лозим, чунки одам уй ичида ўтираверса кислородга эҳтиёжни қондира олмай қолади, натижада ҳар хил асоратлар юз бериши мумкин.

Ҳомиладорликнинг эсон-омон ўтиши ва ҳомиланинг яхши ривожланиб бориши учун асосий шартлардан бири яхши овқатланишдир. Овқат тўйимли, хилма-хил, оқсиллар ва витаминлар (фолий кислотаси, C витамини) га бой бўлиши керак. Масалан, ҳомиладорликдан олдин ва биринчи триместердан фолий кислотасини тўғри миқдорда, кунига 400 мкг (0,4 мг) қабул қилиб бориш туғма нуқсонларнинг ривожланиш эҳтимолини кескин камайтиради[2]. Ҳомиладорликнинг охирги ойларида ёғли ва хамир овқатларни кўп тановул қилиш ярамайди, чунки бундай овқат ҳомиланинг анча катталашиб кетиши ва туғишнинг қийинлашиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Соғлиқ ўзгарган баъзи ҳолларда, баданга шиш келганида врач одатда тузсиз парҳез буюради. Нормада ҳомиладор аёл бир кунда максимал 6 гр ёдланган ош тузи истеъмол қилиши мумкин[3]. Ҳомиладор аёл енгил бадан тарбия машқларини қилиб туриши лозим. Ҳомиладорлик даврларига қараб махсус гимнастика машқлари комплекси тавсия этилади (фақат шифокор тавсиясига кўра). Ҳафтасига 5-7-марта 30 дақиқа жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш мумкин. Бошланишига кунига 10 дақиқадан бошлаб, 30 дақиқагача ошириш тавсия қилинади[4]. Мунтазам бадан тарбия машқларини қилиб турувчи аёлларнинг тез ва эсон-омон кўзи ёрийди.

Яна қаранг

Адабиётлар



Манбалар