Иртиш (Иртйш) (қозоқча: Ертіс, хитойча: 额尔齐斯河 — É'ěрқíсī ҳé, сибиртатарча: Иртеш[1]) — Қозоғистон ва РФ даги дарё, Об дарёсининг чап ирмоғи. Узунлиги 4248 км, ҳавзасининг майдони 1643 минг км². Монголия Олтойи тоғларидан (Хитойда) бошланиб, Зайсан кўлига куйилгунча Кора Иртиш деб аталади. Иртиш юқори оқимида ҳам текисликдан, ҳам тоғлар орасидан оқади. Ўскемен ГЕС ва Бухтарма ГЕС курилиши муносабати билан дарё Ўскемен шаҳри гача йирик сув омборига айланиб қолган; Бухтарма сув омбори таркибига Зайсан кўли ҳам киради. Ўскемендан қуйида Иртиш водийси кенгаяди. Шу қисмида Иртиш га ва унинг сув омборларига ўнгдан Калжир, Курчум, Нарим, Бухтарма, Улба, Уба дарёлари, чапдан Қизилсув, Чардарёлари қуйилади. Семейдан қуйида Иртиш даштдан оқади. Бу ерда ўнгда Ом, чапда Ишим, Тобол каби ирмоқлари бор. Иртиш қор, муз ва ёмғир сувлардан тўйинади. Ўртача сув сарфи Тоболскда 2150м³/сек. Юқори оқимида ноябр охирида, қуйилиш ерида ноябр бошида муз. билан қопланиб, апрелда муздан бўшайди. Иртиш дан Қарағанда шаҳри гача уз. 451 км канал қурилган. Иртиш да балиқ тури кўп. Қуйилиш жойидан 3784 км масофада кема қатнайди. Иртиш бўйида Ўскемен, Семей, Павлодар, Омск, Тоболск, Хантимансийск шаҳарлари жойлашган. Маҳмуд Кошғарийнинг „Девону луғотит турк“ асарида Иртиш номи (водий номи сифатида) „Эр-тиш“ шаклида берилган.[2]

Иртиш
Тавсиф
Узунлиги 4 248
Майдони 1 643 000 км²
Сув оқими
Қуйилиши Об
Жойлашуви
Давлат Хитой, Қозоғистон, Россия

Манбалар

  1. ↑ Сулеймановскиэ чтения: материал межрегионалной научно-практической конференсии. 2006 г. — с. 132.
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил