Huqna
Ҳуқна (клизма) — тўғри ичакка анусдан махсус асбоб ёрдамида суюқлик (кўпинча сув) юборишдан иборат тиббий муолажа. Тозаловчи ҳуқна (ичакдаги нарсаларни чиқариб ташлаш учун қўлланади), дори ҳуқна ва озиқ ҳуқна фарқ қилади. Ҳуқна фақат шифокор кўрсатмасига мувофиқ амалга қоширилади, чунки баъзи ҳолларда (аппендицит, ичак буралиб қолиши ва ҳоказо) у оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Ҳуқна учун махсус ноксимон резина баллон (баъзан махсус қаттиқ учликли қисқичи ёки жўмраги ҳамда учлиги бор резина найчали воронка) қўлланади, шунингдек, эсмарх кружкасидан фойдаланилади, унга суюқлик бир меъёрда бориши учун жўмракча, бириктириш найчасига эса учлик ўрнатилган. Тозаловчи ҳуқна қабзиятда, озиқ-овқатдан заҳарланганда, меъда-ичак йўли ва кичик чаноқ аъзоларини рентгенологик текширишдан, операциядан, туғишдан, дори ва озиқ ҳуқнадан олдин қўлланади. Баъзи бир даво ҳуқнаси айни вақтда тозаловчи ҳуқна функсиясини ҳам ўтайди (мойчечакли, гипертоник, ёғли ва бошқалар). Ҳуқнанинг таъсири суюқлик миқдорига, унинг тезлик билан босим остида юборилишига боғлиқ. Катта ёшдагилар учун ўртача 1 л га яқин тоза илиқ сув керак бўлади. Сув юбориб қилинадиган тозаловчи ҳуқна қабзиятда ичак шиллиқ пардасини таъсирлаб, ичакнинг тўлқинсимон ҳаракати (перисталтикаси) ни кучайтиради, натижада беморнинг ичи келади. Агар беморнинг қимирлаши мумкин бўлмаса уни чалқанча ётқизиб ҳуқна қилинади, беморнинг остига тувак қўйилади. Қорин мускуллари ҳаддан ташқари таранг бўлса, ҳуқна қилинаётганда бемор тизза ва тирсакларига таяниб туриши керак. Ҳуқна қилишдан олдин учликка вазелин ёки глицерин суртилади.
Бажарилиши
Беморни клеёнка солинган ўрин четига чап ёнбоши билан ётқизилади. Чап қўлнинг биринчи ва иккинчи бармоқлари ёрдамида думба керилиб. Ўнг қўл ёрдамида учлик айланма ҳаракат билан тўғри ичакка 10—12 см киргизилади. Ҳуқнадан сўнг мумкин қадар 5—10 дақиқа ҳожатга чиқмай турган маъқул. Ёғли ҳуқна учун ўсимлик мойини 200 мл (болаларга 30 — 50 мл) ҳажмида кечқурун юборилади. Бунда ноксимон резина баллон ишлатилади. Дори ҳуқна дори моддаларининг ичак шиллиқ пардасига таъсир этиши ва дорининг организмга ичак орқали сўрилиши мақсадида қўлланади. Дори моддалари 10 мл ва ундан оз миқдорда юборилганда яхши сўрилади. Дори ҳуқна қилишдан олдин албатта тозаловчи ҳуқна ўтказиш керак. Озиқ ҳуқна — сунъий овқатлантиришнинг бир тури. У организмнинг суюқликка, ош тузига ва оз миқдорда бўлсада, озиқ моддаларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида қўлланади. Озиқ ҳуқна учун ош тузининг физиологик (изотоник) эритмаси, 5 % ли глюкоза эритмаси ва аминокислоталар эритмаларидан фойдаланилади. Бундай ҳуқна тозаловчи ҳуқнадан кейин қилинади. Озиқ ҳуқна фақат врач кўрсатмасига биноан даволаш муассасаларида қўлланади.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |