IBN JAUZIY
ИБН ЖАУЗИЙ, Жамолиддин Абул Фараж Абдураҳмон ибн Али (тахминан 1116-1201) - ҳанбалийлик, мазҳаби фақиҳи, илоҳиётчи, муҳаддис, тарихчи, бағдодлик машҳур ваъзхон. Бағдодда, ўзига тўқ мисгар оиласида туғилган. Турли фанлардан таълим олган. Ханбалийликнинг машҳур алломалари унга устозлик қилганлар, жумладан, фақиҳ ва ваъзхон Ибн аз-Зағуний (1133 йилда вафот этган), Абу Бакр ад-Диноварий (1137 йилда вафот этган) унга мунозара қилиш санъатидан, адиб Абу Мансур ал-Жаволиқий (1144 йилда вафот этган) унга илми адабдан, Абу-л-Фадл ибн Носир (1150 йилда вафот этган) ҳадис ва Қур’ондан сабоқ берган, фақиҳ Абул Ҳаким ан-Наҳравоний (1161 йилда вафот этган), қози Абу Яда Кичик (1163 йилда вафот этган) ва бошқалар. Ибн Жаузий Бағдоднинг диний-сиёсий ҳаётида фаол қатнашган. Халифа ал-Мустадий даври (1170-80)да ҳанбалий мазҳаби пойтахтда ҳукмрон мавқега эга бўлган. Ибн Жаузий сарой масжидида ваъзхонлик қилганида уни эшитиш учун жуда кўп халқ тўпланган. Халифа вафотидан сўнг ўрнига ан-Носир ўтиргач, вазият ўзгарган ва Ибн Жаузийнинг ишлари орқага кетган. 1194 йилда ҳанбалий вазир Ибн Юнус вазифасидан четлатилиб, қамоққа олинган, ўрнига шиалардан бўлган Ибн ал-Қассоб ўтқазилган. Ибн Жаузий ан-Носир сиёсатини танқид қилгани учун ҳибсга олиниб, Воситга сургун қилинган, у ерда қамоқда қаттиқ назорат остида сақланган. Халифанинг онаси аралашуви туфайлигина 5 йилдан сўнг озод этилган. Ибн Жаузий Бағдодга тантанали суратда қайтиб келгач, бироз вақтдан сўнг вафот этган. Ибн Жаузий энг сермаҳсул мусулмон алломалардан бўлиб, 200 га яқин асар ёзган. Энг машҳур асари — 10 жиддди „ал-Мунтазам“ — халифалик тарихига оид нодир манба. 12-а. 60- 80-йилларида Бағдод ҳанбалийлари пешвоси бўлган Ибн Жаузий ҳанбалийлик ҳаракатига жуда катта таъсир кўрсатган
Адабиётлар
ИСЛОМ ЭНСИКЛОПЕДИЙАСИ „Ўзбекистон миллий энциклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2004.
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (Апрел 2024) |