Iqtibos
Иқтибос — бирор манбадан кўчириб олинган матн[1]; асардан сўзма-сўз олинган парча[2]. Иқтибос арабча (إقتباس) қисқартиш, торайтириш; қўлга киритиш; кўчирма олиш; кўчирма, далил келтириш каби маъноларни билдиради.
Иқтибос баён қилинаётган фикрни ишончли фикр билан қувватлаш, муайян фикрни танқид қилиш учун ҳамда муҳим фактик материал — мисол сифатида қўлланади. Иқтибос, асосан, илмий (кўпинча гуманитар) ва расмий нутқда ишлатилади ҳамда қўштирноқ билан белгиланади ёки алоҳида ҳарф билан ёзилади; шунингдек, манбага ҳавола қилинади. Бундай кўчирмалар фойдаланувчининг фикри билан қиёсланганда унинг моҳиятини тўғри тушуниш имконини беради. Масалан, бадиий адабиётнинг, сўзнинг ғоявий-эстетик таъсир кучи, аҳамиятини қуролдан ҳам кучлироқ эканлиги тўғрисидаги фикрни мустаҳкамлаш мақсадида Парда Турсуннинг “Адабиёт замбаракдан зўр” ёки Абдулла Қаҳҳорнинг “Адабиёт атомдан кучли” деган сўзларини ёки бўлмаса, “Тиғ яраси битар, аммо тил яраси битмас” мақолини иқтибос сифатида қўллаш мумкин. Иқтибосдан кўп ҳолларда эпиграф ва шиор ўрнида ҳам қўлланади. Агар муаллиф фикрига зарар етмаса, иқтибосда орфография ва пунктацияни ўзлаштириш, сўз (сўзлар)ни тушириб қолдириш мумкин (бунда кўп нуқта билан белги қўйилади)[2].
Манбалар
- ↑ Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2023 — 964-бет. ИСБН 978-9943-8834-4-4.
- ↑ 2,0 2,1 ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |