Абу Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Иброҳим ибн Зулақ ал-Лайсий (тахм. 919–996), одатда Ибн Зулақ (ёки Ибн Завлақ) номи билан танилган, Мисрнинг маҳаллий тарихига, хусусан, у ердаги Ишхидийлар сулоласи ва Фотимийлар халифалигининг дастлабки йилларига бағишланган асарлар ёзган мисрлик тарихчи эди.

Ибн Зулақ 918/919-йилда Мисрда туғилган ва у ерда 996/997-йилда вафот этган[1][2]. Унинг асарларининг аксарияти тўғридан тўғри сақланиб қолмаган, бироқ кейинги тарихчилар, масалан, Ибн Саид ал-Мағрибий (13-аср), ал-Мақризий (15-аср) ва Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (16-аср) томонидан кенг қўлланилган ва унинг номи кўп маротаба келтириб ўтилган[1][3].

Унинг асарлари орасида Миср ноиблари ва қозилари тарихи (бу асар 9-аср алломаси ал-Киндийнинг шу йўналишдаги ишини давом эттиради), вазирлар хонадони ҳисобланган ал-Мазораий оиласи тарихи; ҳамда Ишхидийлар сулоласи асосчиси Муҳаммад ибн Туғж ал-Ихшид ва ишхидийлар ҳокими Абул-Миск Кофур ҳақида китоблар бор эди[1][4]. Айниқса, ал-Ихшид таржимаи ҳоли унинг ўғли Абул-Ҳасан Али ибн ал-Ихшид (ҳ. 961–966) ҳукмронлигининг бошида, унинг илтимосига биноан ёзилгани айтилади. Ички маълумотларга бойлиги билан ажралиб турадиган бу асар Ибн Зулақнинг ўша давр Миср ҳукмрон доиралари билан жуда яқин алоқада бўлганини кўрсатади[2]. Али бу асари учун Ибн Зулақни сахийлик билан мукофотлаган ва бундан кўринадики, у ишхидий зодагонларининг бошқа юксак мансабдор аъзолари учун ҳам улар ҳақидаги мадҳиялар ёзиш тўғрисида буюртмалар олган[5].

Фотимийларнинг Мисрни забт этиши (969)дан сўнг, Ишхидийлар тузумининг кўплаб илмли арбоблари каби, Ибн Зулақ ҳам тезда янги тузумга мослашди ва халифа ал-Муизз ли-Дин Аллоҳдан (ҳ. 953–975) тортиб, вазир Ибн Киллисгача бўлган ҳокимият доираларига кириш имкониятини сақлаб қолди[6]. Бу унга ал-Муизз тарихи, эҳтимол, унинг вориси ал-Азиз Биллоҳ (ҳ. 975–996) тарихини ҳам ёзиш имконини берди[1][4]. Забт этишга бошчилик қилган лашкарбоши Жоҳар таржимаи ҳоли кейинги Исмоилий манбаларда келтирилади. Владимир Иванов унинг, эҳтимол, ал-Муизз ҳақидаги асарнинг бир қисми бўлганини тахмин қилган[1][4]. Яна бир асари – Миср ва Ироқни қиёслаш – эҳтимол, фотимийлар томонидан атайлаб тарғибот асари сифатида буюртма қилинган. Тарихчи Яаков Левнинг қайд этишича, бу асар нафақат „ўзларининг янги мулки бўлган Мисрни улуғлаш“га, балки „рақиб Аббосийлар халифалиги ва унинг Бувайҳий ҳукмдорлари ўтирган Ироқ аҳамиятини бир пайтнинг ўзида камситиш“га ҳам қаратилган эди[7]. Унинг Миср тарихи (Тарихи Миср) асари вафотидан сўнг аввал ўғли Абул-Ҳусайн, сўнгра набираси томонидан давом эттирилган[4].

Ҳоким доираларга кириш ҳуқуқига эга бўлган замондош гувоҳ сифатида, Ибн Зулақ Ишхидийлар, Мисрнинг фотимийлар томонидан забт этилиши ва у ердаги фотимийлар ҳукмронлигининг дастлабки даври бўйича „энг ишончли манба“ ҳисобланади, бироқ айнан унинг асарларини ҳомийлик қилган шу доираларга бўлган яқинлиги асарларининг ҳаққонийлигига шубҳа туғдиради. Шунга қарамай, деярли ҳеч қандай бошқа замондош манба сақланиб қолмагани сабабли, унинг маълумотларини солиштириб текшириш амри маҳол. 14-аср тарихчилари Байбарс ал-Мансурий ва ан-Нувайрийнинг баёнлари унинг айрим маълумотларини тасдиқласа-да, уларнинг ўзлари ҳам манба сифатида Ибн Зулақдан фойдаланган-фойдаланмаганини аниқлаш қийин[8].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 Леwис эт ал. 1971, с. 979.
  2. ↑ 2,0 2,1 Лев 1979, с. 315.
  3. ↑ Саййид 1977, сс. 3–4.
  4. ↑ 4,0 4,1 4,2 4,3 Саййид 1977, с. 4.
  5. ↑ Лев 1979, с. 316.
  6. ↑ Лев 1979, с. 317.
  7. ↑ Лев 1979, сс. 316–317.
  8. ↑ Лев 1979, сс. 317–318.

Адабиётлар