Иммануил Кант (олмонча: Иммануэл Кант , 22-апрел 1724, Кенигсберг — 12-феврал 1804, ўша ерда) — немис файласуфи. Немис классик фалсафасининг асосчиларидан бири. Кенигсберг университетида профессор (1770—1796). Мантиқ ва метафизикадан ҳамда табиий фанлардан, хусусан, географиядан дарс берган. Кант критицизм ёки транссендентал фалсафанинг асосчиси ҳисобланади.

Иммануэл Кант

Кант фалсафаси қуйидаги ривожланиш босқичини босиб ўтди:

1) табиий-илмий босқич (1747—1755) — бу даврда «Осмоннинг умумий табиий тарихи ва назарияси» (1755) асарини ёзди, бунда Кант ўзининг космогоник назариясини олга сурди (қаранг Кант гипотезаси);
2) метафизик босқич — у Волф метафизикасидан воз кечиб, …
3) танқидий босқич — бу даврда Кант кўпроқ билиш муаммолари билан шуғулланди. «Соф ақлнинг танқиди» (1781), «Амалий ақлнинг танқиди» (1789), «Мулоҳаза қобилиятининг танқиди» (1790) асарлари шу даврда ёзилган. Кант билиш назариясида агностицизмга мойил. Кант билиш жараёнида «нарса ўзида» билан «биз учун нарса»ни бир-биридан фарқ қилади. «Нарса ўзида» — ўзича мавжуд бўлган объектдир. «Биз учун нарса» — объектнинг инсон идрок қилган қисмидир. Унинг фикрича, инсон «нарса ўзида» (моҳият)ни билишга қодир эмас, у фақат «биз учун нарса»ни, яъни ҳодисаларни билиши мумкин. Кант агностицизми инсон билими аниқ тарихий ҳарактерга эга эканлиги билан чегараланганлигига, инсон ҳеч вақт ҳамма нарсани охиригача билиб ололмаслигига асосланган. Борлиқнинг барча қисмлари билиш объекти бўла олмаслиги ҳам бу ерда муҳим аҳамиятга эга;
4) танқидийдан кейинги босқич — бу давда Кант мантиқ, педагогика, табиий география ва прагматик антропология (яъни ҳарактерология)га оид маърузаларини нашр эттирди. Кант фикрича, инсон тажриба ва амалиёт билан ҳар қандай билимга эга бўлавермайди. Инсонда априор (тажрибагача) билимлар ҳам бўлади. Булар туғма билимлардир (масалан, математика, фалсафа). Илмий билишнинг ишончлилиги ва ҳақиқийлиги унинг энг умумийлиги ва зарурийлиги билан белгиланади. Кант ўз фалсафасида билиш назариясини биринчи бўлиб фалсафий муаммо сифатида атрофлича ишлаб чиқишга ҳаракат қилди.

Кантнинг ахлоқий қарашлари унинг «Ахлоқ метафизикаси асослари» (1775), «Инсон табиатидаги азалий ёмонлик» (1792) каби асарларида баён қилинган. Ахлоқий бурчни ахлоқий қонун шаклида таърифлайди. Унинг маъноси шуки, ҳар бир инсон шундай хатти-ҳаракат қилиши лозимки, бу бошқалар учун ҳам қоидага айлансин. Кант виждонни ахлоқий ҳакам деб таърифлайди. Инсонларнинг бир-бирига муҳаббати ва ҳурмати асосий инсоний бурчлардир. Гаман, Гердер ва Якоби Кантнинг ғояларига қарши чиқдилар. Фихте, Шеллинг, Гегел эса ўзларининг идеалистик метафизикасини Кант номи билан боғладилар. Кант ўзининг ижтимоий фалсафасида ахлоқни сиёсатдан устуворлигини таъкидлайди. У бошқа халқлар ерларини босиб олиб ўзини оқлашга уринишни, жиноят қилиб ўз айбига иқрор бўлмасликни, «ажратиб ташла ва хукмронлик қил» ақидасини ахлоққа зид хатти-ҳаракат деб баҳолайди. Кантнинг фикрича, инсон хуқуқи муқаддасдир. Кантнинг қарашлари кейинги илмий ва фалсафий тафаккур тараққиётига таъсир кўрсатди. ХИХ асрнинг 60-йилларида Кант ғоялари асосида неокантчилик вужудга келди.

Абдулла Аюпов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар