Идеализм (қадимги юнонча: ἰδέα — идеа сўзидан) — фалсафадаги асосий оқимлардан бири; онг, руҳ, тафаккур бирламчи, материя, табиат, борлиқ иккиламчи деб талқин этувчи қарашлар тизими. Материализмнинг муқобили. И. нинг обектив ва субъектив шакллари бор. Обектив И. дунёнинг асосида инсон онгидан ташқарида ва унга боғлиқ бўлмаган ҳолда ғайритабиий руҳий ибтидо (ғоя, оламий ақл) ётади, деб ҳисоблайди. Бундай таълимотнинг йирик намояндалари антик фалсафада Платон, Плотин, Прокл; янги даврда — Г. В. Лейбниц, Ф. В. Шеллинг , Г. В. Ф. Гегел бўлган. Субъектив И. инсон онгидан ташқ-аридаги объектив реалликни инкор этиб, фақат субъектив сезгилар мавжуд, деб билади. Бу ғоя Ж. Беркли, Д. Юм, И. Г. Фихте таълимотида яққол ифодаланган. Руҳий ибтидо кандай тушунилишига қараб И. нинг хилма-хил кўринишларини бир-биридан ажратиш мумкин; оламий ақл (панлогизм) ёки оламий ирода (волюнтаризм), ягона руҳий субстансия (идеалистик монизм) ёки кўпдан-кўп руҳий биринчи унсурлар (плюрализм), аклан, мантиқан англанадиган ибтидо (идеалистик рационализм), сезгиларнинг ҳиссий хилма-хиллиги (идеалистик эмпиризм ва сенсуализм, феноменализм) илмий билиш объекти бўла олмайдиган, қонуниятга бўйсунмайдиган, мантиққа зид ибтидо (иррационализм).

Одатда, „идеалист“ (идеал сўзидан) тушунчаси олижаноб мақсадларга интилувчи беғараз одамга нисбатан ҳам ишлатилади.[1]

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил