Шайх Фахриддин Иброҳим Ироқий (610–688 ҳ.қ./1213, Ҳамадон – 1289 м., Дамашқ) – форс шоири.

Ҳаёти

Ёшлигида Қуръони мажидни ёд олган ва ғоят гўзал қироат билан ўқишни ўрганган. 17 ёшида тасаввуфга майл кўрсатган. Дарвешларга қўшилиб, Ҳиндистонда Закариё Мултонийга шогирд тушади ва унинг қизига уйланади. Макка ва Мадинага сафар қилиб, Бағдодда Шаҳобиддин Суҳравардий суҳбатидан баҳраманд бўлган. Кўнё ҳокими Муъиниддин Парвона унга Тавқон шаҳрида хонақоҳ қуриб берган. Шом ва Мисрга ҳам сафар қилган.

Ижоди

Қасида ва ғазалларни ўз ичига олган девони 4800 байтдан иборат. Саноийнинг “Ҳадиқа”сига пайрав қилинган “Ушшоқнома” номли манзумаси бор. Асарлари ишқий ва ирфоний мазмунда. “Ламаъот” номли насрий рисоласи ғоят машҳур бўлиб, унга Жомий шарҳ ёзган. Ироқийнинг қабри Дамашқнинг Солиҳия деган ерида, Шайх Муҳйиддин ал-Арабийнинг оёғи томонидадир.

Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Ироқийнинг “Ламаъот” асари Абулқосим Бобурнинг севимли китобларидан бири бўлганлигини қайд қилган. “Хамсат ул-мутаҳаййирин”да эса Навоий Ироқийнинг “Ламаъот”и бўйича Жомийдан таълим олгани, Навоийнинг илтимоси билан Жомий Ироқийнинг ушбу асарига шарҳ ёзгани ҳақида маълумот берилган[1][2][3].

Манбалар

  1. ↑ Алишер Навоий: Қомусий луғат. 
  2. ↑ Мажолис ун-нафоис. 
  3. ↑ Хамсат ул-мутаҳаййирин.