Immun zardoblar
Иммун зардоблар - бирор антиген билан иммунланган одам ва ҳайвонлар қонидан олинадиган ва таркибида шу антигенга хос антителолари бўлган зардоблар. Иммун зардоб, одатда, сунъий иммунланган ҳайвонлар (қуён, от, денгиз чўчқалари) қонидан (қаранг Иммунлаш) ёки баъзи юқумли касалликлар билан оғриб ўтган кишилар қонидан олинади. И. з. нинг ҳимоя ва даво хусусиятлари улар таркибида махсус бирикмалар — касаллик қўзғатувчи омилларни топа олиш (уларга нисбатан махсус сезувчанлиги бор) ва зарарсизлантириш хусусиятига эга бўлган антителолар борлигига асосланган (қаранг Иммунитет). Ёт оқсили бор ҳар қандай агентнинг киришига жавобан одам ёки ҳайвон организмида антителолар қосил бўлади ва унинг қон зардобида узоқ вақт, баъзан, умрбод сақланади. Баъзи юқумли касалликлар билан оғриган одамларнинг бир умр ушбу касаллик билан қайта касалланмасликларининг боиси шунда. Диагностика (серодиагностика) ва даво-профилактика (серопрофилактика, серотерапия) мақсадида қўлланадиган И.з. мавжуд. Организмга И. з. юборилганда пассив имменитет ҳосил бўлиб, у маълум муддат (2—4 ҳафта) сақланиб туради. Шуни назарда тутиб, инфексион касаллик (мас, қизамиқ) билан оғриган беморга яқин юрган кишиларни касалликдан сақлаш мақсадида И. з. билан эмланади. И. з. бўғма, қоқшол, ботулизм ва ҳоказони даволашда, шунингдек, илон, ари, баъзи ҳашаротлар чаққанда ва б. ҳолларда қўлланади. Зардоб таркибидаги антителонинг табиатига қараб антитоксик, антибактериал, антивирус ва илон заҳарига қарши И. з. фарқланади. Ке-йинги йилларда антилейкоцитар зардобларнинг кашф этилиши ва уларни тиббиёт амалиётида қўлланиши аъзо ва тўқималарни кўчириб ўтказишда донор ва реципиентни аниқлаш, шунингдек, иммуногенетика масалаларини ўрганиш имконини берди. И. з. юборилгандан кейин баъзан шок ва зардоб касаллиги рўй бериши мумкин. Бунинг олдини олиш учун иммун зардобни юборишдан олдинроқ (15—30 дақиқа, баъзан 1—2 кун илгари) унинг озроқ миқдори юбориб кўрилади.[1]
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |