ҲУҚУҚ ФАЛСАФАСИ ҳуқуқнинг моҳияти, вужудга келиши, ҳуқуқий қоидаларнинг ахлоқий нормалар билан мутаносиблиги ва шу каби бошқа муаммоларнинг фалсафий талқини. Ҳуқуқ фалсафаси ҳуқуқни мантиқий, гносеологик, псиҳологик, социологик ва ахлоқий нуқтаи назардан тадқиқ этади. Ҳуқуқ фалсафаси узоқ муддат давомида фалсаий таълимотларнинг муҳим таркибий қисми сифатида шаклланиб келди. Антик фалсафа намояндалари (Суқрот, Платон, Аристотел) Ҳуқуқ фалсафасининг қатор муаммоларига қўл ургандилар. Улар ҳуқуқ ва адолат, ҳуқуқ ва қонун, ҳуқуқ ва куч-қудрат ўртасидаги муносабатларни, ҳуқуқнинг ижтимоий қадриятлар иерархиясидаги ўрнини аниқлашга интилдилар. Ҳуқуқ Фалсафаси, айниқса, маърифатпарварлик фалсасида (табиий ҳуқуқ назарияси), немис классик фалсасида (масалан, Г.Гегелнинг „Ҳуқуқ фалсафаси“ асари) катта ўринни эгаллади. ХХ асрнингнинг 2-ярмида Ҳуқуқ фалсафаси билан Гуссерл, Шелер. Гартман ва қатор экзистенсиализм намояндалари шуғулландилар. Мазкур мутафаккирлар ҳуқуқ онтологиясини яратишга интиладилар. Уларнинг фикрича, ҳуқуқнинг ўзига хос бирлиги мавжуд, ҳуқуқшунос эса турли ҳуқуқий тушунчалар, меъёрлар ва қадриятларни кашф этиб боради. Бугунги кунда Ғарбда Ҳуқуқ фалсафасининг тарихий ҳуқуқий мактаб (Са- вини) ва неокантчилик (Р.Штаммлер) каби йўналишлари обрў қозонган.

Адабиётлар

Фаласафа қомусий луғат. „ЎЗБЕКИСТОН ФАЙЛАСУФЛАРИ МИЛЛИЙ ЖАМИЯТИ НАШРИЁТИ“ „ШАРҚ“ НАШРИЁТ-МАТБАА АКСИЯДОРЛИК КОМПАНИЯСИ БОШ ТАҲРИРИЯТИ ТОШКЕНТ — 2004