И-Сзин („Ўзгариш китоби“) — қадимги хитойликларнинг метафизик тасаввурлари ўн қисмга (шу сабабли унинг иккинчи номи „Ўн қанот“дир) бўлган ҳолда ифодаланган ва шархлар билан тўлдирилган футурологик маълумотлар мажмуи. У саккизта триграмма (учта кетма-кет келган рамзлар гуруҳи) га асосланган бўлиб, горизонтал ва вертикал шаклда ташкил топган ва ундаги маълумотлар афсонавий император Фу Си (м.а. 3-мингйиллар)га тегишли ҳисобланади. Триграммадаги яхлит чизиқ — ян, яъни ижобий фаол кучни ҳамда айри чизиқ — ин, яъни салбий пассив табиат кучини ифодалайди, қолган чизиқлар юқоридаги икки кучнинг ўзаро таъсир белгиси саналган. Триграммалар хошиясидаги шархларда конфусийлик нуқтаи назаридан табиатга муносабат тарзи баён қилиниб, унда инсон ҳаёти табиат қонунларига монанд эканлиги қайд этилган.

„И-Сзин“ триграммалари халқ орасида астрологик аҳамият касб этиб, у орқали хитойликлар йил фасллари ва умуман, келгуси ҳаётларидаги ўзгаришлар ҳақида тасаввурга эга бўлиб боришган. „Ши-Сзин“ („Қўшиқлар китоби“) — қарийб 3000 га яқин қўшиқларни қамраган конфуцийлик тўплами. У тўрт қисмдан иборат: го-фин — давлат одатлари; сяо-я — кичик қасидалар; да-я — катта қасидалар; сун — мадхдялар. Император Син Ши-хуанди тазйиқи остида ёқиб юборилган „Ши-сзин“нинг аксарият қисми хан даври олимлари томонидан оғзаки анъаналар бўйича тикланган. Мутахассислар фикрича, „Ши-сзин“ хитой таълим-тарбия тизимининг асосини ташкил қилади. „Шу-сзин“ („Тарих китоби“) — хитой халқининг шаклланиши ва унинг қадимги тарихи афсонавий образлар орқали ифодаланган эпик асар. Шунингдек, унда Хитойнинг қадимги тарихига (мил.ав. 2357-627 йй.) оид маълумотлар акс этган бўлиб, улардан аксариятини Конфуций таҳрир қилиб тартибга келтирган. Ушбу китоб идеал ҳукумат тизими ҳақидаги мунозараларга тўла бўлгани учун хитойликлар томонидан юксак баҳоланади. Бундан ташқари, унда инсоният келажаги билан боглиқ башоратомуз маълумотлар қайд этилиб, шулардан бири император Яо давридаги (мил. ав. 2293 й.) сингари келгусида бутун ер юзи сув остида қолиши ҳақида хабар берилган. „Ли сзи“ („Хулқ-атвор қоидалари ҳақидаги рисола“) — ижтимоий алоқалар ва диний маросимларни тартибга солувчи, конфуцийлик нуқтаи назардан, қадимги ҳукмдорлар мисолида идеал бошқарув тизими тўғрисида ҳикоя қилувчи асар. У Чжоу сулоласи маросимлари ҳамда бошқа урф-одатлар ва мусиқага доир мухтасар маълумотлар асосида Конфуций вафотидан сўнг юзага келган. „Чунсю“ („Баҳор ва куз“) — мил.ав. 722-483 йиллар давомида амалда бўлган Лу князлиги солномаси. Таҳминларга кўра, у Конфуций қаламига мансуб, лекин ундаги воқеалар Конфусий вафотидан кейинги даврга тааллуқлиги билан мазкур маълумот ўз тасдиғини топмаган[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 236.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.