Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший(арабча:عبد بن حميد الكشي — Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший — Тўлиқ исми:Абдулҳамид ибн Ҳумайд ибн Наср Абу Муҳаммад Ҳофиз Кеший (786-863)) — Муҳаддис ва муфассир.

Ҳумайд ал-Кашший
Шахсий маълумотлар
Таваллуди 786-йил
Вафоти 863-йил
Дини Ислом
Танилган соҳаси муҳаддис

Тарихи

Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз)нинг муҳаддис ва муфассир алломаларидан бири, Имом Бухорий сингари тўрт буюк муҳаддисларнинг устози, „Ҳофизу-л-ҳадис“, „Соҳибу-л-муснади-л-кабир“ ва „Соҳибу-т-тафсири-л-кабир“ номлари билан машҳур бўлган муҳаддис Абд ибн Ҳумайд ибн Наср Кашший (Кеший)дир. Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший 170/786-йил Кешда таваллуд топган. Баъзи манбаларда эса кейинроқ таваллуд топган деб таъкидланади. Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший улуғ муҳаддис, муфассир, фақиҳ ва тилшунос бўлиб, „Имом“, „Ҳофиз“, „Ҳужжат“, „Жаввол“ каби юксак лақаблар билан таърифланган. Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший баъзи тарихий асарида „Кашший“, „Кесий“, „Лайсий“ ва „Каъбий“ каби нисбалар билан ҳам келтирилган.[1] Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший ҳадис, тафсир, араб тили грамматикаси ва ҳанафийлик фиқҳига оид асар тасниф этганлиги манбаларда таъкидланган. Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший тўплаган ҳадисларининг саҳиҳлиги ва санадининг ишончлилиги бўйича Мовароуннаҳрдан чиққан илк муҳаддислардан биридир. Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший бошланғич таълимни Мовароуннаҳрда Бухоро, Самарқанд ва Кеш олимларидан олган. Шамсиддин Заҳабийнинг „Тариху-л-ислам“ асарида келтирилишича, Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший илм йўлида икки юздан зиёд жойга сафар қилган ва қайси жойга борса шу жойнинг энг улуғлари билан суҳбатда бўлиб, уларнинг илмидан баҳраманд бўлган ва ҳадисларни исноди билан жамлаган. Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашшийнинг устозлари ва у киши ҳадис келтирган муҳаддислар — Абу Довуд Тайлосий, Назр ибн Шомил Марвазий, Яҳё ибн Одам, Язид ибн Ҳорун, Абу Бакр ибн Абу Шайба, Абулволид Тайлосий, Абу Али Ҳанафий, Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ Даштакий, Умар ибн Юнус Ямомий ва Воқидий каби муҳаддис, ровий ва муфассирлардир. Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший ўзининг „Тафсиру-л-кабир“ ва „Муснаду-л-кабир“ асарида улар ҳақида маълумотлар берган ва улардан ривоят қилган ҳадисларни ўз муснадига киритган. Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашшийнинг устози Абулволид Тайлосийдан олти машҳур муҳаддиснинг бири — Имом Абу Довуд ҳам ҳадис ривоят қилган.[2]

Фаолияти

Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший ҳадисларни жамлаш, китоблар тасниф қилиш билан бирга кўплаб шогирдлар ҳам чиқарган. Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший ҳақида Имом Бухорий ўзининг „Аъламучун-нубувват“ асарида Муслим ибн Ҳажжожнинг улуғ шайхларидандир" — деб ёзган.[3] Шамсиддин Заҳабийнинг „Сияру аълами-н-нубала“ асарида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Муслимлар Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашшийдан ҳадис ривоят қилиб, у кишига шогирд бўлганлиги ҳақида келтирилган.[4] Алломанинг ўғли Муҳаммад ибн Абд ҳам ўз даврининг етук аллома ва ровийлари қаторида эканлиги манбаларда ёзилган. Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашшийнинг Иброҳим ибн Ҳазм ибн Фахр Лаҳмий Шоший, Абулмаъоз Убодий ибн Идрис ибн Бухош Кеший, Саҳл ибн Шазовий Бухорий, Бакр ибн Мирзабон, Шурайҳ ибн Абу Абдуллоҳ Насафий Зоҳид, Муҳаммад ибн Абд ибн Омир Самарқандий, Иброҳим ибн Ҳузайм ибн Қамир Шоший, Абу Саййид Ҳотам ибн Ҳасан Шоший, Салмон ибн Исроил ибн Жобир Хўжандий, Абу Саъидшоҳ ибн Жаъфар ибн Ҳабиб Насафий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар ибн Мансур Кеший, Муҳаммад ибн Мусо ибн Ҳузайл Насафий ва Маҳмуд ибн Анбар ибн Наъим Аздий Насафий каби кўплаб мовароуннаҳрлик шогирдлари бўлган.[5] Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашшийнинг „Муснади Абд“ ва „Тафсири Абд“ асаридан сайланмалари бизгача етиб келган ва бу асар Қоҳирада „Мактабату-с-сунна“ матбаасида муҳаққиқлар Субҳил Бадрий Сомаро-ний ва Маҳмуд Муҳаммад Халил Саъидийлар томонидан тадқиқ этилиб, 1408/1988-йилда „Мунтахаб мин Муснади Абд ибн Ҳумайд“ („Абд ибн Ҳумайднинг Муснадидан сайланмалар“) номи билан нашр этилган.[6] Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший муҳаддис, фақиҳ бўлиши билан бирга муфассир ҳам бўлган. Алломанинг яна бир муҳим асари „Тафсири Абд ибн Ҳумайд“ муҳаққиқ Мухлиф ибн Баниҳи Урф томонидан ўрганилиб 2004-йилда „Дор ибн Ҳазм“ матбаасида „Қитъатун мин тафсиру-л-имам Абд ибн Ҳумайд“ яъни („Имом Абд ибн Ҳумайднинг тафсиридан бир парча“) номи билан бир жилдда нашр этилган. Бугунги кунда дунё қўлёзмалар фондида муҳаддиснинг 24 нусха қўлёзма асар сақланмоқда. Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашший умрининг охирги вақтларини ўз юрти Кешда тафсир ва ҳадис илмидан сабоқ бериш билан ўтказганлиги манбаларда қайд этилган. „Ан-нужуму-з-зоҳира фи мулук Миср ва-л-Қоҳира“ ва „Миръоту-л-жинон ва ибрату-л-яқзон фи маърифати ҳаводиси-з-замон“ китоб-ларида Абд ибн Ҳумайд Ал-Кашшийнинг 249/863-йилда Кешда вафот этган деб келтирилади.[7]

Асарлари

  • „Муснади Абд ибн Ҳумайд“,
  • „Тафсири Абд ибн Ҳумайд“,
  • „Сулосиёт Абд ибн Ҳумайд Каший“,
  • „Китобу-л-ҳуруф ва-л-муъжам“,
  • „Тасарруф“,
  • „Китоб фаъалту ва афъалту“.

Манбалар

  1. ↑ Абу Муҳаммад Маҳмуд ибн Аҳмад Ҳанафийил Мағоний ахёр. Ж. 3. — Б. 304
  2. ↑ Шамсиддин Заҳабийил Сияру аълами-н-нубала. Ж.12. — Б. 23
  3. ↑ Шамсиддин Заҳабийил Тариху-л-ислам. Ж.4. — Б. 42
  4. ↑ Ибн Касир. Бидоя ва-н-ниҳоя. Ж.6. — Б. 144
  5. ↑ Хатиб Бағдодийил Тариху-л-Бағдод. Ж.3. — Б. 147
  6. ↑ Ибн Қифтийил Инбаху-р-руват ала анбахи-н-нухат. Ж.3. — Б. 40
  7. ↑ Камалиддинов Ш. С. Китоб ал-ансоб. — Б. 149.