Imlo
Имло (араб. – тўғри ёзиш), орфография – сўз ва гапларнинг, сўз қисмларининг фафика воситалари ёрдамида тўғри ёзилиши; муайян тилдаги тўғри ёзиш қоидалари мажмуи. Бу қоидалар сўзларнинг товуш таркиби ҳамда сўз ва унинг морфологик таркибининг ёзилиши, сўзларни қўшиб ёки алоҳида ёзиш, бош ҳарфларни тўғри қўллаш, бўғин кўчириш ва бошқа бевосита ёзув билан боғлиқ бўлади. Шу боис Имло қоидалари вазиятга кўра ўзгариб ҳам туради. Кирилл ёзувидаги ўзбек адабий тилининг Имло қоидалари 1940-йилдан шакллана бошлаган бўлса, 1956-йилда. Ўзбек адабий тилида фонетик, морфологик, тарихий-этимологик Имло қоидалари амал қилади. Фонетик ёзув Имло қоидаларига мувофиқ айрим сўзларнинг ўзак ва қўшимчаларидаги ўзгаришлар ҳисобга олиниб, талаффузга мувофиқ ёзилади (кўк+га=кўкка, боғ+га=боққа, булоқ + га=булоққа ва бошқалар). Морфологик [1]
Орфография, айтилганидек, тўғри ёзиш қонун-қоидаларини ўрганади. Бунинг асосини имло тўғрисидаги қоида ташкил этади. Лотин ёзувига ўтилгандан кейин бу ёзувда ҳам имло тўғрисидаги қоида қабул қилиш эҳтиёжи туғилди ва у 1995-йил 24-августда тасдиқланди. Ҳозирги қоидалар тизими 7 бўлим, 82 параграфдан иборат. Қуйида фақат 31-параграфдан кейингисини келтирамиз.
31. Ёнма-ён келадиган ундошларнинг имлоси:
- баланд,Самарқанд, поезд; дўст, артист, ғишт каби сўзларда д, т баъзан айтилмаса ҳам ёзилади;
- металл, килограмм, киловатт, конгресс, каби о'злашма со'злар охирида бир ундош айтилса ҳам икки ҳарф ёзилади. Лекин бундай сўзга худди шу товуш билан бошланадиган қисм қўшилса, со'з охиридаги бир ҳарф ёзилмайди: металл+лар=металлар, килограмм+ми=килограми каби;
32. ъ-тутуқ белгиси;
- аъло, баъзан, маъюс, таъзим; раъй, таъб; эълон, эътибор, эътиқод, меъмор, неъмат, шеър, феъл; Ну’мон, шу’ла каби ўзлашма сўзларда унлидан кейин шу унли товушнинг чўзиқроқ айтилишини ифодалаш учун қўйилади; мўжиза, мўтадил, мўтабар, каби сўзларда ў унлиси чўзиқроқ айтилса ҳам, тутуқ белгиси қўйилмайди;
- инъом, санъат, қатъий, мас’ул каби ўзлашма сўзларда унлидан олдин шу унли олдинги ундош товушдан ажратиб айтилишини ифодалаш учун қўйилади.
Асос ва қўшимчалар имлоси
33. Қўшимча қўшилиши билан сўз охиридаги унли ўзгаради:
- а унлиси билан тугаган феълларга -в, -қ, -қи, қўшимчаси қўшилганда а унлиси о айтилади ва шундай ёзилади: сайла-сайлов, сина-синов, ая-аёвсиз; сўра-сўроқ, бўя-бўёқ; ўйна-ўйноқи, сайра-сайроқи каби;
- и унлиси билан тугаган кўпчилик феълларга -в, -қ қўшимчаси қўшилганда бу унли у айтилади ва шундай ёзилади: ўқи-ўқувчи, қази-қазувчи, сови-совуқ каби. Лекин и унлиси билан тугаган айрим феълларга -қ қўшимчаси қўшилганда бу унли и айтилади ва шундай ёзилади: оғри-оғриқ, қави-қавиқ каби.
Эслатма:
- ундош билан тугаган барча феълларга -ув қўшилади: ол-олув, ёз-ёзув каби;
- ундош билан тугаб, таркибида у унлиси бор феълга -уқ қўшилади: уз-узуқ, ют-ютуқ каби. Лекин уюшиқ, бурушиқ, учуриқ (шунингдек, булдуриқ) каби сўзларнинг учинчи бўғинида и айтилади ва шундай ёзилади.
34. к, қ ундоши билан тугаган кўп бўғинли сўзларга, шунингдек, бек, йўқ каби айрим бир бўғинли сўзларга эгалик қўшимчаси қўшилганда к ундоши г ундошига, қ ундоши ғ ундошига айланади ва шундай ёзилади: тилак-тилагинг, юрак-юрагим, кубок-кубоги, бек-беги; таёқ-таёғи, қошиқ-қошиғи, яхшироқ-яхшироғи, йўқ-йўғи каби. Лекин кўп бўғинли ўзлашма сўзларга, бир бўғинли кўпчилик сўзларга эгалик қўшимчаси қўшилганда к, қ товуши аслича айтилади ва ёзилади: иштирок-иштироки, очерк-очерки, эрк-эрки, ҳуқуқ-ҳуқуқим, равнақ-равнақи каби.
35. Қуйидаги қўшимчалар қўшилиши билан сўзнинг таркибида товуш тушади ёки ошади:
- ўрин, қорин, бурун, ўғил, бўйин, кўнгил каби баъзи сўзларга эгалик қўшимчаси, қайир, айир каби феълларда нисбат шакли ясовчиси -ил қўшимчаси, икки, олти, етти сўзларига -ов, -ала қўшимчалари қўшилганда иккинчи бўғиндаги унли айтилмайди ва ёзилмайди: қорин-қорни, кўнгил-кўнгли; қайир-қайрил, улуғ-улғай, сариқ-сарғай каби;
- у, бу, шу, ўша олмошларига -да, -дан, -дай, -даги, -гача, -ча қўшимчалари қўшилганда н товуши қўшиб айтилади ва шундай ёзилади: унда, бундай, шунда, ўшанча каби; бу олмошларга эгалик қўшимчалари қуйидагича қўшилади: бурнингиз, ўшаниси каби;
- о, ў, у, э унлиси билан тугайдиган сўзга эгалик қўшимчаси қуйидагича қўшилади:
- кўпчилик сўзларга эгалик қўшимчалари -м, -нг, -си; -миз, -нгиз, -си (ёки -лари) шаклида товуш орттирмай қўшилади: бобом, бобонг, бобоси; бобомиз, бобонгиз, бобоси (ёки боболари); орзум, орзунг, орзуси; орзумиз, орзунгиз, орзуси каби;
- парво, обрў, мавқе, мавзу, авзо сўзларига биринчи, иккинчи шахс эгалик қўшимчалари қўшилганда бир й товуши қўшиб айтилади ва шундай ёзилади: парвойим, парвойинг; парвойимиз, парвойингиз; обрўйим, обрўйинг; обрўйимиз, обрўйингиз каби; учинчи шахс эгалик қўшимчаси парво, авзо, обрў, мавқе сўзларига -йи шаклида, худо, мавзу сўзларига эса -си шаклида қўшилади: авзойи, мавзуси каби (доҳий каби й ундоши билан тугаган сўзларга ҳам учинчи шахсда -си қўшилади: доҳийси каби);
4. мен, сен олмошларига -ни, -нинг, -ники қўшимчалари қўшилганда қўшимчадаги н товуши айтилмайди ва ёзилмайди: мени, менинг, меники; сени, сенинг, сеники каби.
36. Қуйидаги қўшимчаларнинг биринчи товуши икки хил айтилса ҳам бир хил ёзилади:
- -бон, -боз қўшимчалари баъзан -вон, -воз айтилса ҳам ҳамма вақт -бон, -боз ёзилади: дарвозабон, масхарабоз каби. Лекин -вачча қўшимчаси ҳамма вақт шундай айтилади ва ёзилади: амакивачча, холавачча каби;
- ўрин келишиги ва чиқиш келишиги қўшимчасининг, ўтган замон ясовчиси ва учинчи шахс кўрсаткичи -ди қўшимчасининг бошидаги ундош баъзан т айтилса ҳам ҳамма вақт д ёзилади: ишда, мисдан, кетди, келмабди каби.
37. Қуйидаги қўшимчаларнинг бош товуши икки ёки уч хил айтилади ва шундай ёзилади:
- тақлид со'здан феъл ясовчи -илла (чирилла, тақилла) қўшиммчаси сўз таркибида в ёки у товуши бўлганда -улла айтилади ва шундай ёзилади: шовулла, ловулла, гурулла каби;
- нисбат шаклини ясовчи -дир қўшимчаси жарангли ундош билан тугаган бир бўғинли сўзларга (кел сўзидан бошқа), шунингдек, з ундоши билан тугаган орттирма нисбат ясовчисидан кейин қўшилади: қувдир, кулдир; ўтказдир, томиздир каби. Қолган барча ҳолларда бу қўшимча -тир айтилади ва шундай ёзилади: уялтир, чақиртир каби;
- жўналиш келишиги қўшимчаси -га, чегара билдирувчи -гача, равишдош шаклини ясовчи -гач, -гунча, -гани, -гудек, сифатдош шаклини ясовчи -ган, буйруқ майлининг иккинчи шахс кўрсаткичи -гин, шунингдек, -гина қўшимчаси уч хил айтилади ва шундай ёзилади:
- к ундоши билан тугаган сўзга қўшилганда бу қўшимчаларнинг бош товуши к айтилади ва шундай ёзилади: токка, йўлаккача, кўниккач, зериккунча, тўккани, кичиккина каби;
- қ ундоши билан тугаган сўзларга қўшилганда бу қўшимчаларнинг бош товуши қ айтилади ва шундай ёзилади: чопиққа, қишлоққача, ёққач, қўрққудек, аччиққина каби;
- қолган барча ҳолларда, сўз қандай товуш билан тугашидан ва бу қўшимчаларнинг бош товуши к ва қ айтилишидан қатъи назар, г ёзилади: баргга, педагогга, буғга, оғган, сиғгунча каби.
Қўшиб ёзиш
38. хона, нома, поя, боп, хуш, ҳам, бахш, кам, умум, ранг, мижоз, сифат, талаб каби сўзлар ёрдамида ясалган қўшма от ва қўшма сифатлар қўшиб ёзилади: қабулхона, табрикнома, таклифнома, бедапоя, оммабоп, хушхабар, ҳамсуҳбат, оромбахш, камқувват, буғдойранг, умумхалқ, совуқмижоз, девсифат, сувталаб каби.
39. -(а)р (инкори -мас) қўшимчаси билан тугайдиган қўшма от ва қўшма сифатлар қўшиб ёзилади: ўринбосар, отбоқар, чўлқувар, ишёқмас, қушқўнмас каби.
40. Такрор тақлид сўзларга қўшимча қўшиш билан ясалган от ва фе'ллар қўшиб ёзилади: пирпирак (пир-пир+ак), ҳайҳайла (ҳай-ҳай+ла), гижгижла (гиж-гиж+ла) каби,
41. Нарсани (предметни) бошқа бирор нарсага нисбатлаш (қиёслаш), ўхшатиш йўли билан билдирувчи қўшма от ва қўшма сифатлар қўшиб ёзилади: карнайгул, қўзиқорин, отқулоқ, ойболта, девқомат, шерюрак, бодомқовоқ, қирғийкўз каби.
42. Нарсани унинг ранги, мазаси, ўзидаги бирор нарсаси ва шу каби белгилари асосида билдирувчи қўшма отлар қўшиб ёзилади: олақарға, қизилиштон, аччиқтош, мингоёқ каби.
43. Нарсанинг бирор мақсад, иш учун мўлжалланганлигини билдирувчи қўшма отларқўшиб ёзилади: кирсовун, қийматахта, токқайчи, ошрайҳон, кўзойнак, молқўра, носқовоқ каби.
44. Нарсани жойга нисбат бериш асосида билдирувчи қўшма отлар қўшиб ёзилади: тоғолча, чўлялпиз, сувилон, қашқаргул каби.
45. Маросим, афсона кабиларни билдирувчи қўшма отлар қўшиб ёзилади: кирювди, келинтушди, қорёғди, Уртўқмоқ, Очилдастурхон каби.
46. Қаратувчили бирикманинг бир сўзга айланиши билан юзага келган қўшма отлар қўшиб ёзилади: мингбоши, сўзбоши, олмақоқи каби.
47. Иккинчи қисми турдош от билан ёки обод сўзи билан ифодаланган жой номлари қўшиб ёзилади: Янгийўл, Тўрткўл, Мирзаобод, Халқобод каби. Лекин иккинчи қисми атоқли от бўлган жой номлари ажратиб ёзилади: Ўрта Осиё, Кўҳна Урганч, Ўрта Чирчиқ каби.
48. Рус тилидан айнан ўзлаштирилган ёки сўзма-сўз таржима қилиш йўли билан ҳосил қилинган қўшма сўзлар қўшиб ёзилади: кинотеатр, радиостансия, фотоаппарат, элрктротехника, телекўрсатув, яримавтомат, байрамолди, сувости каби.
49. Қисқартманинг барча турлари ва уларга қўшиладиган қўшимчалар қўшиб ёзилади: СамДу, ТошДунинг каби. Лекин ёнма-ён келган икки қисқартма ажратиб ёзилади: ЎзХДП МК (Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши) каби.
50. Бир товуш икки ёки ундан ортиқ товуш тарзида айтилса, бундай ҳолат ҳарфни такрор ёзиш билан кўрсатилади: йўўқ, нимаа, ҳимм, уффф каби.
Чизиқча билан ёзиш
51. Жуфт сўз ва такрор сўз қисмлари чизиқча билан ёзилади: эл-юрт, меҳр-шафқат, қовун-тарвуз, омон-эсон, кеча-кундуз, ёзин-қишин, аста-секин, уч-тўрт, ўн-ўн бешта (10-15 та), билинар-билинмас, борди-келди, куйди-пишди, дон-дун, оз-моз, майда-чуйда, алдаб-сулдаб, ўйлаб-нетиб, сўрамай-нетмай, кийим-кечак, ади-бади, икир-чикир, ич-ичидан каби.
Эслатма
- жуфт сўздан қўшимча ёрдамида ясалган сўзлар ҳам чизиқча билан ёзилади: бахт-саодатли, хайр-хўшлашмоқ каби;
- жуфт сўз қисмлари орасида -у(-ю) боғловчиси келса, ундан олдин чизиқча қўйилади ва жуфт сўз қисмлари ажратиб ёзилади: дўст-у душман (дўст-душман), кеча-ю кундуз (кеча-кундуз) каби;
- етакчи ва кўмакчи феъл бир хил шаклда бўлса, чизиқча билан ёзилади: ёзди-олди, борасан-қўясан каби.
52. Белгини кучайтирувчи қип-қизил, ям-яшил, дум-думалоқ, куппа-кундузи, тўппа-тўғри, баб-баробар каби сўз шакллари чизиқча билан ёзилади (лекин оппоқ сўзи қўшиб ёзилади).
53. Сўзнинг -ма, ба- ёрдамида бирлашган қисмлари чизиқча билан ёзилади: кўчама-кўча, уйма-уй, ранг-баранг, дам-бадам каби. Лекин мустақил ишлатилмайдиган қисм қатнашса, бундай сўзлар қўшиб ёзилади: рўбарў, дарбадар каби.
54. Рус тилидан айнан ёки сўзма-сўз таржима қилиш йўли билан олинган сўзлар аслига мувофиқ чизиқча билан ёзилади: унтер-офицер, киловатт-соат каби.
55. -чи, -а(-я), -ку,-у(-ю), -да, -э, -эй юкламалари чизиқча билан ёзилади: сен-чи, кутаман-а, мингта-я, келди-ку, келган-у, қўй-э, яшанг-э, келди-эй каби. Аммо -ми, -оқ(ёқ), -ов(ёв), -гина(-кина, -қина) юкламалари ўзидан олдин келган сўзга қўшиб ёзилади: келибоқ, ўзиёқ, кўрганов, менгина, қўшиққина каби.
56. Тартиб сон араб рақами билан ёзилса, -нчи қўшимчаси ўрнига чизиқча(-) қўйилади: 7-синф, 5-"А" синфи, 60-йиллар, 1-сентябри каби. Тартиб сонни кўрсатувчи рим рақамидан кейин чизиқча ёзилмайди: ХХ аср, Х синф каби.
Ажратиб ёзиш
57. Қўшма феълнинг қисмлари ажратиб ёзилади: сарф қил, таъсир эт, тамом бўл, сотиб ол, олиб кел, миқ этма каби. 58. Кўмакчи феъл ва тўлиқсиз феъл мустақил феълдан ажратиб ёзилади: айтиб бер, олиб кўр, сўраб қўй, кўра қол, бера бошла, йиқилаёзди; кетган эди, кетган эмиш каби. Лекин мустақил феъл билан ёрдамчи феъл орасида товуш ўзгариши бўлса, бундай қисмлар қўшиб ёзилади: айтавер (айта бер), боролади (бора олади), биларкан (билар экан) каби. 59. Кўмакчилар ажратиб ёзилади: шу билан, соат сайин, борган сари каби. Лекин билан кўмакчисининг -ла шакли, учун кўмакчисининг -чун шакли чизиқча билан ёзилади: сен-ла, сен-чун каби.
60. Ҳамма, ҳар, ҳеч, бир, қай, у, бу, шу, ўша сўзлари ўзидан кейинги ёки олдинги сўздан ажратиб ёзилади: ҳамма вақт, шу ёқдан каби. Лекин бирпас, бироз, биратўла, бирваракайига, бирмунча, буён сўзлари қўшиб ёзилади. Шунингдек, қай сўзи ёқ, ер сўзи билан ишлатилганда бир й товуши тушса, бу сўзлар қўшиб ёзилади: қаёққа, қаерда каби.
61. Сифат олдидан келиб, белгининг ортиқ ёки камлигини билдирадиган тўқ, жиққа, тим, лиқ, ланг, оч каби сўзлар ажратиб ёзилади: тўқ қизил, жиққа ҳўл, тим қора, ланг очиқ каби.
62. Мураккаб сон қисмлари ажратиб ёзилади: ўн бир, бир минг етти юз саксон бешинчи каби.
63. Йилдан йилга, томдан томга каби биринчи қисми чиқиш келишигида, иккинчи қисми жўналиш келишигида бўлган бирикма ажратиб ёзилади.
64. Белгининг ортиқ даржасини билдирувчи кўпдан кўп, текиндан текин, янгидан янги, очиқдан очиқ, қизигандан қизиди кабилар ажратиб ёзилади.
65. Изофали бирикмалар ажратиб ёзилади. Бунда изофа ундош билан тугаган сўзларга и шаклида, унли билан тугаган сўзларга йи шаклида қўшилади: дарди бедаво, нуқтайи назар, таржимайи ҳол каби. Лекин изофа ёзилмайдиган сўзлар, шунингдек, қисмларидан бири ёки ҳар иккиси ўзбек тилида мустақил ишлатилмайдиган сўзлар қўшиб ёзилади: гулбеор (гули беор), дардисар каби.
Бош ҳарф имлоси
66. Кишининг исми, ота исми, фамилияси, тахаллуси, рамзий атоқли оти бош ҳарф билан бошланади: Муҳаббат Мажидовна, Ҳамза Ҳакимзода каби:
67. Жой номлари бош ҳарф билан бошланади: Андижон, Янгийўл (шаҳарлар), Найманча, Булоқбоши (қишлоқлар), Бодомзор, Чиғатой (маҳаллалар), Заврақ (дара), Ёрқоқ (яйлов), Қоратоғ, Помир (тоғлар), Оқтепа, Учтепа (тепалар), Зарафшон, Сирдарё (дарёлар), Ёйилма (канал); Туркия, Ҳиндистон (мамлакатлар) каби. Бундай атоқли от таркибидаги сифатловчи ҳам бош ҳарф билан ёзилади: Шимолий Кавказ, Марказий Қизилқум каби.
68. Юлдуз ва сайёралар, бошқа хил осмон жисмларининг атоқли оти бош ҳарф билан бошланади: Ҳулкар, Қавс, Миррих (юлдуз ва сайёралар номи), Тинчлик денгизи (Ойдаги релеф номи) каби. Ер, қуёш, ой сайёра номи бўлиб келгандагина бош ҳарф билан ёзилади: Ер Қуёш атрофида, Ой Ер атрофида айланади.
69. Маданий-маиший ва савдо корхоналарига, адабиёт ва санъат асарларига, саноат ва озиқ-овқат маҳсулотларига, шунингдек, транспорт воситалари, спорт иншоотларига қўйилган номлар бош ҳарф билан бошланади: Тонг (меҳмонхона), Саодат (фирма), Наврўз (хайрия жамғармаси), Камалак (матбаа бирлашмаси), Ғунча (боғча), Ботаника (санатория), Пахтакор (стадион), Қутлуғ қон (роман), Дилором (опера), Тановар (куй), Озодлик (ҳайкали), Жасорат (ёдгорлик), Сино (совитгич) каби.
70. Муҳим тарихий сана ва байрамларнинг номлари таркибидаги биринчи сўз бош ҳарф билан бошланади: Мустақиллик куни, Хотира куни, Рамазон ҳайити, Наврўз байрами каби.
71. Давлатларнинг, давлат олий ташкилотлари ва мансабларининг, халқаро ташкилотларнинг номидаги ҳар бир сўз бош ҳарф билан бошланади: Ўзбекистон Республикаси, Россия Федерацияси, Миср Араб Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг Раиси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон Тинчлик Кенгаши каби. Бошқа таркибли номларда олий мансабни билдирувчи биринчи сўзгина бош ҳарф билан бошланади: Бош вазирнинг ўринбосари, Мудофаа вазири, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси каби. Вазирликлар ва идоралар, корхоналар ва ташкилотлар номи таркибидаги биринчи сўз бош ҳарф билан бошланнади: Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фан ва техника давлат қўмитаси, Фанлар академияси, Тилшунослик институти каби.
72. Давлатнинг олий даражали мукофоти номи таркибидаги ҳар бир сўз боши ҳарф билан бошланади: Ўзбекистон Қаҳрамони (унвон), Олтин юлдуз (медал). Бошқа мукофотлар, фахрий унвонлар, нишонлар номидаги биринчи сўзгина бош ҳарф билан бошланади: Соғлом авлод учун (орден), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (фахрий унвон), Матбаа аълочиси (нишон) каби.
73. Гапнинг биринчи сўзи бош ҳарф билан бошланади: Ер тагидан Муқаддасга бир қараб олдим. (О.Й).
Эслатма
- кўчирма гапдан кейин келган муаллиф гапининг биринчи сўзи (агар у атоқли от бўлмаса) кичик ҳарф билан ёзилади: „Бу мен“,—қўрқибгина жавоб берди кўлага. (О.Й);
- хатбошига гапнинг саналувчи қисмлари чиқарилганда бундай қисмлар олдидан чизиқ қўйилади ва улар кичик ҳарф билан ёзилади:
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўришга тайёрлаш вақтида тегишли орган (мансабдор шахс) қуйидаги масалаларни: —мазкур ишни кўриб чиқиш унинг ҳуқуқ доирасига кириш-кирмаслигини; —маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги протокол ва ишга оид бошқа материаллар тўғри тузилган -тузилмаганлигини ҳал қилади;
- гапнинг қисмлари қавсли рақам ёки қавсли ҳарф қўйиб саналса, бундай қисм ҳам кичик ҳарф билан ёзилади: Ҳозирги ўзбек адабий тилининг луғат бойлиги асосан беш манба негизида таркиб топган:
- умумтуркий сўзлар;
- ўзбекча сўзлар;
- тожик тилидан кирган сўзлар;
- араб тилидан кирган сўзлар;
- рус тилидан кирган сўзлар.
74. Таркибли номнинг бош ҳарфидан иборат қисқартма, атоқли от бўлмаган баъзи бирикманинг қисқартмаси бош ҳарф билан ёзилади: АҚСҲ (Америка Қўшма Штатлари), БМТ (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти), АЭС (атом электр стансияси) каби. Қисқартма таркибида бўғинга тенг қисм бўлса, унинг биринчи ҳарфигина бош ҳарф билан ёзилади: ТошДТУ (Тошкент давлат техника университети) каби.
Кўчириш қоидаси
75. Кўп бўғинли сўзнинг олдинги сатрга сиғмай қолган қисми кейинги сатрга бўғинлаб кўчирилади: тўқ-сон, си-фатли, пах-такор, пахта-кор каби. Тутуқ белгиси олдинги бўғинда қолдирилади: ваъ-да, маъ-рифат, маш'-ал, инъ-ом каби.
76. Сўзнинг бош ёки охирги бўғинибир ҳарфдан иборат бўлса, улар қуйидагича кўчирилади:
- сўз бошидаги бир ҳарфдан иборат бўғин ёлғиз ўзи олдинги сатрда қолдирилмайди: а-бадий эмас, аба-дий, э-шикдан эмас, эшик-дан каби;
- сўз охиридаги бир ҳарфдан иборат бўғин ёлғиз ўзи кейинги сатрга кўчирилмайди: мудофа-а эмас, мудо-фаа каби.
77. Ўзлашма сўзнинг бўғинлари чегарасида келган икки ёки ундан ортиқ ундош қуйидагича кўчирилади:
- икки ундош келса, улар кейинги сатрга биргаликда кўчирилади: диа-грамма, моно-графия каби;
- уч ундош келса, биринчи ундош олдинги сатрда қолдирилиб, қолган икки ундош кейинги сатрга кўчирилади: силин-дрик каби.
78. Бир товушни кўрсатувчи ҳарфлар бирикмаси (ш, ч, нг) биргаликда кўчирилади: пе-шайвон, пе-шона, маи-шат, пи-чоқ, си-нгил, де-нгиз каби.
79. Бош ҳарфдан ёки бўғинга тенг қисм ва бош ҳарфдан иборат қисқартма, шунингдек, кўп хонали рақам сатрдан сатрга бўлиб кўчирилмайди: АҚСҲ, БМТ, 16, ХХ каби.
80. Ҳарфдан иборат шартли белги ўзи тегишли рақамдан ажратиб кўчирилмайди: 5-"А" синф, 110 гр, 25см каби.
81. Атоқли от таркибига кирадиган рақам номи ажратилган ҳолда кейинги сатрга кўчирилмайди: „Наврўз-92“ (фестивал), „Ўқитувчи-91“ (кўрик-танлов), „Андижон-9“, „Термиз-16“ (ғўза навлари), „Боинг-767“ (самолёт), „Фотон-774“ (телевизор) каби.
82. А. Ж. Жабборов, А. Д. Абдувалиев кабиларда исм ва ота исмининг биринчи ҳарфига тенг қисқартма фамилиядан ажратиб кўчирилмайди. Шунингдек, в.б.(ва бошқалар), ш.к.(шу кабилар) сингари ҳарфий қисқартмалар ҳам олдинги сўздан ажратиб кўчирилмайди.
Манбалар

Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. - [1]
- ↑ Менглиев, Бахтиёр; Холиёров, О'рал; Абдураҳмонова, Нилуфар. Имло қоидалари. Академнашр — 62-72-бет. ИСБН 978-9943-4405-0-0.