Ибн Ишоқ Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн Ишоқ Ибн Ясор (704, Мадина — 767, Бағдод) — тарихчи, муҳаддис, Расулулоҳ (сав) ҳақларида бизгача етиб келган энг дастлабки сийратномалардан бирининг муаллифи. 733 йил Мисрга кўчиб борган, 749 йил эса Ироққа келиб, у ерда муқим яшаб қолган. И. И. нинг Бағдодда ёзиб тугаллаган "Китоб сийрат Расулуллоҳ" ("Расулуллоҳ сийратлари хусусида китоб") асари мисрлик филолог Ибн Ҳишом (834 йил вафот этган) таҳрири остида бизгача етиб келган. Шунингдек, И. И. "Ал-Мағозий" ("Ғозийлар фазилатлари ва улар қилган амали солихлар ҳақида китоб"), "Ал-Мубтадаа" ("Ибтидо"), "Таърих ал-хулафо" ("Халифалар тарихи") номли асарлар ҳам ёзган. Унинг "Тарих ал-ху-лафо" асаридан Мадоиний (752—840), Табарий, Рабғузий каби машҳур тарихнавис олимлар фойдаланган. Мас, Мадоиний Ўрта Осиёнинг араблар томонидан фатҳ этилиш даври тарихига доир "Китоб футуҳоти Ҳуросон" ва б. асарларини ёзишда мазкур китобга та-янган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил