Импулсив майллар — эшушни ва шахснинг ҳамма хаттиҳаракатларини ўзига бўйсундирадиган, енгиб бўлмайдиган ва ҳеч бир асоссиз, мақсадсиз интилишлар; вақт-вақти билан тўсатдан пайдо бўлади. И.м. рўй берганда киши ҳар қандай соғлом фикрлар (мулоҳазалар), тасаввурлар ва хоҳишларни енгиб улардан устунлик қилади. Бу ҳолатда содир этилган хаттиҳаракатларни у кейинчалик эслай олмайди ёки айқаш-уйқаш ҳолда эслаши мумкин. И.м.нинг бир неча тури фарқланади.

Дипсомания, майзадалик — спиртли ичимликларга ружу қилиш; уларни бетўхтов ичавериш. Бундай ҳолат тўсатдан бошланиб, бир неча кун ва ҳатто бир неча ҳафта давом этади. Бемор бирдан ичкилик ичишни тўхтатиб қўяди, баъзан ундан жирканади ҳам. У ичкиликка муккасидан кетганда уларда дромомания ва сексуал қўзғалишлар (экссесслар) кузатилиши мумкин. Дипсомания сурункали алкоголизмга мубтало бўлган кишиларгагина хос бўлмай, балки кўпгина бошқа касалликлар, мас, эпилепсиянинг аффектив пароксизм кўринишидаги ҳолатларда, психопатияларнинг айрим турларида ва шизофренияда ҳам учрайди. Шу сабабли дипсоманияни симптоматик алкоголизмнинг алоҳида тури деб ҳисоблаш мумкин.

Дромомания (дайдилик) — беморнинг вақт-вақти билан ўзи яшаб турган жойни ташлаб, боши оққан томонга, ҳеч бир мақсадсиз дайдиб кетиши, тентираб юриши. У ўқишга, ишга бормай қўяди. Бу ҳолат бир неча кун ёки ҳафталаб давом этади.

Клиптомания — кишининг гоҳида ўғрилик қилишга интилиши. Ўғриланган нарсалар беморга мутлақо кераксиз бўлиши, ҳатто уни кейин ташлаб юбориши ёки эгасига қайтариб бериши ҳам мумкин; айрим руҳий касалликлар (шизофрения), қариликдаги эси пастлик ва б.нинг бир кўриниши сифатида кузатилади.

Промания — ҳеч бир мақсадсиз тўсатдан ўт қўйиш майли. Бундай кишилар ўз уйи ёки бошқа бировнинг мулкига ҳасад билан қараб, ўт қўяди, кейинчалик бу қилган ишидан пушаймон бўлиб юради.

Беморда И.м.нинг қайси тури мавжудлигидан қатъи назар, унга сабаб бўлган асосий касалликни мутахассис врач даволайди.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил