Ish haqi
Иш ҳақи — меҳнатга пул шаклида тўланадиган ҳақ; қийматнинг ўзгарган шакли, иш кучи (тақдим этилган меҳнат хизмати)нинг баҳоси.[1] Иш кучи қиймати ва нархи бевосита иш ҳақида ифодаланади. Иш ҳақи даражаси меҳнат бозорида келишилади. Ходим меҳнат бозорида меҳнатни эмас, ўз иш кучини сотади. Иш ҳақи меҳнатнинг пул шаклидаги баҳоси бўлиб, уни ишга ёлловчилар (корхона, муассаса, тадбиркор) меҳнат қилувчиларга маълум вақт мобайнида маълум миқдордаги ва муайян сифатли ишни бажарганликлари учун тўлайдилар. Ёлланма ходим учун иш ҳақи асосий даромади манбаи ҳисобланади.
Иш ҳақи — ёлланма ходим даромадининг асосий манбаи, унга тегишли иш қобилиятига бўлган мулкчилик ҳуқуқини иқтисодий жиҳатдан рўёбга чиқариш шакли. Шу билан бирга иш берувчи учун ёлланма ходимлар меҳнатига тўланадиган ҳақ ишлаб чиқариш ҳаражатларининг унсурларидан бири. Иш берувчи меҳнат ресурсларидан ишлаб чиқариш омилларидан бири сифатида фойдаланиш учун уни харид қилади.
Тарихи
Иш ҳақи миқдорининг энг қадимий вақт бирлиги кундир. Соат ихтиро қилиниши билан ишни бўлимларга бўлиш кенг тарқалди. Иш миқдорини ўлчашда иш соати энг кўп қўлланила бошланди.[2][3] Қадимги Миср Ўрта Қироллиги, Қадимги Юнонистон[4] ва Қадимги Рим иш ҳақи тўланган энг қадимий давлатларга киради.
Вақтбай ва ишбай иш ҳақи
Бозор иқтисодиёти шароитларида меҳнатнинг миқдори ва сифатига қараб меҳнатга ҳақ тўлашнинг, асосан, вақтбай ва ишбай тизимлари қўлланади. Вақтбай иш ҳақи шаклида ходим оладиган иш ҳақи миқдори ишлаган вақт билан боғлиқ бўлади, яъни иш ҳақи миқдори меҳнат унумдорлиги ва интенсивлик даражасига боғлиқ эмас. Ишбай иш ҳақи ходимнинг маълум вақт мобайнида тайёрланган маҳсулоти миқдори билан ўлчанади. Ишбай иш ҳақининг кўринишларидан бири — аккорд иш ҳақи. Бунда жамоа ёки айрим ходимга иш ҳажми олдиндан белгилаб берилади, умумий ҳақ суммаси келишиб олинади. Иш бутунлай якунланганидан кейин иш ҳақи охиригача тўланади. Иш ҳақининг бундай шаклидан кўпинча қурилишда фойдаланилади. Булардан ташқари аксар мамлакатларда иш ҳақидан ташқари меҳнатда эришган ютуқлари учун мукофотлаш ҳам мавжуд. Булар вақтбай мукофот, ишбай мукофот тизимлари ҳамда корхонада олинган фойда ҳисобидан ажратиладиган моддий рағбатлантириш фондидан мукофотлаш тизимидир.
Номинал ва реал иш ҳақи
Иш ҳақи миқдори ёлланма ходимларнинг турмуш даражасини ифодаловчи кўрсаткичдир. Номинал ва реал иш ҳақи кўрсаткичлари мавжуд. Номинал иш ҳақи ёлланма ходимнинг ўз меҳнати эвазига олган пул даромадалари. Реал иш ҳақи ходимнинг олган иш ҳақига қанча ва қандай истеъмол буюмлари сотиб олиши ва маданий-маиший хизматлардан фойдаланиш мумкинлигини кўрсатади. Бошқача айтганда реал иш ҳақи — бу номинал иш ҳақининг „харид этиш“ қобилияти. Реал иш ҳақи бошқа шароитлар бир хил бўлганда, номинал иш ҳақига тўғри мутаносибдир ва истеъмол буюмлари ва хизматлар нархининг даражасига тескари мутаносибдир.
Иш ҳақи ставкаси
Одатда, меҳнат бозорида иш кучига мувозанатли нарх шаклланади. Бу нарх иш ҳақи ёки иш ҳақи ставкаси деб аталади. Меҳнат бирлигининг бозор нархи иш ҳақи миқдори (ставкаси) бўлиб, лавозим оклади тарзида ёки шартномага мувофиқ белгилаб қўйилади, лекин мамлакатда қонун билан белгиланган энг кам иш ҳақи даражасидан оз бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, иш ҳақи миқдори муайян вақт бирлиги (соат, кун, ҳафта, ой) ичида бажариладиган ва муайян касб-малака хусусиятларига эга бўлган меҳнатга тўланадиган ҳақ даражасини белгилайди.
Иш ҳақининг вазифаси
Иш ҳақининг асосий вазифаси ишлаб чиқаришнинг бевосита қатнашчиси бўлган ходим ҳамда унинг оила аъзоларининг ҳаёт ва меҳнат фаолияти шароитларини таъминлашидан иборат. Қийматнинг меҳнат назарияси иш кучини алоҳида, ўзига хос товар деб ҳисоблайди. Шу сабабли, бу назария иш ҳақини товар бўлган иш кучи қийматининг ўзгарган шакли, яъни унинг пулдаги ифодаси деб ҳисоблайди ва уни иш кучини такрор ишлаб чиқариши учун зарур бўлган тирикчилик воситалари қиймати тарзида таърифлайди. Иш ҳақига иш кучи қийматининг пулдаги ифодаси сифатида қараш аниқ меҳнат бозорида иш ҳақи даражасига талаб ва таклиф омилларининг таъсирини ҳисобга олмайди. Иқтисодий ривожланган мамлакатлар меҳнат бозорида реал иш ҳақининг ўртача даражаси яшаш учун зарур тирикчилик воситалари минимумига қараганда анча юқори даражада туради.
Иш ҳақига таъсир кўрсатувчи омиллар
Бозор иқтисодиёти шароитида иш ҳақи хажмига бир қатор бозор омиллари (товарлар ва хизматлар бозорида талаб ва таклиф ўзгаришлари, меҳнатга бўлган талаб нархининг ўзгарувчанлиги, истеъмол товарлари ва хизматлар нархи ўзгариши ва бошқалар) ва бозордан ташқари омиллар таъсир кўрсатади, бунинг натижасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг муайян даражаси вужудга келади.
Иш ҳақини тартибга солиш
Ривожланган мамлакатларда иш ҳақини ташкил этиш (иш ҳақи миқдори, меҳнат миқдори ва сифати билан унга тўланадиган ҳақ миқдори ўртасидаги боғлиқликни таъминлаш, меҳнатни меъёрлаш, тариф тизими ва бошқалар) ва тартибга солишда давлат муҳим рол ўйнайди. Уларда тарихан иш ҳақини ташкил этиш ва тартибга солишнинг марказлашган давлат тизими ва марказлашмаган тизими қарор топган. Иш ҳақини тартибга солишнинг марказлашмаган тизими хусусий мулк эгалари ёки жамоа мулкдорлар ҳамда касаба уюшмалари, аксиядорлик жамиятлари, кооперативлар ва бошқалар томонидан амалга оширилади.
Иш ҳақини тартибга солишнинг давлат тизими мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналар ва ташкилотлар учун умумий ва мажбурийдир.
Иш ҳақини давлат томонидан тартибга солиш ва ташкил этишнинг муҳим унсури тариф тизими ҳисобланади. Бозор иқтисодиёти шароитларида мамлакат бўйича ҳукумат белгилаган, асосан ишчи ва хизматчилар иш ҳақини ташкил қилишда фойдаланиши учун тавсия этиладиган ягона тариф тизими (сеткаси) амал қилади, корхона (ташкилотлар)лар ягона тариф сеткаси асосида ўз тариф сеткасини ишлаб чиқиш ва разрядлар сонини белгилаш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистонда дастлаб 1993-йил 1-январдан 28 иш ҳақи разрядларига бўлинган ва 0—28 разрядлар ўртасида тариф коэффициентлари фарқи 14,28 бўлган ягона тариф ставкалари жорий қилинди. 1996-йил 1-сентабрда эса иш ҳақи разрядлари 22 та ва 0—22 иш ҳақи разрядлари ўртасида тариф коэффициентлари фарқи 5,998 бўлган янги ягона тариф сеткаси қабул қилинди. Ягона тариф ставкаси ходимларнинг барча касб-малака гуруҳлари бўйича тариф ставкалари ва маошлари нисбатини белгилашда меҳнат тафовутларига баҳо беришга ягона ёндошувни таъминлайди.
Иш ҳақини тартибга солишнинг давлат тизими 3 асосий йўналишда амалга оширилади: 1) давлат томонидан иш ҳақи минимуми (энг кам иш ҳақи миқдори) белгиланади. Инфляция жараёнида энг кам иш ҳақини индексациялаш ҳукуматнинг махсус қарорларига мувофиқ амалга оширилади; 2) корхоналарда ишловчи ходимларнинг барча тоифалари учун ўртача иш ҳақининг ортиб бориши маълум даражада чекланади. Давлат бу усулдан танглик ҳолатларида инфляция суръатларини пасайтиришда фойдаланади; 3) иш ҳақининг ўртача ортиб боришига қараб ортиб борувчи солиқ ставкалари белгиланади. Бу энг юқори иш ҳақи даражасининг ўсишига таъсир кўрсатиш ва уни иқтисодий усуллар билан чеклаш имконини беради.
Ёлланма ходимлар иш ҳақини давлат йўли билан тартибга солиш аҳолининг энг кам таъминланган қатламлари — ёшлар, малакасиз ходимлар, меҳнат қобилияти чекланганлар ва бошқаларни ижтимоий ҳимоя қилишда, инфляция, реал иш ҳақининг пасайишини чеклашда муҳим аҳамиятга эга.
Манбалар
- ↑ Мусаева, Замира; Юсупов, Қодиржон (2000-2005). "Иш ҳақи". Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Тошкент: Ўзбекистон миллий энсиклопедияси.
- ↑ Тҳомпсон, Э. П. (1967). „Тиме, Wорк-Дисcиплине, анд Индустриал Cапиталисм“. Паст анд Пресент. № 38. 56–97-бет. ЖСТОР 649749.
- ↑ Доҳрн-ван Россум, Герҳард,,. Ҳисторй оф тҳе ҳоур: Cлоcкс анд модерн темпорал ордерс, Тҳомас Дунлап (транс.), Чиcаго: Университй оф Чиcаго Пресс, 1996. ИСБН 9780226155104.
- ↑ Эззамел, Маҳмоуд (2004-07). „Wорк Организатион ин тҳе Миддле Кингдом, Анcиэнт Эгйпт“. Организатион. 11-жилд, № 4. 497–537-бет. ИССН 1350-5084. Қаралди: 2014-02-13.
{{cите магазине}}: сана киритилиши керак бўлган параметрга берилган қийматни текшириш лозим:|дате=(ёрдам)
Ҳаволалар
- АҚСҲ меҳнат статистикаси бюроси (ингл.)
- Номинал ва реал иш ҳақи тушунчалари (Wайбаcк Мачине сайтида 2014-02-20 санасида архивланган) (рус.)
- Ўзбекча Википедиядан „Иш ҳақи“ни ҳар доим ўз вақтида олиш мумкин, Озодлик радиоси, 17-апрел, 2014
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |