Исаак Осипович Дунаевский [1900.18(30). 1, Лохвица, ҳозирги Полтава вилояти — 1955.25.7, Москва] — композитор, дирижёр, Россия халқ артисти (1950). Замонавий рус оперетта ҳамда мусиқали кинокомедия асосчиларидан, қўшиқ жанрининг йирик устаси. 12 та оперетта, 3 балет, кантаталар, драматик спектаклларга мусиқалар ёзган. Айниқса, "Қувноқ йигит-қизлар", "Дарвозабон", "Сирк", "Капитан Грант болалари", "Бой келин", "Волга-Волга", "Кубан казаклари" каби филмлар учун яратган, симфонизм билан йўғрилган мусиқалари ва қўшиқлари оммавийлашган. Ижодий услуби куйчанлик ва ҳатто гармониялари оҳангдорлиги, хилма-хиллиги, жаз ритмларидан унумли фойдаланилганлиги билан ажралиб туради. Оммабоп қўшиқ жанрининг янги турларини кашф этган: қўшиқ — марш ("Спорт марши", "Энтузиастлар марши", "Қувноқ ша-мол ҳақида қўшиқ" ва бошқалар), қўшиқ — валс ("Мактаб валси", "Валс кечаси") ва бошқалар Д. га бағишланган "Дунаевский оҳанглари" номли филм ишланган (1963). Ўғли Максим Д. (1945, Москва) — отаси анъаналари давомчиси, "Емелянинг бахти" (1975), "Капитан Грант болалари" (1987) каби мюзикллар, 30 дан ортик, филмлар ("Хайр, Мери Поппинз", "Уч мушкетёр" ва бошқалар)га эсда қоларли мусиқалар яратган.

Исаак Дунаевский

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил