Ичак тутилиши - ичак ҳаракат фаолиятининг кескин бузилиши билан ифодаланадиган оғир касаллик. Ичакнинг тўла ёки қисман тутилиши, шунингдек, кечишига кўра, ўткир (ичакдан овқатнинг сурилмай бирдан туриб қолиши) ёки сурункали (овқат масса-сининг оз-оздан, бора-бора буткул ўтмай қолиши) ичак тутилиши фарқ қилинади. ичак тутилишининг динамик ва механик хили бор. Динамик ичак тутилиши ичак ҳаракатининг бузилиши, баъзан ичак перисталтикасининг тўхташи сабабли (паралитик шакли), баъзан ичакнинг тортишиб қисқариши (спазм) туфайли рўй беради. Чандиқлар, ўсма, полиплар, ўт йўлидан ичакка тушган тошлар, ичакка тушган ёт жисмлар, ён аъзолардаги ўсмаларнинг ичакни сиқиб қўйиши ва б. механик ичак тутилишига сабаб бўлади. Узоқ вақт оч юриб ҳаддан зиёд кўп овқат ейиш, ичак шиллиқ қаватидаги яллиғланиш жараёнлари (колит, энтероколит), шунингдек, ичак перисталтикасини кучайтирадиган дизентерия, ичакнинг буралиб бир-бирига кириб қолиши ҳам ичак тутилишига олиб келиши мумкин. Қорин соҳасида қаттиқ оғриқ туриши, ичак перисталтикасининг кучайиши, қайт қилиш, қорин дам бўлиб ич келмай қолиши, қон босимининг пасайиши, пулс тезлашиши ичак тутилишига хос аломатлардир. Даво зудлик билан жарроҳлик усулини қўллашдан иборат. Шифокор келгунга қадар ўз билгича иссиқ ёки турли дори-дармонлар қилиш ярамайди, акс ҳолда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил