Ижтимоий нафақа - муайян сабабларга кўра, меҳнат қилиш имкониятига эга бўлмаган ва доимий равишда ёрдамга муҳтож фуқароларга давлат томонидан бериладиган нафақа. Биринчи марта Ўзбекистон Республикасида И.н. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994-йил 24-июндаги қарори билан жорий қилинган (1990—94 йилларда ижтимоий пенсиялар).

И.н. 16 ёшгача ногирон болалар, 1-ва 2-гуруҳ болаликдан ногиронлар ҳамда пенсия тайинлаш учун меҳнат стажига эга бўлмаган ва уларни боқишга мажбур бўлган қариндошлари бўлмаган 65 ёшга тўлган эркаклар, 60 ёшга тўлган аёлларга, 1- ва 2-гуруҳ ногиронларига тайинланади.

И.н. миқдори пенсиядан фарқли равишда қатъий миқдорда белгиланади. Республикада болаликдан ногиронларга бериладиган И.н. ойига 8970 сўм, зарур меҳнат стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ҳамда меҳнатга лаёқациз фуқароларга бериладиган И.н. ойига 5435 сўм (2002, 1 август). 2002-йил 1-январ ҳолатига кўра Ўзбекистонда И.н. олувчилар 258,8 минг кишини ташкил этади ва уларнинг асосий қисмини болаликдан ногирон бўлганлар (229,9 минг киши) ташкил этади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил