Иллюзия (лот. иллусио — янглиш тасаввур, янглишиш) — воқеликни нотўғри, янглиш идрок этиш. Икки хил иллюзия фарқ қилинади: а) сезги ва идрокнинг муайян қонунлари туфайли рўй берадиган иллюзиялар. Кўпинча, нарса ва ҳодисаларни яхлит идрок қилиш кишида янглиш тасаввур ҳосил этади. Масалан, оғирлиги айнан тенг, аммо катталиги ҳар хил бўлган икки буюмни кетма-кет кўтариб кўрилса, каттаси енгилроқ, кичиги оғирроқдек туюлади. Бунинг сабаби шундаки, киши ҳажми каттароқ буюмнинг ҳажми кичикроқ буюмдан оғир эканлигини ўз тажрибасида доимо синаб келган, бинобарин, ҳажми ҳар хил буюмларни кўз билан идрок қилганда беихтиёр шу тажрибасига таяниб, каттароқ буюмларни ушлаганида кўпроқ зўр беради, кичикроқ буюмни қўлига олганда унча зўр бермайди.

Иллюзия кўп ҳолларда кўзнинг чалғиши билан боғлиқ. Бу хил иллюзиялар оптик иллюзия дейилади. Оптик иллюзия муайян шароитда турли кесмалар узунлиги, бурчаклар катталиги, нарсалар ўртасидаги масофалар ва шу кабиларни ўзаро таққосланганда кузатилади. Бу хил иллюзиялар турмушда кўп учрайди. Шунингдек, эшитиш иллюзияси (бировнинг нутқидаги айрим со'злар бошқача бир маънода айтилган сўздек эшитилади), ҳаракат иллюзияси (поезд жуда ҳам тез юрганда вагондаги кишига гўё у ҳаракат қилмаётгандек туйилади) ва бошқа инсондаги психофизиологик, кўпинча ҳаяжонланиш, чарчаш, қўрқиш ҳолатларида рўй берадиган субектив иллюзиялар. Масалан, ўрмондаги тўнка қўрқоқ одамнинг кўзига биронта йиртқич қайвонга ўхшаб кўринади. Соғлом одамларда иллюзия ўткинчи ҳолат; айрим психик касалликлар (макропсия, метаморфопсия, гиперпатия ва ҳоказолар) натижасида пайдо бўладиган иллюзия эса анча турғун. Иллюзияни йўқ нарсалар бордек бўлиб туюладиган ҳолат — галлюсинациядан фарқ қилиш керак.

Иллюзия хусусиятларини билиш улардан тўғри фойдаланиш имкониятини беради. Масалан, тўла кишилар узунасига йўл-йўл кийим кийишга ҳаракат қиладилар. Чунки бу хил кийимларда киши иллюзия туфайли нисбатан ихчам бўлиб кўринади. Оптик иллюзиядан тасвирий санъатда, меъморчилик ва ҳарбий маскировкада, босмахона шрифтларини тайёрлашда кенг фойдаланилади;

Миркомил Мирбобоев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил