ИЛМ ал-ҲАДИС— ҳадис, илми ҳадисшунослик — ҳадисларни ўрганишга бағишланган илм соҳаси. Сохта ҳадислар сонини илк ислом давридаёқ ошиб кетгани мусулмон уламолари орасида уларга нисбатан танқидий ёндашиш лозим эканини кўрсатди. Муҳаддислар муомаладаги сохта ҳадисларни аслдан ажратиш учун уларни синчиклаб ўрганиш заруриятини англаб етганлар. Мусулмон танкидчилигининг асосий эътибори ҳадиснинг мазмуни (матн)га эмас, балки ровийлар занжири (иснод)га қаратилган, исноднинг сифатли бўлиши етказилган маълумотнинг тўғрилигига кафолат ҳисобланган, Муҳаддислар учун ровийлар (ар-рижал) занжири (силсила)ни узлуксизлигини белгилаш муҳим бўлган. Ровийларнинг исми, яшаган ёшлари, таржимайи ҳолларини билишга ҳаракат қилганлар. Уларнинг имони софлиги ва ахлоқий хусусиятлари алоҳида муҳим аҳамият касб этган. Ровийлар ҳақида батафсил маълумот тўплаш ва уларни танқидий ўрганиш Илм ал-Ҳадисда алоҳида йўналиш - маърифат ар-рижол („ровийлар ҳақида билим“)ни вужудга келтирган. Бу билимни ҳар бир билимдон муҳаддис эгалламоғи лозим ҳисобланган. Ровийларни аниқлаш махсус луғат ёки иснодларда номи зикр этилган шахсларнинг таржимайи ҳоллари битилган табақот кўринишидаги маълумотномаларнинг яратилишига олиб келган. Бу турдаги асарларнинг бизгача етиб келгани Ибн Саъд (845-йилда вафот этган)нинг „Китоб табақот ал-кабир“ асаридир. Шу билан бир қаторда „заиф“ ҳадис ровийлари ҳақида ҳам маълумотномалар ёзилган, масалан, „ан-Насоий“ (915-йилда вафот этган)нинг „Китоб ад-ду’афа“ асари. Ҳадислар танқиди жуда пухта бўлган, шу муносабат билан махсус истилохлар пайдо бўлган. Ҳадислар бир хил қийматга эга бўлмасдан, „саҳиҳ“ (ишончли), „ҳасан“ (яхши) ва „заиф“ (кучсиз) каби турларга бўлинган. „Саҳиҳ“ ҳадис деб тўлиқ, ҳеч қандай узилишсиз ровийлари бўлган, ровийларининг имони ва фазилатлари ҳеч қандай эътирозга сабаб бўлмайдиган ҳадисларга айтилади. „Ҳасан“ ҳадис деб, ровийлари занжирида узилиш бор бўлган ҳадисларга айтилади. Бундай ҳадислар гарчи „саҳиҳ“лардан пастроқ даражада турса-да, ҳар ҳолда илоҳиёт — ҳуқуқий масалаларни ечишда қабул этилиб, улардан фойдаланилган. „Заиф“ ҳадис деб ҳадиснинг мазмуни шубҳа туғдирса ёки ровийлардан бири ишончга нолойиқ деб топилса, шундай деб аталган. Бундай ҳадислар фақатгина улардан турли хилдаги ўгит-насиҳат ёки яхши одоб-ахлоққа оид мисоллар келтирилган ҳолдагана қабул қилинган. Ҳадислар танқидига ИХ асрнинг йирик алломалари, мусулмон оламида энг ишончли деб ҳисобланган олти саҳиҳ ҳадис тўпламларининг муаллифлари: Бухорий (870-йилда вафот этган), Муслим (875-йилда вафот этган), Ибн Можа (886-йилда вафот этган), Абу Довуд ас-Сижистоний (888-йилда вафот этган), Термизий(892-йилда вафот этган) ва Насоий (915-йилда вафот этган)лар катта ҳисса қўшдилар

Адабиётлар

ИСЛОМ ЭНСИКЛОПЕДИЙАСИ „Ўзбекистон миллий энциклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2004