Ибн ал-Қифтий, Жамолуддин Абулҳасан Али ибн Юсуф Иброҳим ибн Абдулвоҳид аш-Шайбоний ал-Қифтий (1172, Қифт — 1248, Ҳалаб) — араб тарихчиси, адиби ва давлат арбоби. Қоҳирада фиқҳ, ҳуқуқ, адабиёт, илми нужум, ҳандаса, табобат, мантиқ ва тарих бўйича таълим олган. 1187-йил отаси билан Қуддусга кўчиб келган. Бу ерда Қоҳирада олган билимларини янада такомиллаштириб, келгусида ёзадиган асарлари учун манбалар туплаган. тахминан 1201-йил Қуддусда сиёсий вазият ёмонлашгани боисидан отаси билан Ҳаррон (Месопотамияда) га кўчиб ўтган. 1213-йил Ҳалаб ҳокими уни молия ишлари девони бошлиғи этиб тайинлаб, унга „Ал-Қозий ал-акрам“ („Энг саховатпе-ша қози“) фахрий унвонини инъом этган. Бу мансабда у давлат манфаатлари йўлида хизмат қилиш билан бирга йирик олимларга ҳам ҳомийлик қилган, чунончи мўғуллар босқини туфайли Ўрта Осиёдан қочиб келган Ёқут Ҳамавийта бошпана бериб, моддий ёрдам кўрсатган. 1236-йил Ҳалаб ҳокими томонидан вазир этиб тайинлаган Ибн ал-Қифтй умрининг охирига қадар шу мансабда ишлаган.

Ибн ал-Қифтй 20 га яқин асар ёзган, улардан бизгача етиб келганлари орасида энг муҳими — „Китоб ихбор ал-уламо биахбор алҳукамо“ („Ҳакимлар хусусидаги хабарлар билан олимларни таништириш китоби“) дир. Бу асар кўпроқ „Таърих алҳукамо“ („Ҳакимлар тарихи“) номи билан машҳур. Унда қадим замонлардан то муаллиф даврига қадар яшаб ўтган 414 олимнинг таржимаи ҳоли берилган бўлиб, уларнинг талайгина қисмини Ҳуросон ва Мовароуннаҳр олимлари ташкил қилган. Мазкур асар Лейпсиг (1903) ва Қоҳира (1908) да нашр этилган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил