Ibn Arabshoh
Ибн Арабшоҳ Шиҳобуддин Аҳмад Ибн Муҳаммад Ибн Абдуллох. Ибн Иброҳим (1388, Дамашқ — 1450, Қоҳира) — араб тарихчиси. Амир Темур Шом (Сурия) ни эгаллагач (1401), И. А. ни қариндош-уруғлари билан Самарқандга келтирган. Бу ерда у машҳур олимлардан таълим олган, форс, мўғул ва турк тилларини ўрганган ҳамда адабиёт ва илоҳиёт билан шуғулланган (1401—08). У Хоразм, Мўғулистон, Хитойда ва Олтин Ўрда пойтахти Саройда бўлган. Ҳожи Тархон (Астрахон) да ҳуқуқ фани билан шуғулланган. Қрим орқали Адрианополга келган. 10 йил давомида турк султони Муҳаммад И нинг махсус котиби бўлган. И. А. бир неча тарихий китоб ёзган. "Ғуррат ус-сияр фи дувалиттурк ва-ттатар" ("Турк ва татар халқлари давлатларидаги сийратлар сараси") асари Олтин Ўрда ҳақидаги кўп маълумотларни ўз ичига олган. Аммо бу асар сақланмаган. И. А. нинг "Фукохат ул-хулафо ва муфокаҳат уз-зурафо" ("Халифаларнинг ҳозиржавоблиги ва фаросатлиларнинг ҳазил-кашлиги") асари ҳам бор. И. А. таржимон сифатида Авфийнинг "Жавомиъ улҳикоёт ва лавомиъ ур-ривоёт" ("Ҳикоялар мажмуаси ва ривоятлар жилваси"), Абу Лайснинг "Тафсир" ини форс тилидан туркчага таржима қилган. "Ажоиб ул-мақдур фи ахбори Темур" ("Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари") И. А. нинг энг машҳур асаридир. Бу асар "Амир Темур тарихи" номи билан ўзбек тилида ҳам нашр этилган.
И. А. Амир Темурга нисбатан душманлик руҳидаги муаллифлар жумласидан эди. Бу ҳол унинг асарида тўла акс этди. Шунга қарамай, И. А. асарида Темур давлати ва унга чегарадош мамлакатлар сиёсий, хўжалик ва маданий турмушини қўшимча равишда ойдинлаштириб берувчи кўпдан-кўп диққатга сазовор маълумотларни келтирган.
И. А. Амир Темурга нақадар салбий назар билан қарамасин, ҳар ҳолда унинг шахсини муносиб баҳолаган: "Етмиш ёшли Темурнинг фикрлари ҳали ҳам қатъий, жисмоний жиҳатдан кучли ва бақувватдир... У истеҳзо ва сохталикни ёқтирмайди, бахциз ҳодиса рўй берганда ғамга ботмайди, доим сергак ва мардона туради, унинг олдида ҳамма итоатгўй бўлиб қолади ва ҳурмат бажо келтиради. У мард ва жасур одамларни ёқтиради... У масаланинг моқиятини дарҳол пайқаб оладиган моҳир баҳсчи эди. У фаросати билан ҳақгўй — ёлғончини дарров фарқлар эди, самимий маслаҳатчиларни сохта насиҳатгўйлардан фарқдар эди".
Адабиёт
- Амир Темур тарихи (1-, 2-китоблар; сўз боши, араб тилидан таржима ва изоҳлар муаллифи У. Уватов), Т., 1992.
Убайдулла Уватов.[1]
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |