Иномжон Йўлдошев (1889-йил, Наманган — 1967-йил) — Совет даврида Наманган туманининг ҳарбий комиссари. Андижоннинг Ворошилов туманида ижроқўм раиси бўлган.

Иномжон Йўлдошев
Таваллуди 1889-йил
Вафоти 1967-йил
Касби Ҳарбий комиссар

Ёшлиги

1889-йилда Янгиқўрғоннинг Қизилоёқ қишлоғида туғилиб, биринчи жаҳон уруши йилларида Наманганга келган ва Обидулла Махсумнинг мактабида таълим олган. 1917-йил ноябр ойининг ўрталарида қўлига қурол олиб, совет милицияси сафига кирган. Наманган вилояти давлат архивининг 311-рақамли шахсий фондида унинг ҳаёти ҳаида айрим маълумотлар сақланиб қолган.

Фаолияти

1919-йилнинг 12-апрелда 32 қуролдоши билан Фарғонага ўқишга боради. Фарғонада ўқиб қайтган Иномжон Нанай (Нанай ўша вақтда Наманган уездидаги туман бўлиб, унинг таркибига Олабуқа, каравон сингари қишлоқлар ҳам кирган) га ҳарбий комиссар бўлиб қайтади, кейинроқ алоҳида қирғиз кавалерия дивизионидаги 3-эскадронга сиёсий раҳбар ва 1-эскадрон комиссари вазифаларида ишлайди[1]. 1920-йилнинг сентябр ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган Шарқ халқлари қурултойида иштирок этган. Наманганликлар ўша анжуманга вакил этиб 10 кишини юборишган ва уларнинг ичида Иномжон Йўлдошев ҳам бор эди. Қурултойда иштирок этганларнинг аксарияти кейинчалик қатағонга учрайди.

Туркистонда 1917—1921-йилларда бўлиб ўтган очарчилик Наманганга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Шу боис Иномжон Йўлдошев 20-йилларда милиция сафида туриб, муҳтожларга озиқ-овқат етказиб бериш билан шуғулланди. Хизмат тақазоси билан у Қирғизистоннинг Кетмонтепа милициясида ҳам раҳбар сифатида ишлаган. 15 кишини жанговар сафга қабул қилган. Ўзи ва ҳамкасбларига талабчан Иномжон Йўлдошевга 1923-йилда Наманган туманида аввал ҳарбий комиссар, кейинчалик милиция комиссари вазифалари топширилди.

1937-йилда юз берган қатағон сиёсати натижасида 48 ёшида халқ душмани сифатида қамоққа олинди ва 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Ўша пайтда у Андижоннинг Ворошилов туманида ижроком раиси лавозимида ишлаган. Иномжон Йўлдошевнинг қандай айблов билан халқ душмани сифатида қамоққа олингани, тергов жараёни, гувоҳлар ҳақида умуман маълумотлар сақланиб қолмган. 1941-йилда Йўлдошев қамоқдан қайтади[2].

Иккинчи жаҳон уруши Иномжон Йўлдошевни икки фарзандидан айирди. Олий милиция ходимидан ҳарбий зобитгача, ундан туман ижроия қўмитаси расилигигача бўлган йўлни босиб ўтган Иномжон Йўлдошев 1967-йилда вафот этган.

Манбалар

  1. ↑ Умматов Р. Зулматда сўнган зиёлар, Наманган, 2000 — 37-бет. 
  2. ↑ Тарихнинг номаълум саҳифалари. Бешинчи китоб. Тошкент-2016: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. ИСБН 978-9943-03-748-9.