Инон Абдулқодир (тахаллуси; асл исми Фатҳулқодир Мустафоевич Сулаймонов) (1889.29.11, Оренбург губернясининг Челябинск уезди — 1976.1.10, Анқара, Туркия) — бош-қирд халқининг миллий озодлик ҳаракати раҳбарларидан, туркшунос.

Инон Абдулқодир

Троицк ш.даги Расулия мадрасасини тугатган (1914). Бошқирдистон мухторияти (республикаси)да халқ таълими тизимининг ташкилотчиларидан бири. Валидий ва б. билан биргаликда Бошқирдистонни тарк этиб, Туркистонга келди (1920). Тошкентдаги қозоқ ва қирғиз мактабларида ўқитувчилик қилди. Валидийнинг яқин ёрдамчисига айланиб, истиқлолчилик ҳаракатини жипслаштириш ишига ўз ҳиссасини қўшди. 1923 й. февралдан Валидий билан Эрон, Афғонистон, Ҳиндистонда бўлиб, 1925 й. июлда Истанбўлга етиб келди. Туркология институтида ишлади (1925). Анқара унти (1933—44), диний ишлар департамента (1961), турк маданияти институтида (1964) фаолият кўрсатди.

И. А. туркий халқлар этнологияси, фолклори, диний эътиқодлари ва анъ-аналари ҳақидаги тадқиқотлари билан машҳур. 400 дан ортиқ илмий ишлари бор. Жумладан, „Туркий тил ва лаҳжалари“, „Олтой-Енисей турклари“, „Сибир турклари“, „Шарқий Туркистон“, „Алишер Навоий“, „Алишер Навоий ва фолклор“, „Чиғатой адабиёти“, „Ўзбекларда қишлоқ тўйлари“, „Абулғози Баҳодирхон ва унинг турклари“, „Дукчи Эшон исёни“, „Рус мустамла-качиларининг Туркистонда диний кураши“, „Туркистоннинг аҳволи“, „Ўзбек элида Москванинг қабихликлари“, „Туркистонда 1916 й.даги қўзғолон“, „Туркистон миллий қаҳрамонлари“ ва б. 2 жилдли „Танланган асарлар“ китоби Туркияда нашр қилинган (1987-91).

Адабиёт

  • Аҳмад Закий Валидий Тўғон, Бўлинганни бўри ер (Хотиралар), Т., 1997; Валеев Д. и др., Судба и наследия башкирских учёних — эмигрантов, Уфа, 1995.

Қаҳрамон Ражабов, Ренат Шигабиддинов. [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил