Ингалясия (1905)

Ингалясия (лотинча: инҳалатус — нафасга олмоқ) — дори моддаларни нафас йўллари (ҳиқилдоқ, кекирдак ва ўпка)га киритиш усули. Табиий ва сунъий бўлади. Тоғларда сийрак ҳаводан, денгиз бўйида сув ва туз билан тўйинган ҳаводан нафас олиш, игнабаргли ўрмонларда озон, балзамли буғ, минерал булоклар ёнида водород сулфид ёки карбонат ангидрид аралашган ҳаводан нафас олиш табиий И.га киради. Сунъий И .да махсус шифобахш моддалар тутун, буғ, аэрозол (қаранг: Аэрозол-терапия), газ, қуруқ кукун, нам ёки мойли туман ҳолида искалади (халқ табобатида сунъий И. бурнаки ҳам дейилади). Сунъий И.да пуркагич (пул-веризатор)га ўхшаш тузилган махсус аппарат — ингалятор дан фойдаланилади. Уйда, мас, буғ И. қилиш учун идишга иссиқ сув қуйилади, бемор идиш устига энгашиб, боши ва идиш устига сочиқ ёпиб, сув буғларидан 5— 10 мин. нафас олади (иссиқсувни вақт-бевақт қўшиб туриш мумкин). И., асосан, нафас йўлларининг касалликларини даволашда қўлланади. Қон кетишига мойил кишиларга, юрак-томир системаси ва ўпка касалликларида И. қилиш ярамайди. И. овқат еб бўлгач, 1 — 1,5 соатдан кейин қилинади. Уй шароитида турли портатив чўнтак ин-галяторидан фойдаланилади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил