Hoshim Sattarov
Ҳошим Саттаров (1904-йил Наманган – 1938-йил Тошкент) – Зиёли, шифокор. Ўзбек, маълумоти олий. Тошкентда тиббиёт институтини ташкил этилишида ҳисса қўшган. Ўзбекистон ССР Соғлиқни сақлаш Халқ комиссарлигида кадрлар бўлими мудири. Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлар раиси ўринбосари.
| Ҳошим Саттаров | |
|---|---|
| Таваллуди |
1904-йил |
| Вафоти |
4-октябр 1938-йил Тошкент |
| Фуқаролиги |
|
| Таълими | Москва давлат университети |
| Касби | Шифокор |
| Фаолият йиллари | 1931—1938-йиллар |
Фаолияти
1904-йил Наманган шаҳрида камбағал деҳқон оиласида туғилган.
Оиласи оғир шароит туфайли 1914-йилда хусусий қанд корхонасида қора ишчи бўлиб ишлайди. Бу 1916-йилгача давом этган. Отаси 1917-йилда ўзининг эски ишига боғдорчиликка қайтади. Ҳошим Саттаров 1917-йилдан 1919-йилгача „Намуна“ номли мактабда таҳсил олган. 1919-йилдан 1922-йилгача Ўзбекистон педагогика институти ҳузуридаги курсда ўқиган. 1922-йили Туркистон Коммунистик партияси ҳомийлигида Москвада Калинин номидаги ишчилар факултетида таҳсил олган. 1925-йилда эса ишчилар факултетини тамонлаб, Москва давлат университети Тиббиёт факултетига ўқишга кирган. 1920-йилдан 1928-йилга қадар комсомол аъзоси бўлган, партияга 1929-йил 28-январ куни қабул қилинган. 1930-йилда Москвадаги тиббиёт институтини тамомлаб, ички касалликлар бўйича шифокор мутахассислигига эга бўлган. Институтни тамомлагандан сўнг Москвада аспирантурада ўқишни давом эттирган. 1931-йил майида Ўз К(б)П Марказий комитети қарори билан ишлаш учун Тошкентга чақириб олинган[1].
Ўз К(б)Б Марказий комитети қарорига мувофиқ Ўзбекистон ССР Соғлиқни сақлаш Халқ комиссарлигида кадрлар бўлими мудири этиб тайинланган. Бу лавозимда 1931-йил майидан 1932-йилгача ишлаган. 1932-йилдан 1934-йилга қадар Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлар раисининг ўринбосари, кейинчалик Тошкент тиббиёт институти директори вазифаларида ишлаган. Советларнинг В қурултойида ЎзССР Марказий ижроия комитети аъзоси этиб сайланган. 1935-йилнинг 20-декабрига келиб ЎзССР Марказий Ижроия комитети ва ЎзССР Халқ комиссарлари Совети бошчилигида Тошкентда Тиббиёт институти ташкил этилади. Инстутутни ташкил этишдаги фаол иштироки туфайли тақдирланган. Партия тозаловидан ўтган.
Оиласида 7 киши: хотини, ўғли, хотинининг икки синглиси ва отаси. Яшаш манзили Тошкент шаҳри, 1-май кўчаси, 74-уй. СССР Олий суди ҳарбий коллегияси сайёр сессиясининг 1938-йил 4-октябрдаги Тошкент йиғилишида Саттаров Ҳошим Оғалиқович отишга ҳукм этилган. ВКП (б) сиёсий бюроси ва шахсан Сталин томонидан маъқулланган ва категорияларга ажратилган қатағон қурбонлари рўйхатига киритилган[2]. Суд ҳукми шу куни ижро этилган. Партия ХХ сездидан кейин реабилитация қилинган.
Манбалар
- ↑ Рустамбек Шамсиддинов. Ўзбекистонда советларнинг қатағон сиёсати ва унинг оқибатлари. 1-китоб. Тошкент, „Шарқ“ 2012 — 84-бет. ИСБН 9789943004818.
- ↑ Наим Каримов. 1937—1938-йилларда „Катта қирғин“нинг фожиали оқибатлари. Тошкент 2015 — 155-бет.