Иркуцк вилояти - Россия Федерацияси таркибидаги вилоят. 1937-йил26-сентабрда ташкил этилган. Шарқий Сибирнинг жанубий қисмида. Майдон 767,9 минг км2. Аҳолиси 2748 минг киши (2000), асосан, руслар, шунингдек, украинлар, белорус лар, татарлар, чувашлар, бурятлар, эвенклар, тофалар яшайди. Вилоят таркибида УстЎрда Бурятлари мухтор округи бор. И. в. 31 раёнга бўлинган. 22 шаҳар, 60 шаҳарча мавжуд. Маркази – Иркуцк шаҳри.

Вилоят ҳудудининг аксари қисмини Ўрта Сибир ясситоғлигининг жануби-шарқий қисми эгаллаган. Шимоли-шарқида Шимолий Байкал ва Патом тоғликлари жойлашган. И. в.да кучли зилзилалар бўлиб туради. Иқлими континен-тал. Январнинг ўртача темпатураси – 15° (Байкал соҳилида) дан – 21° (Иркуцкда)гача ва – 33° (Бодайбода). Қор қоплами 160–170 кун сақланиб туради. Июлнинг ўртача темпатураси 17°–19°. Йилига 400 мм дан 800 мм гача ёғин ёғади. Вегетация даври 116–127 кун. Шимолий ва тоғлик жойларида тўнгиб ётган ерлар бор. Асосий дарёлари: Ангара, Қуйи Тунгуска, Лена ва унинг ирмоқлари. Тупроғи, асосан, подзол тупроқ. Ҳудудининг 80% ўрмон. Тилоғоч, қарағай, кедр, қорақарағай, оққарағай ўсади.

Ўрмон, кимё ва нефт кимёси саноати, энергетика, рангли металлургия етакчи ўринда. Мебел, тикувчилик, поябзал, трикотаж, кўнчилик, гўшт-сут, кондитер, пиво, спирт ва балиқ саноати тармоқлари бор. Кончилик саноатининг асосий тармоклари: олтин (Бодайбо атрофи), слюда (Мама-Чуя атрофи), талк (Онот кони), темир рудаси (Коршунове комбинати), туз (Усоле-Сибирское), мармарсимон оҳактош ("Перевал" кони), гипс (Залари кони) қазиб олиш. Машинасозлик Иркуцк–Черемхово саноат раёнида бўлиб, кон, нефт-кимё ва металлургия саноатлари учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқаради. Ёғоч тайёрлаш корхоналари Ангара, Илим ва Ленанинг ўрта оқимларида жойлашган. Байкал ва Брацк селлюлоза заводларида корд селлюлоза ишлаб чиқарилади. "Байкал" фанера-гугурт комбинати (Усоле-Сибирскоеда), семент, керамика, гипс заводлари (Ангарскда), шиша (Тулунда), йиғма темир-бетон, ғишт-бетон, ғишт заводлари, Иркуцкдачой қадоклаш фабрикаси, Усоледа туз заводи, Иркуцкда ёғ-мой комбинати мавжуд.

Ғалла (буғдой, гречиха, арпа, сули ва бошқалар) ем-хашак экинлари, картошка ва сабзавот етиштирилади. Чорвачилик сут-гўшт етиштиришга ихтисослашган. Шимолида буғучилик, мўйначилик, даррандачилик билан шуғулланилади. Байкал, Ангара ва Ленада балиқ овланади. Асосан, Ангара, Лена, Витим дарёлари ва Байкал кўлида кема қатнайди. И. в.да Байкал Амур темир йўл магистралининг бошланғич пункти (Уст-Кут) жойлашган. 8 олий ўқув юрти, 6 театр, 5 музей бор.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил