Ижтимоий стигма — бу шахс ёки гуруҳни жамиятнинг бошқа аъзоларидан ажратиб кўрсатилишига хизмат қиладиган ижтимоий хусусиятлари сабабли камситиш. Дастлаб паст табақали деб ҳисобланган кишиларнинг кўзга ташланадиган белгиларига нисбатан қўлланилган стигма тушунчаси замонавий жамиятда ижтимоий-иқтисодий мақом, маданият, жинс, ирқ, дин ёки соғлиқ ҳолати каби муайян хусусиятларга асосланиб, турли гуруҳ ёки шахсларга нисбатан ишлатиладиган ижтимоий тушунчага айланди. Ижтимоий стигма турли кўринишларда намоён бўлиши мумкин ва унинг пайдо бўлиши аниқ вақт ҳамда жойга боғлиқ. Инсон стигматизацияга учраши билан у кўпинча руҳий муаммоларга олиб келадиган қолиплашган фикрлар билан боғланиб қолади. Инсонда ўзига қарши стигма ҳам вужудга келиши мумкин, бу ўша инсон ўзидаги бирор хусусиятни салбий деб ҳисоблашидан келиб чиқади ва „бузилган ўзига хослик“ (яъни, ўз-ўзини қоралаш)га олиб келади[1][2].

Тавсиф

Стигма (кўпликда: стигмалар ёки стигмата) юнонча сўз бўлиб, у дастлаб жиноий жавобгарликка тортилган, қул ёки хоин сифатида кўрилган одамларнинг терисини кесиб ёки куйдириб туширилган белги ёки татуировка турига ишора қилган. Бу белги уларни гўёки инсониятга доғ туширган ёки ахлоқан бузилган шахслар сифатида кўрсатиш учун қўлланилган. Айниқса, жамоат жойларида бундай одамлардан қочиш керак эди[3].

Ижтимоий стигмалар турли шаклларда пайдо бўлиши мумкин. Уларнинг маданият, жинс, ирқ, дин, касаллик билан боғлиқ энг кенг тарқалган турлари мавжуд. Белгили одамлар одатда ўзларини бошқача ҳис қилган ва бошқалар томонидан камситилган.

Стигма, шунингдек, шахсни нохуш хусусиятлар тўплами билан боғлайдиган ва стереотип ҳосил қиладиган ёрлиқ сифатида ҳам та’рифланиши мумкин[4]. 

Стигма стигматизация қилинганларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир қилиши мумкин. Бу инсонлар кўпинча ўзларининг стигматизаторлари улардан кутган тарзда ҳаракат қилишни бошлайдилар. Бу нафақат уларнинг хатти-ҳаракатларини ўзгартиради, балки уларнинг ҳис-туйғулари ва эътиқодларини ҳам шакллантиради[5]. Стигмага учраган ижтимоий гуруҳлар аъзолари кўпинча депрессияга олиб келадиган нотўғри қарашларга дуч келишади (яъни депрежудиция)[6]. Бу стигмалар одамнинг ижтимоий ўзига хослигини таҳдидли вазиятларга қўяди, масалан, ўзини паст баҳолашига сабабчи бўлади. Шу сабабли, шахсият назариялари юқори даражада тадқиқ қилинган.

Стигмага учраган гуруҳ а’золари ўзларига бошқаларга нисбатан фарқли муносабатда бўлинаётганини ва камситилиш эҳтимоли юқори эканлигини англай бошлайдилар. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, „10 ёшга етганда, кўпчилик болалар жамиятдаги турли гуруҳлар ҳақидаги маданий стереотиплардан хабардор бўладилар. Стигматизацияга учраган гуруҳларга мансуб болалар эса бундай маданий қолиплар ҳақида ундан ҳам ёшроқ пайтда билиб оладилар“.

Манбалар

  1. ↑ Гоффман, Э. (1963). Стигма: бузилган шахсни бошқариш бўйича эслатмалар. Ню-Ёрк: Саймон ва Шустер.
  2. ↑ Лин C. Ҳоллей, Наташа С. Мендоза, Мелисса М. Дел-Колле ва Марқуита Лйнетте Бернард (2016). Гетеросексизм, ирқчилик ва руҳий касалликларни камситиш: руҳий саломатлик ҳолати бўлган одамлар ва уларнинг оилалари тажрибаси, Гей ва лезбиен ижтимоий хизматлари журнали.
  3. ↑ Гоффман, Эрвинг (2009). Стигма: бузилган шахсни бошқариш бўйича эслатмалар. Ню-Ёрк: Саймон ва Шустер.
  4. ↑ Жаcобй А, Снапе Д, Бакер ГА (2005), „Эпилепсия ва ижтимоий ўзига хослик: сурункали неврологик касалликнинг стигмаси“, Ланcет Неурологй.
  5. ↑ Бренда Мажор; Лори Т. ЎБраен (2005). „Стигманинг ижтимоий психологияси“. Психологиянинг йиллик шарҳи.
  6. ↑ Кокс, Уилям ТЛ; Абрамсон, Лин Й.; Девине, Патрисия Г.; Ҳоллон, Стивен Д. (2012). „Стереотиплар, нотўғри қарашлар ва депрессия: интеграциялашган истиқбол“. Психология фанининг истиқболлари.