Ibn Mojid
Ибн Можид, Шиҳобуддин Аҳмад ибн Можид ас-Саъдий аннаждий (тахминан 1440, Жулфор — 16 а. боши) — машҳур араб денгизчиси (дарғаси), денгизда сузиш илмининг назариётчиси. Умрининг 40 йилдан ортиқ қисмини Ҳинд океанида кема хизматида ўтказган. Унинг аждодлари ҳам денгизчи бўлишган. Португал денгизчиси Васко да Гама бошчилигидаги кемаларни 1498-йил да Африканинг шарқий соҳилидан Ҳиндистоннинг Кожикоде (Коликут) ш. га боришида Арабистон денгизида йўл кўрсатувчи бўлган.
И. М. ўз давридаги билимларни яхши эгаллаган ва ўзи ҳам қирққа яқин асар ёзган. Улар асосан, назмда, бироқ энг йирик асарларидан бири — "Китоб алфавоид фи усул илм ал-бахр ва-лқавоил" ("Денгизчилик илми ва қоидалари асосларига оид фойдали маълумотлар китоби") насрда ёзилган. Асарда араб денгизчиларининг кемаларни Занжибар ва Мадагаскар о.ларидан Тайван ва Индонезиянинг олис оролларигача олиб борган маршрутлари, кемани бошқаришнинг бой назарий ва амалий масалалари ҳамда муаллифнинг кўп йиллик денгизчилик тажрибасидан ҳосил бўлган хулосалар (денгизчилик тарихи, кема бошқарувчисига қўйиладиган талаблар, шамоллар йўналиши, кемалар сузадиган йўналишлар, муссон шамоллари, йирик ороллар ва ҳ. қ.) ўрин олган. Кемани бошқаришда қуёш, ой ва юлдузлар ҳолатини эътиборга олиш, компасдан фойдаланиш, шамолларнинг эсиш пайтлари ва йўналишларини билиш, Ҳинд океани, ундаги ороллар ва соҳиллари тавсифи ва ҳоказо баён қилинган. Назмда ёзилган йирик асарларидан бири "Ҳовииёт ал-ихтисорфи усул илм ал-биҳор" ("Денгиз илми асосларининг мухтасар достони") минг байтлик кат-та уржузадан иборат (1462-йил ёзиб тугатилган).
И. М. асарларида кемаларнинг , асосан Қизил денгиз, Форс қўлтиғи, Ҳинд океанида сузиш йўналишлари тавсифланган, уларда ўша даврнинг денгиз астрономиясига оид деярли барча билимлар мужассамланган. У денгизчилик фани бобида қўлланмалар яратган биринчи йирик олим сифатида маълум. И. М. ва бошқа араб денгизчиларининг тажрибалари европаликларнинг Ҳинд океанидаги кема қатновида жуда катта ёрдам берган.[1]
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |