Иммунодиагностика (иммунитет ва диагностика) — амалий иммунологиянинг бўлими; инфексион касалликларни серологик текширишга асосланган бактериолиз; агглютинация, преципитация ва б. диагностик реаксиялар ёрдамида аниқлаш. Юқумли касалликлардан ташқари, қон гуруҳини аниқлашда ва суд тиббиётида крннинг одам ёки ҳайвон қони эканлигини билишда ҳам И. усулларидан фойдаланилади.

Ветеринарияда ҳайвонларнинг кўпгина юқумли касалликларини, шунингдек, касал ва микроб ташувчи ҳайвон турларини аниқлашда И. қўлланади. Сил, бруцеллёз, манқада И. маълум режа асосида мунтазам равишда олиб борилади. Ҳоз. И. нинг фақат қон, зардобга эмас, балки ҳужайралар ва молекуляр даражадаги янги усуллари ишлаб чиқилган, улар одамнинг иммун ҳолатини, кўпгина касалликларга ирсий мойиллик борлигини, айниқса орттирилган иммун танқислик синдроми (СПИД) каби ниҳоятда хавфли касалликларни яширин даврида аниқлаш имкониятини беради. [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил