Iram zot al-Imod
ИРАМ ЗОТ ал-ИМОД— („кўп устунли Ирам“) — Жанубий Арабистонда гўё мавжуд бўлиб, Қур’онга биноан Аллоҳ таоло томонидан йўқ қилиб юборилган иншоотлар мажмуаси. Қур’онда Аллоҳ томонидан кибрга берилиб гуноҳга ботганлари учун нобуд қилинган од ва самуд қавмлари билан бирга қайд этилади. Ушбу оятнинг энг кўп тарқалган тафсири Ирам зот ал-Имодни од қавми тарихи билан боғлайди. Ирам зот Имод — одийлар подшоҳи Шаддод томонидан қурилган шаҳар. Шаддод Аллоҳнинг элчиси Ҳуд (а.с)нинг сўзларига қулоқ солмай Ер юзида, Адан яқинида жаннатга ўхшаш макон яратишни истаган. Бу шаҳарнинг бинолари олтин ва кумушдан бунёд этилиб, қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Подшоҳнинг кибру ҳавоси ва имонсизлиги учун Аллоҳ Ирам зот Имодга кучли бўрон юбориб шаҳарни қумга кўмдириб юборган. Баъзан саҳрода адашиб қолган йўловчилар мана шу ўлик шаҳарни кўрганлари ва у ердан олиб келган қимматбаҳо тошлар кулга айланиб қолгани ҳақида афсоналар мавжуд. Қур’ондаги Ирам зот Имод — қадимий араб шаҳарларининг ҳалокати ҳақидаги ривоятлардан бири. Ҳақиқий Ирам зот Имод — набатейларнинг Шимолий Ҳижоздаги кўп устунли ар-Рамм ибодатхонаси вайроналари. Кўп устунли Ирам зот Имод образида тадқиқотчилар баъзан нариги дунёнинг қадимий мифологик рамзини кўрадилар.
Адабиётлар
ИСЛОМ ЭНСИКЛОПЕДИЙАСИ „Ўзбекистон миллий энциклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2004
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (Апрел 2024) |