Википедияда исми Имомқул бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Имомқулихон ибн Динмуҳаммадхон (чиғатойча: امام قلی خان‎‎; 1589, Бухоро хонлиги — 1644, Макка яқинидаги Арафот тоғи, Усмонийлар империяси) — ўзбекларнинг Аштархонийлар сулоласининг вакили ва Бухоро хонлиги ҳукмдори (1611—1642), саркарда.

Имомқулихон
чиғатойча: امام قلی خان‎‎

Имомқулихон портрети
 Бухоро хонлиги ҳукмдори
Мансаб даври
1611-йил – 1642-йил
Ўтмишдоши Вали Муҳаммадхон
Вориси Надр Муҳаммад
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1589-йил
Бухоро хонлиги
Вафоти 1644-йил
Макка яқинидаги Арафот тоғи, Усмонийлар империяси
Фуқаролиги Бухоро хонлиги
Ота-онаси

Имомқулихон хонликни марказлаштириб, мамлакат мудофаасини мустаҳкамлашга ҳаракат қилган. У Бухоро хонлиги ҳудудига шимол томондан хавф солган қалмоқлар, жунғорларга қарши муваффақиятли жанглар олиб борган. Хонлик ҳудудидаги бир қанча ўзбошимча амалдорлар ва ҳокимлар ҳаракатини бостирган[1].

Имомқулихон ҳукмронлиги даврида Россия, Туркия, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар билан фаол ташқи сиёсат олиб борган. Жумладан, Туркияда ҳукмронлик қилган Усмонийлар империяси ҳукмдори Аҳмад И ва Мурод ИВ, Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласи вакиллари Жаҳонгир ва Шоҳ Жаҳон, Россияда Романовлар сулоласи ҳукмдори Михаил Фёдорович билан фаол дипломатик муносабатларни ўрнатган.

Унинг даврида мамлакатда кўплаб бунёдкорлик ишлари олиб борилган. Жумладан, Бухорода Пояндабий масжиди, Мавлона Мискин мадрасаси[2], Нодир девонбеги хонақоҳи[3], Нодир девонбеги мадрасаси[4], Мағоки Кўрпа масжиди, Меҳтар Ориф мадрасаси[5], Самарқандда эса Қози Соқи мадрасаси[6], Шердор мадрасаси[7], Саййид Аҳмадхожа мадрасаси[8], Тиллакори мадрасаси[9] қурилган.

Имомқулихоннинг 31 йиллик[10][11] ҳукмронлик фаолияти давомида хонликнинг мавқеи кўтарилган ва мамлакатда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий барқарорлик яхшиланган[12]. Манбаларда Имомқулихоннинг ҳукмронлик даври Ҳусайн Бойқаро даври билан қиёсланган[10].

Келиб чиқиши

Аштархонийлар сулоласининг вакилларидан бири бўлмиш Имомқули 1589-йилда таваллуд топган. Отаси Дин Муҳаммад шайбонийлардан бўлган ҳукмдор Абдуллахон ИИ (1556–1598) даврида ҳарбий саркарда бўлиб, бир нечта шаҳар[13] ва вилоятларда[14][15] ҳокимлик қилган.

Антон Алексеев Искандарбек Муншийнинг „Тарихи оламоройи Аббосий“ асарининг Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланаётган нусхасига асосланиб, Имомқулихон ва Надр Муҳаммадхоннинг онаси саййидлар авлодидан бўлганлигини ёзган[16]. Аксар манбаларда Дин Муҳаммадхоннинг ўғилларидан фақатгина Надр Муҳаммадхон саййидлар авлодидан эканлиги кўрсатилган[17][18][19][20].

Имомқулихон насабининг тармоғи Чингизхонга етади ва Жўжихоннинг 13-ўғли Тўқай Темурга бориб тақалади. Тарихдан маълумки, Тўқай Темурга 14 улус мулк қилиб берилган. Унинг улуси таркибига Манғишлоқ, Ҳожи Тархон ва Шимолий Кавказдаги аслар ери кирган[21]. „Имомқулинома“ асарида муаллиф Имомқулихоннинг насабини Амир Темур насабига бориб боғлаган[22]. Қуйида Имомқулихон насабининг келиб чиқиши Муҳаммад Толибнинг „Матлаб ут-толибин“[23], Ҳофиз Таниш Бухорийнинг „Имомқулинома“[24] асарида келтирилган. Бундан ташқари, Акбар Замонов тадқиқотларида манбалар билан қиёсланган насабнома ҳалқаси ҳам келтирилган[15].

Муҳаммад Толибда Ҳофиз Таниш Бухорийда Акбар Замоновда
Чингизхон Чингизхон Чингизхон
Жўчихон Жўчихон Жўчихон
Тўқай Темурхон Тўқа-Темур
Ўзтемурсултон Ўз-Темур
Абойсултон Абан
Тумағонсултон Тумағонсултон Тумған
Қутлуғ-Темур
Али-Темур
Темурқутлуқхон Темур Қутлуғхон Темур-Қутлуқ
Темурсултон Темурбек Султон Темур Султон
Муҳаммадхон Муҳаммадхон Муҳаммадхон
Ҳавоқхон Жавоқхон Жувак
Бобоғишлоқхон Бобо Ғишлоқхон Манқишлах
Ёрмуҳаммадхон Ёрмуҳаммадхон Ёр Муҳаммад
Жонишхон Шохбудоғхон Жони Султон
Динмуҳаммадхон Динмуҳаммадхон Дин Муҳаммадхон
Имомқулихон Имомқулихон Имомқулихон

Тахтга келишигача бўлган давр

Аштархоний ҳукмдор  – Вали Муҳаммадхон (1605–1611)

Имомқули отаси Дин Муҳаммад 1598-йилда вафот этгач, содиқ хизматкорларидан бири Ҳақ Ясовул томонидан унинг хотини ва икки ўғли Имомқули ва Надр Муҳаммадлар жанг майдонидан олиб кетилган. Имомқули ва Надр Муҳаммад от устидаги икки хуржунда олиб қочилаётган пайтда душман томонидан отилган ўқнинг бири Надр Муҳаммаднинг оёғига бориб тегган. Надр Муҳаммад шундан кейин оқсоқланиб юрадиган бўлган[15]. Вали Муҳаммадхон 1605-йил тахтга ўтирганидан сўнг, Имомқулини Самарқанд ҳокими қилиб тайинлаган[15]. Чунки Вали Муҳаммадхон Балхни ўз назоратида сақлаб қолиб, унинг валиаҳд бўлишини истамаган. 1606-йилда Имомқули ва Надр Муҳаммад[25] Чағониён, Балх ва Ҳисорда бўлиб ўтган амирларнинг ҳаракатини бостирган. Аста-секин мамлакатда Имомқулининг нуфузи ошиб борган. Вали Муҳаммадхон жияни Имомқулига қарши фитна уюштира бошлаган. Бу фитнага Дўстимбий арғун оталиқ ва қатағон қабиласининг бошлиқлари бошчилик қилган[25]. Аммо Имомқули бундан хабар топиб, ишончсиз амирларга қарши чоралар кўрган. Айнан шу ҳодисалардан сўнг, Вали Муҳаммадхон ва жияни Имомқули ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган[25]. Сарой амалдорлари Вали Муҳаммадхон Қаршига шикорга кетган пайтда унга қарши фитна уюштиришган ва Имомқули тахтга кўтарилган[26]. 1611-йил[27] августда[28] бўлиб ўтган жангда Имомқули Вали Муҳаммадхонни енгган ва у асирга олиниб, қатл этилган[29].

Бухоро хонлиги ҳукмдори

1611-йил Вали Муҳаммадхон вафот этгач, Имомқулихон Бухоро хони сифатида тахтни эгаллаган. Дастлаб укаси Надр Муҳаммадни Балх ҳокими сифатида тайинлаган. Имомқулихон даврида мамлакатда ижтимоий, сиёсий, иқтисодий муносабатлар тараққий этган[26]. Арминий Вамбери унинг ҳукмронлик даври ҳақида шундай ёзади: „Имомқулихон ночорлар ишини енгиллаштирди, арз билан келганларни қайтармади, унинг даврида на камбағал, на бечора қолганди. Чиқарган буйруқлари ижроси борасида амалдорларга қаттиқ турарди, қоронғи тушиши билан оддий кийим кийиб, вазири ва қўриқчи билан бозор айланиб, оддий халқнинг ҳақиқий турмуш аҳволидан бохабар бўлиб турарди. У уламо ва абадо ҳамда шоирлар билан суҳбатдан лаззат топиб, кўп вақтини ҳукмдор либосини ечиб, дарвешлик хирқасини кийиб юриб ўтказар, ҳар нарсани ўзи дарҳол билиши учун вазири Нодир девонбеги ва яқин маҳрами Абдулвосеъ билан шаҳар айланар эди“[30]. Имомқулихон ҳукмронлиги даврида Бухоро хонлигида бирор маротаба ҳам исён кўтарилмаган[31]. У муҳтожларга ёрдам берган ва шикоят қилганларнинг мушкулини осон қилган. Имомқулихон даврида мамлакатда тиланчи ва камбағал бўлмаган[32]. Муҳаммад Юсуф Мунший ўз асарида у ҳақида шундай ёзган: „Имомқулихон оёқлари давлат узангисида бўлган пайтда, на Балхда, на Бухорода қўзғолон ва тартибсизликлар бўлмади“[18]. У асарида Имомқулихонни Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлик даври билан қиёслаган[32].

Мамлакат мудофааси учун олиб борган юришлари

Имомқулихон хон сифатида кўтарилгач, дастлаб мамлакат мудофаасини мустаҳкамлашга киришган. Бу даврда Бухоро хонлигининг шимолий томонига қозоқлар ва қалмоқлар таҳдид солаётган эди. У Бухоро хонлигининг шимоли-шарқий чегаралари учун қозоқлар, қалмоқлар ва жунғорларга қарши курашлар олиб борган[32]. Имомқулихон Хуросон ва Хоразмни қайта эгаллаб олмаган бўлса-да, Андижон, Туркистон ва Тошкент ҳудудларига хавф солган қалмоқлар ва қозоқларга қарши кураш олиб борган[33]. 1613-йилда Имомқулихон Туркистон чегараларидан то Ашпара ва Қоратовнинг чекка ҳудудларигача қорақалпоқлар, қозоқлар ва қалмоқларга қарши жанг қилиб, уларни енгган[33].

Тошкент ҳудудининг қайтарилиши

1612–1613-йиллардаги юришлар натижасида Тошкент мамлакат ҳудудига қўшиб олингач, Имомқулихон ўғли Искандар Султонни ҳоким қилиб тайинлаган[33]. Искандар Султон Тошкентда Бухоро хонлиги бошқарувини жорий қилган ва қаттиққўл сиёсат юритган. У шаҳардаги ижтимоий ҳаётни яхшилаш мақсадида хирож ва бошқа турдаги солиқларни жорий қилган. Бундан ғазабланган Тошкент аҳолиси қўзғолон кўтарган ва Искандар Султон ўлдирилган[33]. Ушбу хабарни эшитган Имомқулихон укаси Надр Муҳаммадга хат ёзиб, қўшин билан Тошкентга боришини билдирган ва ўзи ҳам катта қўшин билан Тошкент томон йўл олган. Надр Муҳаммад Балх ва Бадахшондаги қўшинлари билан Тошкентга ёрдамга боришга шошилган. Имомқулихон ва Надр Муҳаммад қўшинлари бир жойга тўпланиб, бир ой давомида Тошкентни қамал қилган. Имомқулихон жанг давомида: „Қасам ичаманки, шаҳарни олгач, унинг аҳолисини қиличдан ўтказаман, токи душманнинг қони отимнинг узангисигача етмагунча, қиришни тўхтатмайман“, – деб қасам ичган[34]. Тошкент шаҳри аҳолиси оғир аҳволга тушган, шаҳар дарвозалари портлатилиб, аҳоли қиличдан ўтказилган. Бухоро қўшинларининг бошлиқлари хонга бегуноҳ аҳолини қириб ташлашни тўхташини айтган. Аммо Имомқулихон шундай деган: „Мен қасам ичдим ва одамларнинг қони менинг узангимга етмагунча, қатлни тўхтатмайман“[35]. Ушбу қирғинни тўхтатиш учун имомлар шундай фатво берган: „Жаноби олийлари ўз отини суви унинг узангисига етадиган ҳовузга туширсин, ундан кейин сув билан ўлдирилганларнинг қонини аралаштирсинлар, шул зафарли ўзангигача етиб боради“[35]. Амирлар Имомқулихонга фатвони етказган ва у худди шундай қилиб, қасамини адо этган[35].

Қозоқ хонлари билан муносабатлари

Имомқулихон 1612–1613-йилларда Талас водийсида қозоқларни мағлубиятга учратиб, уларнинг мазкур ҳудудларда таъсирини камайтишга ҳаракат қилган. У Тошкентни ўз тасарруфига ўтказган бўлса-да, кўп вақт ўтмай 1613-йилда қозоқ хони Турсунхон шаҳарни эгаллаган[36]. 1621-йилда Шохрухия қалъасидаги дарё бўйларида Турсунхон ва Аштархонийлар ўртасида жанг бўлиб ўтган. Жанг натижасида Аштархонийлар мағлубиятга учраб, 20 минг жангчисидан айрилган[37]. 1623-йилда Шохрухия қалъаси яқинида навбатдаги жанг бўлиб, Турсунхон қўшини ғолиб бўлган. Имомқулихон вазиятдан келиб чиқиб, сулҳ тузишни маъқул кўрган. Имомқулихон жўйборийлардан Ҳошим Хожа Жўйборийни Турсунхон ҳузурига юборган. Шартномага кўра, Бухоро хонлиги чегараси Шохрухиядан ўтиши белгиланган. Ушбу шартномадан кейин Бухоро хонлиги шимолдаги ҳудудларга даъво қила олмас эди[35]. 1626–1627-йилларда Эшимхон ва Турсунхон ўртасидаги жанг натижасида Турсунхон ўлдирилган[38], Бухоро хонлиги ҳудуди олдинги чегарасигача кенгайган. 1628-йилда Имомқулихон буйруғи билан Ялангтўш Баҳодир қозоқ хони Абулай Султон билан жанг қилиб, Тошкентда уни мағлуб этган[35]. 1628-йилда Фарғона водийсида Аштархонийлар ҳокимияти тўлиқ ўрнатилган[39]. Имомқулихон Тошкентда Боқи Муҳаммадхоннинг ўғли Абдуллоҳ султонни ҳоким қилиб тайинлаган. Имомқулихоннинг ушбу ғалабасидан сўнг, Бухоро хонлигининг шимолий-шарқий чегаралари қайта тикланган[39]. 1636-йилда Ялангтўш Баҳодир бошчилигидаги қўшин Сайрамга юриш қилган. Ҳарбий юришлар Дашти Қипчоқ ҳудудларигача давом этган[40].

Надр Муҳаммад билан муносабатлари

1611-йил Имомқулихон тахтга кўтарилганидан кейин, Надр Муҳаммадни Балх ҳокими қилиб тайинлаган. Надр Муҳаммадхон Балх вилоятини 1642-йилгача ҳоким сифатида бошқарган. Ака-укаларнинг иккаласи ҳам хон ҳисобланиб, Имомқулихон „катта хон“, Надр Муҳаммад „кичик хон“ деб эътироф этилган[28][27][41]. Надр Муҳаммад 30 йилдан ортиқ Балхни бошқариб, акаси Имомқулихон билан биргаликда бир нечта юришларда иштирок этган. Имомқулихон ва Надр Муҳаммад ўртасида оқибат ва самимият бўлиб, бир-бирига қурол кўтармаган[42][43]. Имомқулихон бобурий ҳукмдор Шоҳ Жаҳоннинг Балхга юришини олдини олиш мақсадида аскарлари билан бирга Балх вилоятига ташриф буюрганида, Надр Муҳаммадхон 12 ўғли билан шаҳардан ярим чақирим пиёда юриб, уни кутиб олган. Имомқулихон бундан таъсирланиб „Сиз саййидсиз уловингизга минингиз“[18] деб отига миндирган. Имомқулихон Балхга келгач, қабул маросими ташкил этилган. Надр Муҳаммадхон акасига туркий одатлар бўйича тўққизта совға берган. Тўққизинчи ҳадя сифатида саккиз нафар қулдан кейин Надр Муҳаммад ўзи турган[18].

Ташқи сиёсати

Усмонийлар империяси билан дипломатик алоқалари

Усмонлилар султони – Аҳмад И (1603–1617)

Усмонийлар султони Аҳмад И ва Имомқулихон ўртасида Сафавийлар давлатига қарши курашиш мақсадида 1616–1617-йилларда элчилик алоқалари олиб борилган[44]. Лекин ушбу ҳаракат Усмонийлар султони Аҳмад И нинг вафот этиши билан тўхтаб қолган[45].

Усмонлилар султони – Мурод ИВ (1623–1640)

Усмонийлар султонлиги Эрон билан муносабатлари бузилишини истамаган бўлса-да, Мурод ИВ (1623–1640) Бағдод ва Ревонга юриш қилган. Усмонийлар султони Мурод ИВ Имомқулихонга Сафавийлар давлатига қарши биргаликда курашиш мақсадида мактуб юборган. Имомқулихоннинг бу мактубга жавоб йўллагани тўғрисида маълумотлар учрамайди. Тарихий манбаларда кўра, мазкур даврда Имомқулихон ва Эрон шоҳи Аббос И ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатилган[46]. Усмонийлар империяси элчилари 1624–1625-йилларда Бухорога келган. Ушбу элчиликдан асосий мақсад Сафавийлардан Бағдод шаҳрини қайтариб олиш бўлган. Усмонийлар империяси ҳукмдори Имомқулихонни мўғул ва Сафавийларга қарши курашишга даъват қилган[47].

Бобурийлар сулоласи билан ташқи алоқалари

Бобурийлар ҳукмдори – Жаҳонгир (1569–1627)

Имомқулихон 1614-йилда ўз элчиларини бобурий ҳукмдор Жаҳонгир саройига юборган. Имомқулихон мактубида шайбоний ҳукмдор Абдуллахон ИИ ва бобурий Акбаршоҳ даврида Бухоро хонлиги ва Ҳиндистон мамлакати ўртасида иттифоқ тузилганини, бу иттифоқ натижасида Эроннинг бир қисми ва Ироқ, Хуросоннинг босиб олингани ҳақида ёзган[48]. „Тарихи Муқимхоний“ асарида ёзилишича, орадан бир қанча вақт ўтгач, Имомқулихон ҳузурига Жаҳонгир подшоҳ Ҳаким Ҳозиқни элчи сифатида юборган[49]. 1624–1625-йилларда Ҳаким Ҳозиқ Бухорога борган[48].

Бобурийлар ҳукмдори – Шоҳ Жаҳон (1627–1658)

Аштархонийлар ва Бобурийлар ўртасида сиёсий алоқалар тўхтаб қолмаган. Манбаларга кўра, Бухорога Ҳаким Ҳозиқ элчи сифатида келишидан олдин, Бирка бошчилигидаги элчилар ташриф буюрган[48]. Улар бир неча йил Бухорода турган, сўнг Бухоро хони Ҳиндистонга Абдураҳимхўжа бошчилигидаги элчиларни юборган. 1626-йилда Имомқулихон Жаҳонгир ҳузурига Абдураҳимхўжа Жўйборийни юбориб, Хуросонни қайтариб олиш мақсадида ёрдам беришини сўраган[50]. Имомқулихон элчиси Абдураҳимхўжа совға-саломлар билан бирга ҳукмдорга бир „лаъл“ тошини ҳадя қилган. Бобурий ҳукмдор Жаҳонгир эса Абдураҳимхўжага 40 минг рупия пул ва ҳар бири 1000, 1500 ва 500 мисқол оғирликдаги учта олтин „кавкаби толе“ совға қилган[51]. Ҳинд тарихчиси Банарси Прасад Саксена ёзишича, Ҳиндистонга элчи сифатида келган Абдураҳимхўжага Бухоро хонлигининг Хуросонни Ҳиндистон ва Бухоро ўртасида бўлиб олиш ҳақидаги таклифни берган ва Жаҳонгиршоҳнинг вафоти сабабли таклиф амалга ошмаган[52]. Тарихий манбаларга кўра, Жаҳонгиршоҳнинг хотини Нуржаҳонбегим ва Имомқулихоннинг онаси бир-бири билан мактублар алмашиб, турли қимматбаҳо совға-саломлар юбориб туришган[53].

Романовлар сулоласи билан дипломатик алоқалари

Романовлар сулоласи биринчи ҳукмдори – Михаил Фёдорович (1613–1645)

1613-йилда Имомқулихон Москвага Наврўзхўжа бошчилигидаги элчиларни юборган. Элчилик карвони 300 кишидан иборат бўлиб, Самара, Қозон ва бошқа маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинган. Имомқулихон ўз ёрлиғида Романовлар сулоласи ҳукмдорига элчилик ва савдо муносабатларини давом эттиришни таклиф қилган. Наврўзхўжа рус ҳукмдоридан шунқор, совут, мўйна ва бошқа молларни сотиб олинишини ва рус ерларида божсиз савдо қилишга рухсат сўраган. Рус ҳукумати Бухоро хонлигидан келган савдогарлар учун эркин савдо қилишга ижозат берган. 1615-йилда Наврўзхўжа бошчилигидаги элчилик Бухорога қайтган[54]. 1618-йил 11-августда Имомқулихоннинг Одамбий бошчилидаги элчилари Романовлар сулоласи ҳукмдори Михаил Фёдорович ҳузурига Москвага боришган. 1620-йилда ушбу элчиликка жавобан Михаил Фёдорович Иван Хохлов бошчилигидаги элчиларни Бухорога юборган. Иван Хохлов Бухоро хонлигига келганда Имомқулихон Самарқандда бўлган. Хохлов Самарқандга бориб, хон қабулида бўлган. Мазкур элчилик ёрлиғида Михаил Фёдорович Бухоро ҳукмдорининг савдо-сотиқ тўғрисидаги таклифини қабул қилингани, Имомқулихонга тўртта овчи қуши совға қилингани ва Бухорода асирга олинган русларни озод қилиб, Россияга юборишини ёзган[55]. Иван Хохлов эсдаликларига кўра, у Бухорога боришда жуда кўп қийинчиликларни енгиб ўтишига тўғри келган. Йўл давомида унга туркманлар ҳужум қилган. Хивада эса Хива хони Имомқулихонга олиб бораётган шунқорни тортиб олмоқчи бўлган. Бухоро хонлигида Хохлов яхши кутиб олинган, аммо баъзи амалдорлар хон томонидан берилган пулларни маълум бир қисмини олган. Айнан шу ҳодисадан сўнг Россия ва Бухоро ўртасида муносабатлар ёмонлашган[56]. Ушбу вазиятдан сўнг Михаил Фёдорович 20 йил, Имомқулихон эса 11 йил бир-бирига элчилар юбормаган. Фақатгина Ховлов билан бўлган муносабатларгина эмас, балки икки давлат ўртасидаги ички ва ташқи шароит ҳам элчилик алоқаларининг узулишига олиб келган[57].

Жўйбор шайхлари билан муносабатлари

Имомқулихон ҳукмронлиги даврида жўйбор шайхлари билан яхши муносабатда бўлган ва улардан давлат ишларини бошқаришда маслаҳат олиб турган. У жўйборий Хўжа Тожиддиндан давлат лавозимларида кишиларни тайинлашда маслаҳат олган. Имомқулихон Хўжа Тожиддинга ўз синглиси Поянда султон хонимни никоҳлаб берган. Хўжа Тожиддин хонлик марака ва маросимларида доимо иштирок этиб, давранинг тўридан жой олган ва у кўпроқ ушбу давраларда беъмани гапларни гапирмасликни, давлат ишлари ҳақида гапиришни маъқул кўрган[58]. 1644-йил Имомқулихон вафот этгач, Хўжа Тожиддин унинг фотиҳа маросимини ўтказишни ўз вазифаси деб билган ва ўз зиммасига олган. Хўжа Тожиддин 100 та қўй ва 10 та от сўйиб, Бухородаги Волидахон мадрасасида хонлик ва шаҳар нуфузли шахслари иштирокида хатми Қур’он ўтказган[59]. Жўйбор хўжалари вакилларидан яна бири Муҳаммад Юсуф Хўжа (1593–1651) билан Имомқулихон ўртасида муносабат бўлган. Имомқулихон унга кўплаб инъомлар қилган. Жўйбор хўжаларнинг бири Абдураҳим Хўжа (1575–1628) билан Имомқулихон ўртасида ихтилоф бўлган. Натижада Абдураҳим Хўжа ҳажга кетишга мажбур бўлган ва мол-мулки хон буйруғига кўра мусодара қилинган[59].

Илм-фанга муносабати

Имомқулихон шоирлар, дарвешлар, олимлар, ўз замонасининг улуғ кишилари билан суҳбат қилишни хуш кўрган. Муҳаммад Юсуф Мунший маълумотларига кўра, у сўфиёна шеърлар машқ қилган. Имомқулихон шайх Мавлоно Юсуф Қорабоғий билан суҳбат қилишни яхши кўрган. Мавлоний Юсуф Қорабоғий Бухорога Хуросондан келиб, Муллои Нав тахаллуси билан машҳур бўлган. У Бухорода Мирзожон Шерозига шогирд тушган ва Имомқулихон даврида тариқатнинг йирик вакилларидан бири ҳисобланган. Имомқулихон даврида Наҳлий ва Туробий каби шоирлар ижод қилган[58]. Шоир Наҳлий (Суҳайл) тахаллуси билан танилган Ҳофиз Таниш Бухорий[60] Имомқулихон топшириғи билан маснавий достон ёзган[61]. 1642-йилда мусаввир Хожа Муҳаммад Имомқулихон миниатюрасини чизган[10].

Бунёдкорлик соҳасидаги сиёсати

Нодир девонбеги мадрасаси. 1622–1623-йиллар.
Тиллакори мадрасаси. 1641–1642-йиллар.

Имомқулихон даврида мамлакатда кўплаб бунёдкорлик ишлари олиб борилган. „Имомқулинома“ асарида муаллиф Имомқулихон Амир Темур давридаги каби ободончилик ишлари олиб борганлигини ёзган[22]. Имомқулихон 1614–1615-йилларда Қашқадарёдан Қарши чўлига канал қаздиради. Канал қурилиши натижасида кўплаб қаровсиз ерлар обод қилинган. 1633-йилда Қўшқўрғонда ҳам унинг буйруғига кўра канал қазилган[62]. Имомқулихон даврида Бухорода 1617-йилда Регистон майдонида Пояндабий масжиди, 1611–1612-йилларда Мавлона Мискин мадрасаси[2], 1620-йилда Нодир девонбеги хонақоҳи[3], 1622–1623-йилларда Нодир девонбеги мадрасаси[4], 1637-йилда Мағоки Кўрпа масжиди, Меҳтар Ориф мадрасаси[5] бунёд этилган. Самарқандда эса 1612–1613-йилларда Қози Соқи мадрасаси[6], 1619-йилда Шердор мадрасаси[7], 1637–1638-йилларда Саййид Аҳмадхожа мадрасаси[8], 1641–1642-йилларда Тиллакори мадрасаси[9] қурилган.

Оиласи

Имомқулихон Вали Муҳаммаднинг хотини[19] ёки канизаги бўлган[63] Ойхонимни Бухоро хонлиги тахтини эгаллаганидан сўнг, хотинига айлантирган ва бунинг учун махсус фатво чиқарган[63]. Ойхоним қозоқ султони Эшим султоннинг қизи бўлган[19]. Имомқулихоннинг Искандар султон, Пир Муҳаммад султон (Муҳаммад Али), Баҳром мирзо исмли ўғиллари бўлган. Имомқулихон 1612–1613-йилларда Тошкентни эгаллагач, биринчи ўғли Искандар султонни ҳоким қилиб тайинлаган. Иккинчи ўғли Пир Муҳаммад султон эса 1630 ёки 1631-йилда Абулай султон томонидан ўлдирилган[22]. Дилором Сангирова Имомқулихоннинг бир қизи бўлганлиги ва Абдулазизхонга турмушга чиққанлиги тўғрисида маълумот берган[22].

Тахтдан воз кечиши ва ҳаж зиёрати

Имомқулихон ҳукмронлигининг охирги йилларида кўзи ожиз бўлиб қолган. Бу даврда Имомқулихоннинг ожизлигидан фойдаланган хонлик амалдор ва зодагонлари ўзларича мустақил сиёсат юритган. Бунинг натижасида мамлакат заифлашиб борган[64]. 1642-йил[65] Имомқулихон бундай вазиятда тахтни укаси Надр Муҳаммадхонга топшириб[66], ҳаж амалларини бажариш мақсадида Макка ва Мадина шаҳарларига йўл олган. 1642–1643-йилларда ҳаж сафари карвонига Нодир девонбеги бошчилик қилган ва Муҳаммад Дўст оталиқ ҳамроҳлик қилган. Сафар давомида Имомқулихон Эроннинг Исфаҳон ва Машҳад шаҳарларида бўлиб, Эрон шоҳи қабулида бўлган. Имомқулихон Ҳижозга Исфаҳон ва Машҳад шаҳарлари орқали бориб, ҳаж амалларини адо этган. Имомқулихон Мадинада бир неча йил яшаб, Мовароуннаҳрдан ҳажга борганлар дам олиши учун чорбоғ ва Маккадаги Каъбага кириш дарвозаларидан бирига кумуш ва олтин тутқичли ёғоч зина қурдирган[67].

Вафоти

Имомқулихон 1644-йили[12] Арафот тоғида вафот этган[64] ва Мадинадаги[66] Бақия қабристонига дафн этилган[67]. Дилором Сангирова ёзишича, унинг жаноза маросимига 600 минг атрофидаги одамлар қатнашган[67].

Манбалар

  1. ↑ Замонов 2021, с. 41-42.
  2. ↑ 2,0 2,1 Жуманазар 2017, с. 323.
  3. ↑ 3,0 3,1 Жуманазар 2017, с. 459.
  4. ↑ 4,0 4,1 Ражабов 2016, с. 159.
  5. ↑ 5,0 5,1 Жуманазар 2017, с. 334.
  6. ↑ 6,0 6,1 Жуманазар 2021, с. 378.
  7. ↑ 7,0 7,1 Жуманазар 2021, с. 356.
  8. ↑ 8,0 8,1 Жуманазар 2021, с. 278.
  9. ↑ 9,0 9,1 Жуманазар 2021, с. 288.
  10. ↑ 10,0 10,1 10,2 Ражабов 2022, с. 244.
  11. ↑ Мурад Öзкан 2021, с. 54.
  12. ↑ 12,0 12,1 Эшов Баҳодир 2019, с. 61.
  13. ↑ Алексеев 2006, с. 89.
  14. ↑ Бўрибой Аҳмедов 1993, с. 400.
  15. ↑ 15,0 15,1 15,2 15,3 Замонов 2021, с. 39.
  16. ↑ Алексеев 2006, с. 90.
  17. ↑ Мухаммад Юсуф Мунши 1956, с. 79-80.
  18. ↑ 18,0 18,1 18,2 18,3 Арминий Вамбери 2019, с. 123.
  19. ↑ 19,0 19,1 19,2 Cангирова 2017, с. 89.
  20. ↑ Замонов 2021, с. 52-53.
  21. ↑ Замонов 2021, с. 20—21.
  22. ↑ 22,0 22,1 22,2 22,3 Cангирова 2018, с. 36.
  23. ↑ Муҳаммад Толиб 2016, с. 210.
  24. ↑ Cангиров Жуманазар 2017, с. 262.
  25. ↑ 25,0 25,1 25,2 Алексеев 2006, с. 113.
  26. ↑ 26,0 26,1 Замонов 2021, с. 40.
  27. ↑ 27,0 27,1 Алексеев 2006, с. 120.
  28. ↑ 28,0 28,1 Ахмедов 1982, с. 107.
  29. ↑ Муҳаммад Толиб 2016, с. 209.
  30. ↑ Арминий Вамбери 2019, с. 117.
  31. ↑ Азамат Зиё 2000, с. 272.
  32. ↑ 32,0 32,1 32,2 Замонов 2021, с. 41.
  33. ↑ 33,0 33,1 33,2 33,3 Замонов 2021, с. 42.
  34. ↑ Мухаммад Юсуф Мунши 1956, с. 87.
  35. ↑ 35,0 35,1 35,2 35,3 35,4 Замонов 2021, с. 43.
  36. ↑ Мусаев 2021, с. 56.
  37. ↑ Мусаев 2021, с. 57.
  38. ↑ Алексеев 2006, с. 123.
  39. ↑ 39,0 39,1 Мусаев 2021, с. 60.
  40. ↑ Замонов 2021, с. 44.
  41. ↑ Замонов 2021, с. 54.
  42. ↑ Алексеев 2006, с. 121.
  43. ↑ Замонов 2021, с. 55.
  44. ↑ Буртон 1997, с. 145.
  45. ↑ Буртон 1997, с. 144.
  46. ↑ Меҳмет Сарай 2017, с. 10.
  47. ↑ Васильев 2014, с. 91.
  48. ↑ 48,0 48,1 48,2 Низомиддинов 1966, с. 46.
  49. ↑ Мухаммад Юсуф Мунши 1956, с. 88.
  50. ↑ Хайруллаев 2003, с. 112.
  51. ↑ Низомиддинов 1966, с. 19.
  52. ↑ Низомиддинов 1966, с. 47.
  53. ↑ Низомиддинов 1966, с. 49.
  54. ↑ Ҳамид Зиёев 2012, с. 50-51.
  55. ↑ Жуковский 2022, с. 9.
  56. ↑ Ҳамид Зиёев 2012, с. 53.
  57. ↑ Ҳамид Зиёев 2012, с. 54.
  58. ↑ 58,0 58,1 Замонов 2021, с. 49.
  59. ↑ 59,0 59,1 Замонов 2021, с. 50.
  60. ↑ Cангиров Жуманазар 2017, с. 258.
  61. ↑ Cангирова 2008, с. 21.
  62. ↑ Азамат Зиё 2000, с. 270.
  63. ↑ 63,0 63,1 Алексеев 2006, с. 117.
  64. ↑ 64,0 64,1 Замонов 2021, с. 51.
  65. ↑ Ахмедов 1982, с. 109.
  66. ↑ 66,0 66,1 Алексеев 2006, с. 128.
  67. ↑ 67,0 67,1 67,2 Cангирова 2019, с. 29.

Адабиётлар

Илмий адабиётлар

  • Замонов А, Субҳонов Ф. Бухоро хонлигининг аштархоний ҳукмдорлари. Тошкент: Баёз, 2021 — 136-бет. 
  • Жуманазар А.. Бухоро таълим тизими тарихи. Тошкент: Академнашр, 2017 — 592-бет. ИСБН 978-9943-4728-2-2. 
  • Меҳмет Сарай. Рус иşгали девринде Османли Девлети иле Тüркистан ҳанликлари арасиндаки сияси мüнасебетлер- 2. баскı. Анкара: Турк Тариҳ Куруму, 2017 — 200-бет. 
  • Муҳаммед Юсуф Мüнşî. Тезкире-и мукîм ҳâнî. Şибанîлер ве Астраҳанлилар дöнеминде Мавераüннеҳир'ин кüлтüрел ве топлумсал тариҳинин сейри. Фарсçа аслıндан çэвиренлер: Аҳмет Öзтурҳан ве Аҳмет Коркмаз. İстамбул: Репар дижитал матбаасı, 2022 — 149-бет. ИСБН 978-625-7459-49-5. 
  • Мурад Öзкан. Буҳара Ҳанлığı (1500—1920). İстамбул: Репар дижитал матбаасı, 2021 — 128-бет. ИСБН 978-605-4944-78-1. 
  • Аудрей Буртон. Тҳе Букҳаранс. А дйнастиc, дипломатиc анд cоммерcиал ҳисторй 1550-1702. Cурзон, 1997 — 664-бет. 
  • Аҳмедов Б. Тарихдан сабоқлар. Тошкент: Ўқитувчи, 1993 — 432-бет. 
  • Абдусаттор Жуманазар. Самарқанд таълим тизими ва мадрасалари тарихи. Тошкент: Фан, 2021 — 520-бет. ИСБН 978-9943-6804-9-4. 
  • Азамат Зиё. Ўзбек давлатчилиги тарихи. Тошкент: Шарқ, 2000 — 368-бет. 
  • Арминий Вамбери. Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи. (таржимон Сирожиддин Аҳмад). Ташкент: Инфо Cапитал Гроуп, 2019 — 254-бет. 
  • Мухаммад Юсуф Мунши. Муким-ханская история / Перевод с таджикского, предисловие, примечания и указатели А.А.Семенова. Ташкент: Фан, 1956 — 303-бет. 
  • Муҳаммад Толиб. Матлаб ут-толибин. Форс тилидан таржима, сўзбоши ва изоҳлар муаллифлари: Ғ. Каримий, Э.Миркомилов. Тошкент: “Мовароуннаҳр”, 2016 — 384-бет. ИСБН 978-9943-12-379-3. 
  • Жуковский С.В. Бухоро ва Хива хонликлари билан уч юз йилликдаги муносабатлари. Таржима ва изоҳлар муаллифлари: Ҳамроев А., Рахмонова М.. Бухоро: “Дурдона”, 2022 — 152-бет. 
  • Зияев Ҳ. Ўзбекистонинг Россия билан элчилик ва иқтисодий алоқаларнинг ўрнатилиши, ривожланиш тарихи (қадимги даврдан то ХХ аср бошларигача) ИИИ жилд. Тошкент: Янги аср авлоди, 2012 — 499-бет. 
  • Низомиддинов И. ХВИ-ХВИИИ асрларда Ўрта Осиё- Ҳиндистон муносабатлари. Тошкент: Ўзбекистон ССР "ФАН" нашриёти, 1966 — 117-бет. 
  • Хайруллаев М. Ўзбек дипломатияси тарихидан, Тошкент, 2003 — 375-бет. 
  • Ражабов Қ, Иноятов С.. Бухоро тарихи. Тошкент: Тафаккур нашриёти, 2016 — 460-бет. ИСБН 978-9943-24-119-0. 
  • Ражабов Қ. Туркистон тарихида ўтган 55 сиймо. Тошкент: Фан нашриёти, 2022 — 320-бет. ИСБН 978-9943-19-660-5. 
  • Эшов Баҳодир. Ўзбекистонда давлат ва маҳаллий бошқарув тарихи. Ташкент: Янги аср авлоди, 2019 — 404-бет. 
  • Ахмедов Б. А. История Балха (ХВИ-первая половина ХВИИИ в). Тошкент: Фан, 1982 — 295-бет. 
  • Алексеев А. К. Политическая история Тукай-Тимуридов: По материалам персидского исторического сочинения Бахр ал-асрор, Санкт-Петербург, 2006 — 229-бет. 
  • Васильев А. Знамя и меч от падишаха. Политические и культурные контакты ханств Центральной Азии и Османской империи (середина ХВИ—начало ХХ вв.), Москва, 2014 — 353-бет. 

Мақолалар

  • Мусаев А. Бухоро ва Қозоқ хонлиги ўртасидаги сиёсий муносабатларда Фарғона водийсининг ўрни // Водийнома. — 2021.
  • Cангирова Д. Суҳаил: „Имомқулинома“ // Мозийдан садо. — 2008.
  • Cангирова Д. Аштархоний ҳонимларнинг давлат бошқарувидаги ўрни // Шарқшунослик журнали. — 2017.
  • Cангирова Д. Бир сулола шажараси ҳақида // Шарқ маш’али. Тошкент давлат Шарқшунослк институти илмий-услубий, ма’рифий журнали. — 2018.
  • Cангирова Д. Ҳаж зиёрати ва ҳукмдор ҳожилар // „Ўтмишда назар“ журнали. — 2019.
  • Cангиров Ж. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг „Имомқулинома“ асари ва унинг Аштархонийлар тарихини ўрганишдаги ўрни // Аcтуал проблемс оф тҳе ҳисторй оф Узбекистан. — 2022.