Intiboh
ИНТИБОҲ (араб.- уйғониш, ҳушёр бўлиш, огоҳ бўлиш) - қалбдаги ғафлатнинг барҳам топиши, манманлик ва ғафлат тугунларининг ечилиши.
Интибоҳ суфийлар тушунчасида банда қалбининг ғафлатдан - бошқа нарсаларга берилганлик туфайли Худони эсламай қўйишдан халос бўлиши, ғафлат уйқусидан уйғониб, Худога юзланишидан иборат.
Тасаввуфда интибоҳ тўғрисида икки хил қараш мавжуд. Биринчи қарашга кўра, интибоҳ сулук йўлига кирган соликнинг тавба мақомида юз берадиган ҳолатидир. Зеро тавба мақоми соликнинг ўз диққат-э’тибори ва ўй-хаёлини биргина Худога қаратишига халақит берувчи бу дунёга тегишли нарсалардан халос бўлиши йўлидаги биринчи мақом бўлиб, унинг Худодан ғофиллик ҳолатидан чиқишига олиб келади. Суфийлар тавба мақомини қалбнинг ғафлат уйқусидан уйғониши деб билишади. Тавба эса соликни худо томон олиб борадиган йўлнинг бошланиши ҳисобланади. Интибоҳнинг тавба мақоми билан боғлиқлигини бир қатор суфийларнинг ҳаётида кузатиш мумкин. Фаридиддин Атторнинг «Тазкират ал-авлиё»сида келтирилишича, Иброҳим Адҳамнинг шоҳона ҳаётдан воз кечиб, зоҳидлик юлига киришига, я’ни тавба қилиб, ҳақ йўлини тутишига унга ғойибдан келган: «Интибоҳ!» («Уйғон!»), деган чақириқ сабаб бўлган. Интибоҳ тўғрисидаги иккинчи қараш фано мақоми билан боғлиқ бўлиб, соликнинг қалби фано мақомида интибоҳ ҳолатига тушади. Робиа Адавиянинг айтишича, қалб уйғоқ бўлганида унинг ёрга ҳожати қолмайди. Чунки уйғоқ қалб ёрда - Худода фоний бўлган қалб бўлиб, ёрда фоний бўлган, я’ни ёрга етишган ва унда йўқ бўлиб кетган нарсага ёрнинг кераги бўлмайди. Чунки, ёрнинг вужуди унинг вужудига айланган бўлади[1].
Манбалар
- ↑ тасаввуф Атамалари изоҳли луг'ати, ,Тошкент Ислом Университети Исломшунослилк илмий-тадқиқот маркази Мовароуннаҳр 2015.