Интерсексуаллик (лот. интер -оралиқ ва секус — жинс) — айрим жинсли организмда икки хил жинсга хос белгилар бўлиши. Бу белгилар тўлиқ ривожланмаган, яъни оралиқ ҳолатда бўлиб (Гермафродитизм билан солиштиринг), тананинг маълум бир қисмида биргаликда намоён бўлади. Одатда, бун-дай организм (интерсекс)нинг индивидуал ривожланиши меъёрда бошланади, аммо маълум даврдан бошлаб бошқа жинсга хос типда давом этади. Организм ривожланиши қанча эрта бошланса, И. шунча кескин намоён бўлади. Зиготалик, яъни генетик асосга эга бўлган И. кариотип ёки зигота генетик таркибининг меъёрдан четга чиқиши туфайли пайдо бўлади. Бундай ҳолда организмнинг И. даражаси хромосом ёки ген баланси, яъни жинсий хромосомалар сонининг автосомалар сонига нисбати ҳамда улардаги жинсни белгиловчи генларга боғлиқ бўлади. Одамда аниқланган И.нинг ҳар хил шакли, яъни псевдогермафродитизм жинсий хромосомалар сонининг ўзгариши билан боглиқ бўлиши мумкин.

Гормонал И. айрим жинсли ҳайвонларда эндокрин системаси, хусусан, умуртқалиларда буйрак усти бези пўстлоқ қисми ҳамда гипофизнинг олдинги бўлагидаги функсионал ёки органик ўзгаришлар туфайли пайдо бўлади. Гормонал И.ни ҳайвонларни кастрация қилиш (бичиш) ёки унга бошқа жинснинг безини кўчириб ўтказиш орқали пайдо қилиш мумкин. Бундай ҳолларда урғочи ҳайвонларда эркак жинс учун хос бўлган иккиламчи жинсий белгилар пайдо бўлади (маскулинизация), эркак ҳайвонларда эса, аксинча, урғочи ҳайвон учун хос белгилар ривожлана бошлайди (феминизация). [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил