Интроскопия (лотинча: интро — ичида ва қад. юн. σκοπέω — кўряпман) — оптик жиҳатдан ношаффоф жисмлар ва муҳитлардаги, шунингдек, кўринмайдиган шароитдаги ҳодисалар ва жараёнларни визуал (кўриб) кузатиш. Гамма-рентген интроскопия, инфрақизил интроскопия, ултратовуш интроскопия, радиоинтроскопия каби хилларга бўлинади. Гамма-рентген интроскопияда ҳар қандай кимёвий таркибдаги ва температурадаги суюқ ва қаттиқ жисмлардан ўтадиган гамма ва рентген нурларидан фойдаланилади. Бундай интроскопия ёрдамида ношаффоф материаллардаги жуда майда зарраларни ҳам текшириш мумкин. Инфрақизил интроскопия моддаларнинг инфрақизил нурларни ютиши ва қайтариши хоссасига асосланган. Кўзга кўринмас инфрақизил тасвирлар оптик воситалар ёрдамида кўринадиган тасвирларга айлантирилади. Ултратовуш интроскопия ултратовушнинг металл, пластмасса, тирик тўқима, қурилиш материаллари ва оптик жиҳатдан ношаффоф суюқлик орқали ўтишига асосланган. Радиоинтроскопия да узунлиги мм улушидан бир неча м гача бўлган электромагнит тўлқинлардан фойдаланилади. Радиоинтроскопия тоғ жинслари ва музликлар ичини „кўришга“, ер сирти радионурлари, будут қоплами ҳаритасини тузишга имкон беради. Магнит ёки электр майдонларининг тарқалишини бевосита кузатиш усули магнит-оптика ҳодисаларига асосланади. Интроскопиянинг саноат маҳсулотлари ва материалларни бузмасдан текшириш учун мўлжалланган баъзи усуллари ва воситалари дефектоскопия усуллари ва воситаларига ўхшайди. Интроскопия буюмлар, муҳитлар, жисмлар хоссаларининг берилган кўрсаткичлардан фарқ қилиш-қилмаслигини аниқлашга, обектларни сув остида, туман пайтларида, тоғ жинслари ичида текширишга имкон беради.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил