Ҳужривий — (ХИ аср) илк сўфийлик тарихчиси. Тўлиқ исми Абулҳасан Али ибн Усмон Разнавий Жуллабий.

Ҳаёти ва фаолияти

Ҳужривий форс тилида сўфийликка доир биринчи мумтоз асар муаллифи. Унда сўфийлик тарихи ва моҳияти, сўфийлар дунёқараши ва амалиёти изчил тарзда баён этилган. у Ҳужвир(Ғазнадаги маҳалла)да тақводор оилада таваллуд топган. Ҳанафий мазҳабидаги сунний Ҳ.Жунайд (вафоти 910-йил) сўфийлик мактабининг изчил тарафдори бўлган. Ҳаётининг кўп қисмини сафарда ўтказиб, Фарғонадан Ҳузистонгача, Ҳиндистондан Суриягача бўлган мамлакатларни кезган. Ҳаётининг сўнгги дамлари Лоҳурда кечган.

Асарлари

Ҳужривий ўнлаб асарлар ёзган. Лоҳурда бизгача етиб келган ягона асари „Кашфу-л-маҳжуб ли аброри-л-қулуб“ни ёзган. Асар 2 қисмдан иборат. Биринчи — кириш қисми 14 бобдан ташкил топиб, унда сўфийликдаги ихтиёрий қашшоқлик ва руҳий поклик масалалари таҳлил этилган, 74 сўфий-шайхлар таржимайи ҳоллари келтирилган, 2 асосий — ғарбий ва шарқий оқим борлиги қайд этилган, шунингдек, сўфийликдаги 12 „мактаб“ ёки мазҳаб таълимотлари таҳлил қилиниб, шундан „10таси маъқул топилиб, 2таси эса рад этилган“.

Иккинчи қисм, асосан, жавоблардан иборат бўлиб, „Кашфу-л-ҳижоб“ деб номланган 11 қисмдан иборат. Унда фалсафий қоидалар, сўфийликдаги таълимотлар ва амалиёт, уларни шариат нормаларига мос келиши, сўфийлар орасида қабул қилинган техник терминлар ва бошқалар кўрилган. Асар кейинги даврларда форс тилида битилган сўфийликка доир асарларга катта таъсир кўрсатган[1].

Адабиётлар

«Ислом энсиклопедияси» 315-бет.

Манбалар

  1. ↑ Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси энсиклопедияси. «Имом Бухорий халқаро маркази» [2016] — 530—531-бет.