Инфрақизил астрономия — тўлқин узунликнинг 0,0008 дан то 1 мм гача бўлган оралиғида Коинот жисмларини ўрганувчи фан. Спектрнинг ушбу соҳасида температураси тахминан 3 К — 2500 К оралиққа тўғри келган турли совуқ объектларнинг иссиклик нурланиши, хусусан, "чақалоқ" протоюлдузлар, газчанг булутлари, юлдузлараро фазо муҳити, сайёралар ва Қуёш система-сининг майда жисмлари нурланиши тадқиқ қилинади. Галактикамизда ин-фрақизил нурланиш механизми, асосан, чанг моддаси билан боғлиқ. Масалан, Галактикамиз ядро қисмидан тўхтовсиз ажралиб чиқаётган нур оқими атрофдаги чанг муҳитда 1012 мартагача камайиши сабабли, у оптик нурлар соҳасида кузатилмайди ва И. а. усуллари ёрдамида ўрганилади. Худди шунингдек, юлдузларнинг туғилиш соқалари тузилиши ҳам И. а. нинг энг асосий объектларидан ҳисобланади. Инфрақизил оралиқнинг жуда кенглиги туфайли оралиқ қатор қисмларга бўлиб юборилган ва масаланинг қўйилишига қараб унга мос келган сезгир қабул қилгич яратилди. Хусусан, яқин инфрақизил соҳа 0,0008 — 0,005 мм, ўрта қисм 0,005 — 0,035 мм ва ҳоказо, энг узоқ соҳа эса ~ 1 мм тўлқин узунлик ораликларига шартли равишда бўлиниб, ҳар бирига мос равишда илмий кузатув асбоблари яратилган. Бугунги кунда космик фазога турли инфрақизил расадхоналар учирилиб, яқин ва узоқ космос чуқур ўрганилмоқда. Ер сиртида ҳам турли инфра-қизил телескоплар фаол ишламоқда. Мае., Гавайи оролларининг 4200 метр баландликдаги Мауна-Кеа номли сўнган вулқони ўрнида тўртта (АҚСҲ, Буюк Британия, Франсия, Канада ва Гавайи университети) инфрақизил телескоплари ўрнатилган. Бу телескоплар ойнасининг диаметри жуда катта (2,3— 3,8 метр оралиғида) бўлиб, ноёб ва қимматли илмий лойиҳалар яратишда қўл келади.

Салохитдин Нуриддинов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил